Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:31

Жамшид Каримов: Мен журналистман ва хабар беришни истайман


Ўзбекистон президентининг жияни, журналист Жамшид Каримов 6 йилдан ортиқроқ руҳий касалликлар шифохонасида тутқунликда бўлди.
Ўзбекистон президентининг жияни, журналист Жамшид Каримов 6 йилдан ортиқроқ руҳий касалликлар шифохонасида тутқунликда бўлди.

Ўтган йилнинг ноябр ойида Самарқандаги руҳий шифохонадан чиқарилган Жамшид Каримов ўзи ҳақида ҳамкасбларига хабар берди.

Озодликка етиб келган ва январ ойида телефонда ëзиб олинган овоз парчасида Жамшид Каримов ўзининг журналист сифатидаги фаолиятини давом эттириш истагини баëн қилган.

- Мен Оммавий ахборот воситаси вакилиман. Мен хабарчиман, хабарлар эса доимо ҳам яхши бўлавермайди. Лекин мен одамларга маълумот етказиш ҳаракатидан ҳеч қачон воз кечмайман. Мен сиëсатчи ҳам, ҳуқуқбон ҳам эмасман. Мен журналистман. Ортимдан пойлаб юрганлар шуни билсинларки, менинг энди йўқотадиган нарсам йўқ! Одам бир марта яшайди ва бир марта ўлади. Мен тимсоҳ каби судралиб эмас, балки қаддимни ғоз тутиб яшамоқчиман.

Суҳбат сўнгида Жамшид Каримов ўз дўсти, Канадада истиқомат қиладиган журналист Улуғбек Ҳайдаровдан бу гапларни барчага етказишни сўраган.

Жамшид Каримов билан телефонда суҳбатлашган Улуғбек Ҳайдаровнинг Озодликка айтишича сал ўтмай алоқа узилган.

- Менга Жамшид Каримов ўз дўстлари орқали иккита қўл телефони рақамларини юборди. Мен бу рақамларга қўнғироқ қилиб Жамшид Каримов билан бир неча бор суҳбатлашдим. Бу суҳбатларни ëзиб олиб барчага етказиш Жамшиднинг асосий истаги эди. Суҳбат давомида Жамшид Жиззахда доимий кузатувлар остида яшаётгани хақида хабар берди.

Улуғбек Ҳайдаров ўз дўсти билан суҳбат асносида унинг ҳудди аввалигидай ижодий режалар билан тўла ҳолда яшаëтганидан воқиф бўлади.

- Жамшид менга ўз амакиси Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ҳақида китоб ëзиш ниятини гапирди. Ана шу гапдан кейин алоқа узилди, дейди Ҳайдаров.

44 яшар Жамшид Каримов Ўзбекистон президентининг жиянидир.

У билан IWPR (Уруш ва тинчликни ëритиш институтида) 2004 йили бирга ишлаган журналист Қудрат Бобожоннинг эслашича, Жамшид ўз амакиси Ислом Каримов фаолиятини танқид қилиб келган.

Жамшид Каримов 2005 йил сентябрида ҳибсга олинган ва кейинроқ маҳкама унга нисбатан олти ойлик мажбурий руҳий муолажа ҳақида қарор чиқарган эди.

Журналист 11 йил ноябригача ëпиқ режимдаги руҳий касалхонада сақланди.

Озодлик мухбири 2008 йилда унинг онаси Маргарита Каримова билан суҳбатлашган эди. Суҳбат асносида журналистнинг онаси ўз ўғлининг бегуноҳлигини айтган эди.

2009 йилда Жамшиднинг онаси оламдан ўтди. Жамшид онасининг дафн маросимида қатнашиш учун хавфсизлик хизмати ходимлари кузатувида қисқа муддатга касалхонадан чиқарилади.

Дафн маросимидан кейин Жамшид Каримов яна руҳий касалхонага қайтарилади.

Халқаро ташкилотлар Британиядаги Уруш ва тинчликни ёритиш институти билан ҳамкорлик қилиб келган журналистнинг танқидий мақолалари учун жазоланганини айтиб келишади.

Жамшид Каримов АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтоннинг ташрифи арафасида озод қилинган эди.

Журналистнинг озод қилиниши Вашингтон-Тошкент мулоқотининг самараси сифатида кўрилди.
XS
SM
MD
LG