Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:35

Солиқ қўмитаси мулозимининг АҚШга қочгани айтилмоқда


Давлат солиқ қўмитасининг расмий Интернет сайтида “раиснинг биринчи ўринбосари” ёзуви рўпарасидаги Беҳзод Мусаевнинг исми олиб ташланган.
Давлат солиқ қўмитасининг расмий Интернет сайтида “раиснинг биринчи ўринбосари” ёзуви рўпарасидаги Беҳзод Мусаевнинг исми олиб ташланган.

Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Беҳзод Мусаевнинг АҚШдан сиёсий бошпана олгани хабар қилинмоқда. Солиқ қўмитаси вакиллари тасдиқламаётган бу хабарни Ҳаракат нашри тарқатди. “Ишончли манбага” таяниб берилган хабарда айтилишича, Беҳзод Мусаев АҚШга тажриба алмашиш дастури бўйича бориб, ўша ерда қолиб кетган. Ўзбекистон мулозимининг бошпана сўрашига ватанида унга нисбатан хавф туғилгани билан изоҳланмоқда.


Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Беҳзод Мусаев Қўшма Штатлардан сиёсий бошпана олгани ҳақида Ҳаракат нашри хабар қилди. Хабарда айтилишича, солиқ қўмитаси мулозими тажриба алмашиш дастури доирасида АҚШга борган ва Ўзбекистонда ўзига нисбатан хавф туғилгани важидан у ерда қолишга қарор қилган.

Ҳаракат нашрининг Тошкентдаги мухбири, мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов республика солиқ қўмитасидаги иккинчи одам Қўшма Штатларга қочиб кетгани ҳақидаги хабарни “ишончли манбадан” олганини айтади.

- Бизга хабар етказган манба бевосита Беҳзод Мусаевга яқин бўлган, у билан бирга ишлаган шахслардан бири эди. У кишининг айтиши бўйича янги йил атрофида солиқ соҳасидаги билимларни ошириш, тажриба алмашиш мақсадида АҚШга ўзбек делегацияси борган ва унинг таркибида солиқ қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Беҳзод Мусаевнинг борлиги, Ўзбекистонда унга жиноий иш очилиши хавфи нуқтаи назаридан у ëқда қолиб кетганлиги тўғрисида маълумотларни етказди, дейди журналист.

Ўзбекистон давлат солиқ қўмитаси Беҳзод Мусаевининг АҚШдан бошпана олганига оид хабарни на тасдиқламоқда, на инкор қилмоқда.

Солиқ қўмитаси кадрлар бўлими ходими Озодлик билан ўзаро суҳбатда Мусаев 2011 йил декабр ойининг охирида ўз хоҳишига кўра ишдан бўшаганини маълум қилди. “У киши ҳозирда солиқ тизимида ишламаяпти, ҳозир қаерда эканини билмайман”, деди солиқ қўмитаси вакили. Лекин Озодлик мухбирининг Беҳзод Мусаев АҚШдан сиёсий бошпана олгани ҳақиқатми, деган саволини кадрлар бўлими ходими очиқ қолдирди. Қўмитанинг бошқа бўлимлари, жумладан навбатчи ва хатлар бўлимлари ходимлари ҳам Мусаевнинг ишдан бўшаганини тасдиқлаб, “у киши ҳозир нима билан шуғлланаётганини” билмасликларининг таъкидлашдан нарига ўтишмади.

Давлат солиқ қўмитасининг расмий Интернет сайтидаги идора раҳбарияти рўйхатида “раиснинг биринчи ўринбосари” ёзуви рўпарасидаги Беҳзод Мусаевнинг исми олиб ташланган.

Айни пайтда Ўзбекистондаги туманлардан бирининг солиқ инспекцияси раҳбари Озодлик билан ўзаро суҳбатда Беҳзод Мусаевнинг АҚШга чиқиб кетгани эҳтимолдан йироқ, деган тахминни илгари сурди.

Журналист Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, ёши 35 лар атрофида бўлган Беҳзод Мусаев АҚШдалиги пайтида ўзига нисбатан жиноий иш очилиши мумкинлигини сезиб қолган бўлиши мумкин. Бу тахминини журналист жорий ҳафта бошида Давлат солиқ қўмитаси ҳайъати катта мажлис ўтказиб, солиқ тизимида авж олган порахўрлик муаммосини кўтаргани билан боғлайди.

- Реал маълумотлар йўқ, лекин ҳозир солиқ қўмитасида жуда катта ўзгаришлар бўлаëтганлиги ҳақида маълумотлар бор. Ўтган кун порахўрликнинг олдини олиш, таъмагирликни олдини олиш бўйича солиқчилар ўртасида жуда катта мажлис бўлган. Мажлисда қўмита раиси, республика Бош прокуратураси вакиллари маърузалар қилишган. Ҳисоботларда Тошкент вилояти, Самарқанд, Қашқадарë вилоятларида кўплаб солиқчилар пора эпизодлари билан, таъмагирлик ҳоллари билан тушганлиги бўйича фактлар эълон қилинган. Мана шу фактларнинг айримлари Мусаевга ҳам тааллуқли деган гаплар бор юқорида айтганимдай. Бу гапларни расман тасдиқлатишнинг ҳозирча имконияти йўқ.

Америкада сиёсий бошпана олган шахсларга доир маълумот сир ҳисоблангани боис, АҚШ расмийларидан бу ҳақда изоҳ олшнинг иложи бўлмади.

Нима бўлганда ҳам, Беҳзод Мусаевнинг “қочгани” тасдиқланса, у АҚШ ва ғарбнинг бошқа давлатларидан сиёсий бошпана олган биринчи ўзбек мулозими бўлмайди.

2007 йил бошида Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар бошқармаси бошлиғи Алишер Шариповга нисбатан жиноий иш қўзғатилганидан кўп ўтмай, у АҚШда сиёсий бошпана олгани маълум бўлган эди.

2006 йилда Фарғона вилояти ҳокимлиги молия бошқармаси бошлиғи Иноятов ҳам бутун оиласи билан АҚШдан бошпана олгани, бунга унинг устидан тергов бошлангани сабаб бўлгани айтилган эди.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда шов-шувга сабаб бўлган “қочиш”ларга 1990-йиллар ўрталарида Ўзбекистон собиқ адлия вазири Бобур Маликов (АҚШ), Фарғона вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Авазхон Мухторов (АҚШ), 2000 йилда “Ўздонмахсулот” корпорацияси раиси Олим Отаевнинг (Франция) Ўзбекистондан чиқиб кетганини мисол қилиш мумкин.
XS
SM
MD
LG