Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:34

Ўшда фитначилар қидирилмоқда


4 январга ўтар кечаси Ўшда пайдо бўлган бу ёзув Озодлик мухбирлари ҳаракати билан Ўш милицияси томонидан ўчирилган эди.
4 январга ўтар кечаси Ўшда пайдо бўлган бу ёзув Озодлик мухбирлари ҳаракати билан Ўш милицияси томонидан ўчирилган эди.

Ўшда “Сарттарға ўлум”, яъни “Ўзбекларга ўлим” деган маънодаги ёзувлар пайдо бўлмоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича “Эдвокаси маркази”нинг юристи Нурбек Исмоиловнинг айтишича, ҳуқуқ фаолларининг аҳоли билан учрашувлари чоғида ўшликлар шаҳар кўчаларида миллатлараро муносабатларни ёмонлаштирувчи ёзувлар пайдо бўлгани тўғрисида маълум қилишган:

- Ўшнинг Черемушки мавзеига борганимизда бундай ёзувлар шаҳарнинг уч жойида пайдо бўлганини айтишди. Черемушкада ҳарбий қисм бор, “Янги йилдан кейин шунинг деворига, Ўзбек театри деворига ва СМУТТ мавзеида яшовчи бир одамнинг уйига ёзиб кетишибди”, дейишди. У ерларга “Сартларга ўлим”, деб ёзишибди, - деди Нурбек Исмаилов.

Унинг айтишича бундай ёзувларнинг пайдо бўлиши 2010 йил қирғинида юрак олдирган ўшликлар орасида қўрқув кайфиятини кучайтирмоқда:

- Черемушкида кўпроқ ўзбеклар яшайди. Бундай ёзувларнинг айнан ўша ерга ёзиб кетилгани черемушкаликлар орасида қўрқув пайдо қилаяпти. Одамлар кечқурун кўчага чиққани ҳам қўрқиб қолишибди. Мен бу ёзувлар безориларнинг иши, асосан ёш болалар қилган бўлса керак, деб ўйлайман, - деди Нурбек Исмаилов.

Ўшликларга кўра, бундай ёзувлар марказий бозор ва ўшлик айрим ўзбек бойларининг уйлари деворларида ҳам пайдо бўлган.

Ўрни келганда айтиш жоизки, Озодликка ўшликлардан бири шу йилнинг 3 январидан 4 январига ўтар кечаси Ўшдаги “Навоий” боғига ёдгорлик сифатида ўрнатилган ЯК-40 учоғида “Сарт ўлим”, деган ёзув пайдо бўлганини маълум қилганди. Бу борада Ўш шаҳар ички ишлар бошқармасига маълумот берилган ва орадан бир неча соат ўтиб ёзув ўчирилганди.

2011 йилнинг 30 декабр куни эса номаълум шахслар Ўшдаги “Бобур” номли ўзбек академик театрига ҳам шундай сўзларни ёзиб кетган. Театр раҳбари Бахтиёр Тўхтаматов бу ишлар оддий безорилик эмаслигини, правокаторлар томонидан махсус қилинганини айтади:

- Буни кимдир теппасида туриб қилдираяпти, ўзидан-ўзи ёзиб кетавермайди-ю. “1 январдан 10 январгача уруш бўлади, сартларга ўлим”, деб ёзиб кетишган. Биз СНБга айтдик, шуғулланишаяпти. Ёзиб кетган одамлар назорат видеокамерасига тушиб қолган экан. Юзи кўринмаса ҳам, ҳар ҳолда келган одамлар бор.

Озодлик: Нечи ёшлардаги одамлар ёзган?

- Кечқурун бўлган иш. Ёш-ёш йигитлар ёзган. Катта одам ёзадими? Аҳмоқ эмаску катта одам. Ёш болалар қилган-да, 20-25 ёшдаги болалар бўлса керак, - деди Бахтиёр Тўхтаматов.

Ўшлик Солижон шаҳарнинг бошқа ҳудудларида пайдо бўлган ёзувларда “Сартга ўлим”нинг муддати ҳам кўрсатилганини айтади:

- “Сарттарга 12 январ куни ўлим”, деб ёзилган. Бу провокациялар қачон тўхтайди? Кимга ишониш керак? “Бобур” театрига ҳам ёзибди “Сарттарга ўлим 12 январда”, деб. Аранг яшаётган халқ яна безовта бўлаяпти яна провокация. Тинчлик йўқ-да. Ҳатто болаларимизни кўчада бемалол ўйнатолмаяпмиз. Халққа қийин бўлаяпти. Ҳозир хамманинг девори йўқ бўлса, хоҳлаган одам тўғри кириб келаверади-да. Черемушки бедарвоза бўлиб қолди, - дейди Солижон.

Ҳуқуқ - тартибот органлари эса ҳавотирга асос йўқлигини айтмоқда. Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Замир Сидиқов, миллатлараро низони қўзғовчи ёзувлар бўйича жиноят иши очилганини маълум қилди:

- Миллатлараро низони қўзғовчи икки ҳолат кузатилган. Бу ҳолатлар Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси жиноятларни рўйхатга олиш китобида қайдга олиниб, жиноят иши очилган. Биз буни безорилик қилиб ёзилган, деб ўйлаяпмиз. Ҳозир жиноят иши Миллий хавфсизлик қўмитасига ўтказиб берилган ва бу иш билан улар шуғулланаяпти. Одамлар ҳавотирланишига асос йўқ. Бутун халқ буни тушуниб турибди. Ҳозир тегишли структуралар бунинг устида ишламоқда, - деди Замир Сидиқов.
XS
SM
MD
LG