Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:12

Чориевлар Вашингтонда пикет ўтказди


Чориевлар оиласи 3 январ куни Вашингтондаги Ўзбекистон элчихонаси олдида намойиш ўтказди.
Чориевлар оиласи 3 январ куни Вашингтондаги Ўзбекистон элчихонаси олдида намойиш ўтказди.

АҚШда сиёсий бошпана топган Баҳодир Чориев, укаси Ихтиёр ва уларнинг ўнга яқин фарзанди сешанба куни Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси олдида пикет ўтказди.


31 яшар Ихтиёр Чориевнинг айтишича, Ўзбекистонга қайтиб борган яқинларига мамлакатдан чиқишларига рухсат берилмаётгани, уларнинг Ўзбекистондаги мол-мулки ҳукумат томонидан талон-тарож қилинаётгани уларни Вашингтонда пикет ўтказишга ундаган.

Ака-ука Чориевлар 3 январ куни Ўзбекистон элчихонаси олдида пикет ўтказиш учун ёш болалари билан ўзлари яшайдиган Миссури штатидан бир неча соат йўл босиб, Вашингтонга келишган.

“Бирдамлик” ҳаракати раҳбари Баҳодир Чориевнинг укаси Бурҳон ва келини Сарвиноз саккиз ой аввал фарзандларини Америкада қолдириб Ўзбекистонга қайтганларича мамлакатдан чиқа олишмаяпти. Уларга нисбатан мамлакатдан ноқнуниний четга чиқиш айби бўйича жиноят иши очилган.

Чориевлар оиласи 2005 йилда Тошкентда АҚШ элчихонаси олдида Ўзбекистонда ўзларига нисбатан “ҳақсизликлар”га қарши намойиш ўтказган ва бунинг ортидан кўпчилиги АҚШдан бошпана олишган эди.

Ҳозир уларнинг аксарияти АҚШнинг Миссури штатида яшайди. Юк машинаси ҳайдаб кун кўришади.

Чориевлар ўзлари асос солган “Бирдамлик” ҳаракати ҳам оилавий даромаддан молияланишини айтишади.



2005 йилда АҚШда сиёсий бошпана олган Чориев 2009 йилда ватанига қайтган эди. Лекин ўзининг айтишича, ҳуқуқ тартибот идоралари унинг устидан тергов ўтказиб, Чориевни Ўзбекистондан чиқариб юборган.

Унинг таъбирича, бунга сабаб унинг сиёсий фаолияти, яъни “Бирдамлик” мухолиф ҳаракатига асос солганию Ўзбекистонда режим ўзгариши учун ҳаракат қилаётганидир.

Чориевларнинг Ўзбекистондаги ота-онаси Қашқадарё вилояти Қамаши туманида чорвачилик қилади.

Ёши 70дан ошган Ҳасан Чориев декабр ойи охирларида мол ва қўйлари тортиб олинганини даъво қилган эди.

Қуйида Ҳасан Чориев билан суҳбатни тинглашингиз мумкин.



Ҳасан Чориев электр учун ҳақ тўланмаган дея, ҳеч қандай тергов ва судловсиз бор мол-мулки мусодара қилинганини айтади.

Лекин, бу юзадан Қамаши туман ички ишлар бўлимидан ҳам, туман ҳокимиятидан ҳам изоҳ олиш уринишларимиз бесамар бўлди.
XS
SM
MD
LG