Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:35

Ҳайдовчини хўрлаган "гаишник"лар ишдан бўшатилди


Бу сурат шу кунларда Youtube порталида энг кўп кўрилаётган ва баҳс бўлаётган видеодан олинди.
Бу сурат шу кунларда Youtube порталида энг кўп кўрилаётган ва баҳс бўлаётган видеодан олинди.

Шу кунларда Youtube порталида ўзбек милиционерлари хўрлаган ва бу манзара акс этган тасма жиддийгина баҳсларга сабаб бўлмоқда.


Youtube порталига жойлаштирилган видеотасмада ёшгина ўзбек ҳайдовчисининг автомобили калитини олиб қўйган милиционерларга ялиниб-ёлвориши акс этган.

Шахси ноаниқ ҳайдовчи йигит калитни қайтиб олишга уринар экан, астойдил йиғлайди.

- Ака, илтимос, берсинлар калитимни, паравамни олиб қўйсинлар, ман кетай ака?! Сёмка қилманг жоним акам, нима қилаяпсиз эй?! - дея астойдил ялинади ҳайдовчи йигит.

Бундан завқланган милицонерлар унга ҳар хил мазахомуз саволларни ҳам ташлайди.

Милиционер: Тавба қилсам, тавба. Биринчи марта кўряпман бунақа шопирни. Суғуртанг йўқку?

- Ҳай кетишим керак, деяпманку ака? Паравамни олиб қоляпсизларку? Бунчалик ўйин қилманглар энди, ака эййй, - дея яна йиғлайди ҳайдовчи йигит.





Видеотасвирдан кўринишча, уни милиция ходимларининг ўзи суратга олган ва бу тасманинг Youtubeда пайдо бўлишида ҳам уларнинг иштироки борлигини тахмин қилиш мумкин.

Бундан икки йил муқаддам интернетга жойланган, аммо фаол фойдаланувчиларнинг танлови асосида бугунга келиб яна диққат марказига кўтарилган бу тасвир ортидан Озодлик мухбири воқеа бўлиб ўтгани айтилган Бухоро вилоятининг Когон тумани Давлат автомобил назорати хизмати расмийлари билан боғланди.

Қисқагина суриштирувлар давомида Когон тумани ДАН хизмати бу воқеа бўлганини тасдиқлади.

Расмий маълумотларга кўра, автомобил ҳайдовчисини унинг розилигисиз суратга олган ва кейинчалик бу тасвирнинг интернетга чиқиб кетишига сабаб бўлган ҳар икки милиция ходими ишдан бўшатилган.

Ишдан бўшатиш уларга нисбатан кўрилган ягона чора эдими ёки йўқми, бу ҳозирча номаълум. Аммо, Ўзбекистонда Давлат автомобил назорати соҳаси ходимларининг ҳайдовчилар ҳуқуқларини бузиши ҳоллари кўп учрайди.

ДАН ходимлари билан ҳайдовчиларнинг тортишувлари, келишувлари, айрим ҳолларда эса жанжаллашиб кетиш ҳоллари акс этган видеотасвирлар шу кунларда ўзбекистонлик кўпчилик мобил алоқа фойдаланувчиларининг телефонларида акс этгани айтилади.

Бундай манзара акс этган видео тасмаларнинг кўпчилигини Youtube порталида ҳам учратиш мумкин.

Қатор халқаро ташкилотларнинг ҳисоботларида энг коррупциялашган давлатлардан бири сифатида қайд этиб келинаётган Ўзбекистонда айнан ДАН соҳаси ўта коррупциялашган соҳалардан бири ҳисобланади.

Шу ўринда Озодлик ўз муштарийларига ДАН ходимлари ва ҳайдовчилар ўртасидаги муносабатларга оид шундай видеотасмалар, маълумотлар бўлса ҳамда буни бошқа муштарийлар билан ўртоқлашиш истаги бўлса, бемалол йўллаши мумкинлигини эслатиб ўтади.

ОЗОДЛИК БИЛАН АЛОҚА:

ozodlikmail@gmail.com
uzbekweb@rferl.org

моб: +420 602 612 713
моб: +420 777 148 199
XS
SM
MD
LG