Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:37

Ўзбекистонда сариқ таксилар даври бошланди


Энди киракашлик қиламан деганлар машина пешайвонидаги қошинигина сариққа бўяш билан қутула олмайди.
Энди киракашлик қиламан деганлар машина пешайвонидаги қошинигина сариққа бўяш билан қутула олмайди.

Ўзбекистон ҳукуматининг “Линиядаги таксилар фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида” 18 майда қабул қилган қарори 1 январдан кучга кирди.


Бундан олдин Ўзбекистоннинг 20 йиллик тарихида таксилар ранги маромга солинмаган эди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Линиядаги таксилар фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида” 18 майда қарор қабул қилган эди.

1 январдан кучга кирган қарор Ўзбекистоннинг барча вилоятларидаги таксилар сариқ рангда, Тошкентда эса қаймоқ рангда бўлишини тақозо қилади.

Сариқ ва қаймоқ рангли машинадан ташқари ҳайдовчиси фаолият учун лицензияга эга бўлиши ва йўлга чиқиш олдидан врач кўригидан ўтган бўлиши керак.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг “Линиядаги таксилар фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори талабини бажармаган таксичилар энг кам иш ҳақининг 20 дан 100 баробари (480-2400 АҚШ доллари) миқдорида жаримага тортилади.

Вазирлар Маҳкамасининг қарорида Ўзбекистон шаҳар-қишлоқларида аҳолига транспорт хизмати кўрсатадиган енгил машиналарнинг умумий рангидан тортиб, пешонасидаги чироқ рангигача белгилаб берилган.

Ўзбекистон автомобил ва дарё транспорти агентлиги вакилининг озодликка билдиришича, бу қарорнинг ижро этилиши сурункали рейдлар воситасида таъминланади.

Мулозимга кўра махсус рухсатсиз киракашлик қилганлар, нафақат жаримага тортилиши, балки машиналари ҳам олиб қўйилиши мумкин.

Айни пайтда Тошкент кўчаларидаги лицензиясиз киракашлар биринчи ва иккинчи январ кунлари бирор бир назоратчи тарафидан тўхтатилмаганини айтишмоқда.

45 яшар тошкентлик Абдурашид 1998 йилдан бери киракашлик қилишини айтади:

- Ўзим илмий ходим бўлиб ишлайман. Фан номзодиман. Ўз соҳамда етук мутахассисман. Лекин академия берган ойлик етмайди. Аввалига Тико машинасида, кейин эса, Нексияда киракашлик қилдим. Эрталаб ишга боргунча ва кечқурун ишдан кейин кира қиламан.

Абдурашид ака янги йилнинг илк кунларида ҳам бемалол кира қилганини айтади:

- Душанба дам олиш куни бўлгани учун ҳали назоратчилар чиққани йўқдир, лекин агар мен киракашлик қилмасам, академия маошига қараб қолсам моддий аҳволим ëмон бўлади, дейди у.

Абдурашид ўз Нексиясини қаймоқ рангга бўятмоқчи эмас. Унинг академиядаги ишидан кетиб профессионал таксичилик қилиш нияти ҳам йўқ. Киракашлик Абдурашид учун қўшимча даромад манбайи.

Тошкентдаги хусусий такси ширкати вакили Абдувосит ака шаҳарда фақат лицензияли таксичилар юришини истайди:

- Биз шунча ҳаражат қилиб, машиналарни қаймоқ рангларга бўяб, тўловларни тўлаб кўчага чиқсагу, мижозларни бировлар илиб кетса ноинсофлик эмасми. Ҳозир кўчада ҳамма таксичи бўлиб олган. Бошингни қашлайман деб қўлингни кўтарсанг, зув этиб тўртта машина тўхтайди, дейди хусусий таксопарк эгаси.

Абдувосит ака назарида фақат қаттиқ назорат тизими билангина рухсатсиз киракашлардан қутулиш мумкин.

Рухсатсиз киракашлик бўйича “стажга”эга Абдурашид ака эса ўзининг қўшимча ишидан воз кечмоқчи эмас:

- Қонун мени, оиламга бир бурда нон топиб турганим бу қўшимча ишдан маҳрум қилса ҳам, мен барибир йўлини топиб киракашлик қилавераман. Мижозларим солиқчи ва милицияни ëмон кўришади. Агар текширишса, мижозлар билан келишиб, бирини тоғам, бирини опам деб айтиб юравераман, дейди 1 январдан "қонундан ташқари таксичи"га айланган тошкентлик Абдурашид ака.

Ўзбекистон автомобил ва дарё транспорти агентлигига кўра, Тошкент шаҳрида аҳолига такси хизмати кўрсатувчи 100 дан зиёд ширкат бор ва улар ихтиёрида 1200 тадан ортиқ автомашина мавжуд.

Ўзбекистон пойтахтидаги ҳусусий таксичиларнинг аниқ сони номаълум. Ўзбекистон солиқ қўмитаси таҳлил бўлими ҳужжатларига кўра, Тошкентда 35 минг нолегал таксичи-киракаш бор.
XS
SM
MD
LG