Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:48

Байрам Тошкент бозори нархларига таъсир қилмади


Бозор маъмурияти ва тошкентлик харидорлар шу йил очилган "Элга хизмат" ярмаркалари нархни нисбатан ушлаб турганини айтмоқда.


Озодлик суҳбатлашган пойтахтликларга кўра¸ одатда янги йил арафасида кўтарилиб кетадиган гўшт, гуруч, мош, тухум, сарёғ, шакар, ун, сабзавот ва мевалар нархининг бу йил нисбатан барқарор қолаëтгани кузатилмоқда.

Буни кўз-кўз қилаëтган Ўзбекистон расмий матбуоти нархлар барқарорлигини сабабини президент фармони билан пойтахтдаги 12 та деҳқон бозорида ташкил қилинган "Элга хизмат" ярмаркаларига боғламоқда.

Жумладан, ЎзА агентлиги 27 декабр куни тарқатган хабарга кўра, "Тошбозортайёрловсавдо" уюшмаси қошида ташкил этилган "Элга хизмат" шўъба корхонаси ёрдамида шаҳарнинг 60 нуқтасида ярмаркалар очилган ва уларнинг ҳаммасида пластик карточкалар ёрдамида савдо қилинмоқда.

Расмий агентликка кўра¸ пойтахт бозорларида очилган бу ярмаркаларда узлуксиз савдони юргизиб туриш учун республиканинг турли вилоятларидан гўшт, гуруч каби маҳсулотлар келтирилмоқда.

Тошкент шаҳар Сергели туманидаги деҳқон бозорининг ўзини таништирмаган ходимига кўра, "Элга хизмат" ярмаркаларидаги маҳсулотларнинг олиб келиниш тартиби ўзгармаган.

- Тунда оптовий бозордан деҳқонларнинг ўзидан маҳсулотлар арзон нархларда сотиб олинади. Уставга кўра, деҳқонлардаги нарх устига 10 фоиз қўйилади-да¸ ўзимизнинг ярмаркада сотилади. Шунинг учун олтита штат очилган, штатдаги сотувчилар арзон нархларда сотади, дейди бозор маъмурияти вакили.

Авиасозлар даҳасидаги деҳқон бозоридан олинган маълумотга кўра, савдо ярмаркалари кунига эрталаб соат 8 дан кечки соат 7 га қадар ишлаб турибди.

- Нархлари арзон. Шу ҳамма сабзавотлар сотилаяпти. Кейин гўшт. 12 минг сўмдан нарх белгиланган, шу нархда сотилаяпти, дейди ушбу бозор маъмурияти вакили.

Деҳқон бозорлари маъмуриятларидан олинган маълумотга кўра, "Элга хизмат" ярмаркаларининг аҳоли учун энг қулай томони пластик карточкаларида савдо қилинишидир.

- Шунинг учун бизда маҳсулотлар сал эрта тугаб қоляпти. Ҳозир энди расталарни кенгайтириш устида ишляпмиз, дейди Сергели туман деҳқон бозори мутасаддиси.

Ушбу ярмаркаларни ташкил қилган "Тошбозортайёрловсавдо" уюшмаси раҳбариятидан олинган маълумотга кўра, бу ярмаркалар фаолияти чекланмаган муддатда давом эттирилади.

Айни пайтда уюшма раҳбарияти арзонроқ нархда пластик карточкаларда савдо қилиш имкони бўлган ярмакаркаларни кенгайтириш режасига оид саволларга жавоб бермади.

Шу кунларда Янги йил байрами учун Чорсу деҳқон бозоридан савдо қилган ва айнан "Элга хизмат" ярмаркаси хизматидан фойдаланган тошкентлик Шавкат Бадалов одатий ва янги савдо расталаридаги фарқли жиҳатларни тилга олади.

- Бозорда тухумдай пиëз 1000 сўм бўлса, бу ерда тухумдай ва ундан сал каттароғи 950 сўм. Сортировка қилинмаганда ярмаркада. Кеча мен қўл бозорнинг фасовка қилинган гўштини ҳам сўрадим. Мол гўштининг килосини 16 минг, деяпти. "Элга хизмат"да 11 минг сўм.

Албатта¸ сифатини таққослаб бўлмайди. Ўзига тўқ оилалар бўлса, қўл бозордан сара-сара ажратилганларини олиб кетишаяпти. Қўли юпқароғи пластикка ярмаркадан савдо қиляпти, дейди тошкентлик харидор.

Тошкентлик яна бир суҳбатдошимизнинг сўзларига кўра, деҳқон бозорларидаги одатий расталарда янги йил олди нархлар барибир кўтарилган ва бу кўпроқ давлат назорати остида ташкил қилинган "Элга хизмат" ярмаркаларида сотилмаётган маҳсулотларга дахлдордир.

Булар, одатда, Янги йил дастурхони безаги бўладиган ва хориждан келтириладиган тропик мевалар, шунингдек, қиш мавсумига келиб Ўзбекистонда камёблашиб қоладиган маҳаллий мева маҳсулотларидир.

Тошкентлик суҳбатдошларга кўра, президент фармони билан ташкил қилинган савдо ярмаркалари пойтахтнинг пулдор ва камбағал қатлами ўртасидаги фарқни яққол кўрсатувчи бир мезонга ҳам айланиб улгурган.

- Албатта, бор табақаланиш, бор. Ҳамма маҳсулотда ҳам бор табақаланиш. Майли шундоқ бўлса ҳам, бундоқроқ бўлса ҳам ўртаҳол, ночор оилаларнинг чўнтаги кўтарадиган даражадаги нархда сотиладиган маҳсулот бўлса, шунисига ҳам шукур, дейди шу кунларда Тошкентдаги Чорсу деҳқон бозрида ишлаб турган "Элга хизмат" ярмаркасидан савдо қилган тошкентлик харидор.

ЎзА чоп этган расмий маълумотларга кўра, шу йил март ойида бошланган "Элга хизмат"савдо ярмаркаларида ноябр ойи охирига қадар жами 15 миллиард сўмлик озиқ-овқат маҳсулоти сотилган ва келгусида арзон нархдаги маҳсулот савдосини кенгайтириш режаланмоқда.
XS
SM
MD
LG