Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:32

Ўзбекистонда футбол бўйича жаҳон чемпионати ўтказилмайди


Аёллар ўртасидаги футбол бўйича жаҳон чемпионати Ўзбекистоннинг 6 та шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган эди.
Аёллар ўртасидаги футбол бўйича жаҳон чемпионати Ўзбекистоннинг 6 та шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган эди.

Ўзбекистон 20 ёшгача бўлган аёллар ўртасида футбол бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиш ҳуқуқидан мосуво бўлди.


Халқаро футбол федерацияси – ФИФА расмий сайтида эълон қилишича, 2012 йилда Ўзбекистонда ўтказилиши режалаштирилган 20 ёшгача бўлган аёллар ўртасидаги футбол бўйича жаҳон чемпионати Японияга кўчирилди.

Сайт маълумотига кўра, 16-17 декабр кунлари Токиода бўлиб ўтган ФИФА вакиллари иштирокидаги йиғилишда чемпионатга мезбонликни Ўзбекистондан олиб Японияга беришга қарор қилинган.

ФИФА расмий сайтида хабар қилинишича, бундай қарорга Ўзбекистоннинг "қатор ташкилий ва техник сабабларга кўра", чемпионатни ўтказишга тайёр эмаслиги сабаб бўлган.

Ўзбекистон Футбол федерацияси (ЎФФ)нинг ушбу чемпионатни ўтказишга маъсул бўлган ходими Озодлик билан суҳбатда мазкур хабарни тасдиқлай туриб, бундай қарордан ҳайратда эканлигини айтди.

Ўзини таништирмаган ЎФФ ходимига кўра, чемпионатга мезбонлик Ўзбекистондан олингани ҳақидаги хабар ҳозирча фақат ФИФА сайтида бўлиб, Ўзбекистон томонига бу қарорга келиш сабаблари тўғрисида расман билдирилмаган.

- Тўғри, ҳамма ëқда шунақа маълумот тарқалган. ФИФАнинг ўзининг сайтида ҳам чиққан бу хабар, лекин бизларга ҳали ҳеч қанақа расмий документ келгани йўқ. Эртага раҳбарлар мажлис ўтказади. Ўшанда аниқ бўлади. Соат тўртларда аниқ жавобини билишингиз мумкин, дейди ЎФФ вакили.

Унинг айтишича, Ўзбекистондан халқаро мусобақани ўтказиш ҳуқуқининг тортиб олиниши сабаб сифатида ФИФА келтираётган "техник сабаблар" нимадан иборат эканидан ЎФФ хабардор эмас.

- Сабабини кўрсатишмади. Улар “техник сабаб” деб кўрсатган. Лекин аниқ нималигини айтишмаган. Ўзимиз ҳам билмай турибмиз. Масалалар жуда кўп. Қайсиси тўғри келмаган билмаймиз. Эртага шу масала аниқ равшан бўлади. Эртага ФИФАдан хат келиши керак. Раҳбарият мажлис ўтказиши керак шу масала бўйича. Эртага бу ҳал бўлади,- деди ўзини таништирмаган ЎФФ ходими.

Ўзбекистон Футбол федерациядан олинган маълумотга кўра, футбол бўйича 20 ёшгача бўлган аёллар ўртасидаги 2012 йилги чемпионат мамлакатнинг олтита шаҳари - Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Қарши, Муборак ва Ғузорда ўтказилиши режалаштирилган ва тайёргарлик ишлари жадал олиб борилаётган эди.

Ўзбекистон Футбол федерацияси расмий сайтида айтилишича, 12 декабр куни Ўзбекистон Футбол Федерациясининг 10 кишидан иборат делегацияси аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионатига кўрилаётган тайёргарликлар юзасидан ФИФА вакилларига ҳисобот бериш учун Швейцарияга борган.

ЎФФ мутахассислари ФИФА қароргоҳидаги учрашувда қатор йўналишлар – стадионлар, машғулот майдонлари, меҳмонхоналар, ОАВ билан ишлар, маркетинг, промо режаси, информацион технологиялар каби йўналишлар бўйича олиб борилаётган ишлар бўйича ФИФА комиссиясига маълумот берган.

Ўзбекистон Маданият ва спорт вазирлигидаги ўзини ошкор қилмаган манбага кўра, ЎФФ мутахассисларининг мусобақани ташкил қилиш ва ўтказиш ҳакидаги ушбу тақдимоти ФИФА комиссияси томонидан салбий баҳоланган. "Айнан ана шу ҳисобот муваффақиятсизликка учрагани оқибатида Ўзбекистон чемпионатга мезбонлик қилишдан маҳрум бўлди", деди манба.

Айни пайтда ФИФА ўз расмий сайти орқали Ўзбекистон Футбол федерациясига чемпионатни ўтказишга тайёргарлик йўлида кўрсатган саъй-ҳаракатлари учун миннатдорчилик билдириб, келгусида Ўзбекистонда бирорта бошқа мусобақа, балки эркаклар ўртасидаги футбол мусобақасини ўтказиш ҳуқуқини ваъда қилмоқда.

2012 йилги 20 ёшгача бўлган аёллар ўртасидаги футбол чемпионатига мезбонлик қилиш дастлаб Вьетнамга берилган эди.

Жорий йилнинг 3 март куни ФИФА Вьетнамнинг чемпионатни ўтказишга тайёр эмаслиги важидан мезбонликни Ўзбекистонга топширди.

Ўша пайтда чемпионатга мезбонлик қилиш учун Янги Зеландия ҳам даъвогарлик қилган, бироқ ФИФА Ўзбекистонни танлаган эди.

Эндиликда Япония чемпионатни ўтказиш учун зарур кафолатларни тақдим қилганидан сўнг ФИФАнинг расмий баёноти эълон қилинади.
XS
SM
MD
LG