Ташкилот раҳбари Суръат Икромовга кўра, Андижон вилоят суди ўз ҳукмини пайшанба куни эълон қилган.
- 26 январ куни Андижон вилоят судида Санжарбек Сотволдиев, Маъмуржон Юсупов, Аҳмаджон Бекпўлатов устидан суд иши бўлиб ўтди. Суд ҳакамлари Сотволдиев Санжарбекка 7,5 йил, Юсупов Маъмуржонга 8 йил ва Бекпўлатов Аҳмаджонга 5 йилу 3 ой қамоқ жазоси белгилади.
Озодлик: Уларга қандай жиноятларда айбланди?
- Асосан жиноят кодексининг тўртта моддаси – 223-модда (Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ëки Ўзбекистон Республикасига кириш), 228-модда (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайëрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ëки улардан фойдаланиш), 244-модда иккинчи прим (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ëки биошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) ва 242-модда (Жиноий уюшма ташкил этиш) бўйича айбланди. Олтита моддадан тўртта модда қолдирилган. Бундан ташқари 155-модда (Терроризм) ва 161-моддалар (Қўпорувчилик) ҳам бор эди. Буларни судда судянинг ўзи олиб ташлаган. Акс ҳолда уларга 20 йилгача қамоқ жазоси белгиланган бўлар эди.
Озодлик: Судда уч йигитнинг айблари исботландими?
- Йўқ, судда бирортаси иқрор бўлгани йўқ. Судда буларнинг айби исбот қилинмади. Учаласи ҳам Москвадан олиб келинган. Бундан 17 ой олдин ноқонуний ҳибсга олинган. Қалбаки ҳужжатлар билан МХХ томонидан Ўзбекистонга ўғирлаб олиб келинган. Бу иш бўйича Россия Бош прокуратураси жиниоят иши очган. Лекин бир неча хатларга Ўзбекистон Бош прокуратураси шу пайтгача жавоб бермаган.
Озодлик: Россия прокуратураси кимга қарши жиноий иш очган?
- Ўзбекистонга қарши. У ерда МХХ демаган, фақат одам ўғирлаш иши бўйича жиноят иши очилган. Ўзбекистон уларнинг Ўзбекистонда эканлигини бўйнига олмаган. Натижада 17 ойдан кейин суд ҳаракатлари бошлашган. Бу ерда энди битта нарсани айтиб кетишган. Учаласи ҳам Москвадан ўғирлаб келинган. Буларнинг ичида Санжарбек Сотволдиев 2002 йилда Россия фуқаролигини олган. Москвада ўзининг уйида учта боласи билан яшаб юрган. Қонунга хилоф равишда 17 ой ушлаб турилган. Ҳар уч ойда прокуратурадан рухсат олиниши керак эди. Лекин прокуратуранинг санкциясини олмасдан 17 ой Андижон вилояти МХХ тергов ҳибсхонасида сақланган.
Озодлик: Суд ҳукми юзасидан улар юқори инстанцияга мурожаат қилиш ҳуқуқига эгами?
- Албатта, булар аппелляция беришга ҳуқуқли. Отасининг айтиши бўйича суд ҳукмига 10 кун ичида аппелляция беришади, - дейди Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов.