Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:33

ЕИ Асқаров тақдиридан хавотирда


Азимжон Асқаров.
Азимжон Асқаров.

ЕИ қирғизистонлик ўзбек фаоли Азимжон Асқаров устидан адолатли ҳукм чиқарилишини сўрамоқда.

Қирғизистондаги Европа Иттифоқи ваколатхонаси Қирғизистон Олий судининг ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилишга оид дастлабки суд қарорини ўз кучида қолдирганидан хавотир билдирди.

Ушбу жараённи мунтазам кузатиб келаётган ЕИ Азимжон Асқаров ва у билан судланган етти ўзбек маҳбусига нисбатан адолатли ҳукм чиқаришни сўрамоқда. Айни масала¸ ЕИ расмийларининг таъклашича¸ ЕИ билан Қирғизистон ҳукумати ўртасидаги инсон ҳуқуқлари бўйича мулоқат пайти ҳам кўтарилган.

Олий суд қарори муносабати билан ЕИ ваколатхонаси чиқарган баёнотда айтилишича, Асқаровга нисбатан ўтказилган учта маҳкамада ҳам фундаментал ҳуқуқ тамойиллари жиддий равишда бузилган.

Расмий баëнотда¸ Олий судда айбланувчилар ҳимоясига тақдим қилинган далил ва гувоҳликлар кўриб чиқилмагани ва ҳукуматнинг қийноқлар борасидаги айбловларга муносабат билдирмагани танқид қилинади.

ЕИ ваколатхонаси Қирғизистон ҳукуматини Асқаров ва у билан судланганлар ишини қайта кўриб чиқиш учун барча имкониятни ишга солишга чақиради.

Жалолободлик ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров ва у билан судга тортилган ўзбек миллатига мансуб яна етти киши 2010 йилнинг июн ойида рўй берган Ўш қирғини чоғида Бозорқўрғон туманидан ўтувчи Ўш-Бишкек йўлини тўсиб қўйиш, милиция ходимларини ўлдириш ва тартибсизликларни уюштириш каби ҳатти-ҳаракатларда айбланиб, ҳибсга олинган эди.

Ўтган йилнинг 15 сентябр куни Бозорқўрғон туман суди Азимжон Асқаров ва яна икки кишини умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди, қолган тўрт кишини 20 йилга ва яна бир судланувчини 9 йилга озодликдан маҳрум этди.

Асқаровнинг ҳамкасблари мазкур ҳукмни ўзбек фаолининг инсон ҳақлари ҳимояси¸ хусусан милиция бедодлигини фош қилиш уринишлари учун жазолаш сифатида талқин этмоқдалар.

Жорий йилнинг 20 декабр куни Қирғизистон Олий суди дастлабки суд ҳукмини ўз кучида қолдирди.

XS
SM
MD
LG