Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:52

Жамшид Каримов тақдири борасида хавотир билдирилди


Муҳожиратда яшаётган бир гуруҳ журналист ва ҳуқуқ фаоллари жиззахлик мустақил журналист Жамшид Каримов тақдири борасида хавотир изҳор қилдилар.


Самарқанддаги махсус руҳий шифохонадан ноябр ойида озод қилинган журналистнинг қаердалиги бир неча кундан буён номаълум бўлиб қолаётгани борасида журналистнинг ўндан зиёд ҳамкасби жиддий ташвиш билдирган.

“Жамшид озод ва ҳур яшашга ҳақли” деб номланган баёнотга имзо чеккан журналистлардан бири Канадада бошпана топган Улуғбек Ҳайдаровдир.

- Журналистик фаолиятини давом эттиришга ташна дўстимиз ва касбдошимизнинг тинчиб қолгани бизни жиддий хавотирга солмоқда, - дейди Ҳайдаров.

Бир неча кун аввал Озодликка етиб келган ва январ ойида телефонда ëзиб олинган овоз парчасида Жамшид Каримов ўзининг журналист сифатидаги фаолиятини давом эттириш истагини баëн қилган.

Шунингдек, Жамшид Жиззахда доимий кузатувлар остида яшаётгани ҳақида ҳам хабар берган.

- Мен журналистман. Ортимдан пойлаб юрганлар шуни билсинларки, менинг энди йўқотадиган нарсам йўқ! Одам бир марта яшайди ва бир марта ўлади. Мен тимсоҳ каби судралиб эмас, балки қаддимни ғоз тутиб яшамоқчиман, - деб айтган эди журналист.

Жамшид Каримов билан телефонда суҳбатлашган Улуғбек Ҳайдаровнинг Озодликка айтишича, у билан алоқа сал ўтмай узилган.

- Жамшид менга ўз амакиси, Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ҳақида "Мен ва менинг амаким" деган китоб ëзиш ниятини гапирди. Ана шу гапдан кейин алоқа узилди, - деб айтган Ҳайдаров.

Ўшандан буён Жамшид Каримов билан ҳеч ким телефонда боғлана олмаяпти.

- 10 январ куни охирги гаплашганимиз бўлди. Ўшандан бери алоқа йўқ. Иккита телефони ўчган. Жиззаҳда яшайдиганлар ҳам уни уч-тўрт кун давомида кўрмаганларини менга айтишди. Ана шу ҳолат бизни хавотирли баёнот билан чиқишимизга сабаб бўлди. Бундан ташқари, 2006 йилни кузида у худди шундай, тўсатдан ғойиб бўлиб қолган эди, ғойиб бўлиб қолиб, икки-уч кундан кейин Самарқанддаги руҳий хасталар шифохонасида пайдо бўлган эди, - деди Улуғбек Ҳайдаров.

Ҳозирча Жамшид Каримовнинг қаердалиги номаълум. Унинг ҳамкасблари журналист қайтадан сиқувга олинган бўлишидан хавотирдалар.

"Биз Жамшиднинг қайтадан сиқувга олинган бўлиши мумкинлигидан хавотирдамиз. Лекин яқиндагина руҳий шифохонадан озод этилган дўстимизни қайтадан у ерга тиқишмас, деб умид қиляпмиз. Биз журналист дўстимиз ҳаётига аралашув тўхтатилишини, халқаро ҳамжамиятни Жамшид тақдирига бефарқ бўлмасликка чақирамиз", деб билдирилган журналистнинг ўндан зиёд ҳамкасби имзо чеккан баёнотда.

43 ёшли Жамшид Каримов президент Ислом Каримовнинг жиянидир.

У 2005 йил сентябрида ҳибсга олинган ва кейинроқ маҳкама унга нисбатан мажбурий руҳий муолажа ҳақида қарор чиқарганди.

Халқаро ташкилотлар Британиядаги Уруш ва тинчликни ёритиш институти билан ҳамкорлик қилиб келган журналистнинг танқидий мақолалари учун жазоланганини айтишган.

Ҳибсга олинишидан аввал Жамшид Каримов интернетда маҳаллий ва марказий ҳокимият идораларини танқид қилувчи қатор мақолалар эълон қилган.

Унинг озодликка чиқарилиши Вашингтоннинг инсон ҳуқуқлари борасида президент Каримов ҳукуматига ўтказаётган босимлари натижаси сифатида кўрилганди.
XS
SM
MD
LG