Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:50

Андижонда ëнғин сабоқлари муҳокама қилинмоқда


Наврўз савдо мажмуасида ëнғин
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:35 0:00
Бевосита линк

"Наврўз" савдо мажмуаси 6 январга ўтар кечаси ёниб кетган эди. Воқеа жойидан олинган бу видеони Озодлик мухлиси юборди.

Андижондаги "Наврўз" савдо марказида рўй берган ëнғин ўзбек савдогарларининг бахтсиз ходисалардан суғурта қилинмагани билан боғлиқ муаммоларни юзага чиқарди.


Андижон вилоят ҳокимиятида “Наврўз” савдо мажмуасида 6 январ куни рўй берган ëнғин оқибатлари муҳокама қилинди.

Ëнғиндан зарар кўрган тадбиркорлар иштирокида ўтган бу мажлисда жабрдийдаларга товон тўлаш масаласи муҳокама қилинмади, дейди мажлис иштирокчиси, “Наврўз” савдо мажмуасидаги дўкончалардан бирининг соҳиби 38 яшар Нўъмонжон Холмирзаев.

Суҳбатдошга кўра, мажлис мобайнида тадбиркорларнинг ëнғин ҳавфсизлигига риоя қилишлари лозимлиги ҳақидагина гап-сўзлар бўлган.

Душанбадан бошлаб Андижон вилоятида Тошкентдан келган махсус комиссия ëнғин сабабларини ўрганмоқда. Бу ҳақда Озодликка маълумот берган Андижон Ички ишлар бошқармаси зобитига кўра, ëнғиннинг асосий сабаби сифатида “Наврўз” савдо мажмуасидаги кабобхонадаги баллон портлаши кўрилмоқда.

Айни пайтда, Андижонликлар орасида “Наврўз” савдо мажмуасида чиққан ёнғин “носоғлом рақобат” махсули эканига оид миш-мишлар урчиган.

Ëниб кетган бозордаги дўкончалардан бирининг ўзини таништирмаган эгасининг айтишича, ëнғин "Наврўз" савдо мажмуаси эгаси Андижондаги йирик тадбиркорлардан бири Ойбек Шамсиддиновга қарши гурухлар тарафидан амалга оширилгани ҳақидаги тахмин энг кўп гапирилмоқда.

Сухбатдошга кўра, Андижон шаҳридаги собиқ трикотаж фабрикасининг эски биноси ўрнида қурилган “Наврўз” савдо мажмуаси ўтган йилнинг августида иш бошлаб, ўз эгасига катта даромад келтира бошлаган. Бу даромад тақсимотидаги муаммолар ҳақида гап сўзлар қулоққа чалиниб турган эди, ана шундан кейин ëнғин чиқди, дейди андижонлик тадбиркор.

Айни пайтда, Андижон вилояти ёнғин хавфсизлиги бошқармасининг матбуот хизмати раҳбари Эркин Жабборов Озодлик билан суҳбатда қасддан ёнғин чиқариш ҳолатлари борлигини қатъиян рад этган эди.

Эркин Жабборовга кўра, тўрт қаватдан иборат бўлган бу савдо мажмуасидаги барча кийим-кечак, пойабзал, электротехника ва бошқа халқ истеъмоли молларининг ҳаммаси куйиб кул бўлган.

Андижон Ички ишлар бошқармаси мулозимига кўра, ëнғин оқибатида тужжорлар тахминан 8 миллион доллар зарар кўрган.

Андижондаги “Наврўз” савдо мажмуасида 2 метрга 2 метр саҳндаги дўконча эгаси бўлган Нўъмонжон Холмирзаев 60 минг доллар қийматдаги мол ëниб кетганини айтади. Бу фақат ëниб кетган молнинг қиймати, бунга дўконга етган зарарни қўшмадим, дейди тадбиркор.

Ëниб кетган моллари учун кимдир товон тўлаши кераклигини айтаëтган Нўъмонжон, айни пайтда ëнғиннинг бахтсиз ходиса экани ва бу ўринда қасддан ўт қўйиш эхтимолини эътибордан соқит қилади.

Андижон бозорида дўппифурушлик қиладиган Мўминжон ҳам воқеанинг кабобпазлар ишлатадиган баллонлар портлашидан чиққанига ишонади.

Дўппифуруш Мўминжон бозордаги ëнғиндан зарар кўрмаганлардан бири.

- Бозорда аммам Манзура опанинг дўкони бор эди, ана шу дўкон ëниб кетди, аммам катта зарар кўрди, дейди Мўъминжон.

Андижондаги ëнғин оқибатлари асносида Ўзбекистондаги тадбиркорларнинг ҳар хил ҳодисалардан суғурталанмагани муаммоси юзага чиқди.

Андижондаги "ALFA INVEST" суғурта ширкати мулозига кўра, “Наврўз” савдо маркази омборларидаги молларнинг аксарияти суғурта қилинмаган.

Шу боис товон тўлаш муммоси чиқди. Бу муаммо энди фақат мол эгасининг бош оғриғи бўлиб қолаверади, дейди суғурта ширкати мулозими.

Ëнғин оқибатида 60 минг доллар зарар кўрганини айтаëтган тужжор Нўъмонжон суғурта ширкатларига ишонмаслигини билдирди.

"Наврўз" савдо мажмуаси 6 январга ўтар кечаси ёниб кетган эди.

Воқеа гувоҳлари ёнғин оқибатида қоровулчилик қилган бир кишининг касалхонага олиб кетилганини кўришганини айтди.

Андижонда кенг тарқалган миш-мишларга қараганда, мол мулкидан айрилиб юрак хуружига учраган икки тадбиркор вафот этган. Аммо бу каби маълумотни тасдиқлашнинг имкони бўлмади.

Андижон вилоят ҳокимиятида ëнғин оқибатлари жамоатчилик иштирокисиз муҳокама қилинмоқда, журналистларга ва инсон ҳуқуқлари фаолларига бу мавзуни ўрганишга имкон беришмади.

Ошкоралик ва шаффофлик йўқ бу жараëнда, дейди ўз исми айтилишини истамаган андижонлик ҳуқуқ ҳимоячиси.

Бундан олдин Ўзбекистоннинг турли жойларида ëниб кетган бозорлар борасидаги тафсилотлар ҳам жамоатчилик эътиборидан четда сақланган эди.

Ўтган йили 27 сентябр куни Навоий вилояти Қизилтепа туманидаги кийим-кечак бозорида ёнғин чиққан эди.

Ундан аввал Тошкентдаги Паркент қурилиш материаллари бозори, Олой бозорининг кийим-кечак қисмида рўй берган ёнғин ҳам савдогарларга катта зиён келтирган эди.

Бу ëнғинлардан зарар кўрганларга товон тўлангани ҳақида эса маълумот йўқ.
XS
SM
MD
LG