Линклар

Шошилинч хабар
28 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:53

Таиландда ўзбекистонликларни фаҳшга зўрлаган қўшмачи ушланди


Таиланд полицияси ўзбекистонлик аёлларни фоҳишалик қилишга мажбурлаган эронлик шахсни ҳибсга олди.


Бу ҳақда Марказий Осиё янгиликлар хизмати Таиланд медиасига таянган ҳолда хабар қилади.

Маълумотларга кўра, 19 декабрга ўтар кечаси полиция эронлик 33 ёшли Жасем Муҳаммад Абдулла Алмазроийни қўлга олган. У Таиланднинг туристик шаҳри бўлган Паттайяга фоҳиша етказиб берганликда айбланмоқда.

Эронлик шахс 20 ёшлар атрофидаги ўзбекистонлик уч аёлдан ариза тушганидан сўнг ҳибс этилгани айтилмоқда. Аризачилар Жасем Муҳаммад Абдулла Алмазроий уларни алдов йўли билан Паттайяга олиб келгани, кейин эса фоҳишалик қилишга мажбурлаганини маълум қилганлар.

Аёллардан бири эронлик қўшмачи талабларини бажаришдан бош тортгани учун жисмоний зўравонликка дучор бўлганини ҳам билдирган.

Ўзбекистонлик аёллар Паттайяга уқаловчи (массажчи) бўлиб ишлаш учун келганларини, бу ерга келишга йўлкира харажатлари учун эронликдан 10 000 Таиланд бати (тақрибан 320 АҚШ доллари – таҳр.) миқдорида пул олганларини эътироф этганлар.

Аризачиларга кўра, Паттайяга келишлари билан уларни фоҳишалик қилишга мажбур қилганлар, бу ишдан бўйин товлаган пайтларида уларни калтаклаш ва баданига сигарет босиш билан жазолаганлар. Улар келишлари билан паспортлари қўшмачи томонидан тортиб олинганини қўшимча қилганлар.

Эронлик Жасем Муҳаммад Абдулла Алмазроий полиция рейди чоғида Жанубий Паттайядаги меҳмонхоналардан бирида қўлга олингани айтилмоқда. Маълумотларга кўра, мазкур рейд чоғида бу жиноий гуруҳ ишларида иштирок этган яна 7 нафар шахс ҳибсга олинган.

Таиланднинг жанубий-шарқида жойлашган Паттайя курорт шаҳрида, расмий маълумотларга кўра, 100 минг аҳоли, норасмий маълумотларга кўра эса, сайёҳлар билан бирга қўшиб ҳисоблаганда 500 минг чоғли киши истиқомат қилади. Пойтахт Бангкокдан тахминан 165 километр узоқликда, Сиам кўрфазининг шарқий қирғоқларида жойлашган бу шаҳарга ҳар йили ўртача 5 миллион турист келиб кетади.
XS
SM
MD
LG