Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:13

Тожикистонда икки юздан зиёд масжид ёпилди


Аввалги йилларда тожикистонлик мусулмонлар ибодат қилган 229 та масжид, тожик расмийлари тили билан айтганда, “2012 йилда ва ундан кейин ҳам ёшлар ва қарияларнинг ҳордиқ чиқарадиган масканига айланади”.

Давлат қайдидан ўта олмаган ана шундай масжидларнинг 70 таси Хатлон вилоятига тўғри келади.

Кўп сонли журналистларга матбуот анжумани берган Хатлон вилояти раиси Ғайбулло Афзалов бу ҳудуддаги масжидларнинг чойхона, клублар ва спорт марказларига айлантирилишига оид маълумотларни тасдиқлади.

Айни пайтда Хатлон вилоятининг маҳаллий амалдорлари Афзалов жаноблари топшириғи асосида масжидларни жамоат жойлари, ижтимоий иншоотларга айлантириш учун жиддий киришгани кузатилади.

- Айни пайтда ноқонуний бешта масжиднинг фаолияти ўзгартирилди. Уларнинг ўрнига чойхона, тиббий хизмат кўрсатиш пунктлари ва спорт марказлари ташкил қилдик. Бу марказларни техник жиҳозлаш учун бюджетдан маблағ ажратилади. Эндиликда фуқаролар чойхоналарга айлантирилган бу биноларда тўй ва бошқа тадбирларини ўтказиши мумкин, - дер экан Хатлон вилоятининг ўзини Касиров деб таништирган маҳаллий амалдорларидан бири йўлга қўйилган тадбирлар маҳаллий аҳоли ва диндорлар розилиги билан амалга оширилганини қўшимча қилди.

Тожикистон расмийларининг таъкидича, асосан санитария ва гигиена қоидаларига жавоб бермаган масжидлар фаолияти тўхтатилган.

Сал аввалроқ мамлакат Бош прокуратураси вакиллари республика масжидларининг санитария ва гигиена ҳолатини ўрганишга киришган эди. Улар тайёрлаган ҳисобот натижаларига асосан республика жанубидаги масжидлар имомларидан бир нечтаси огоҳлантириш олди.

Хатлон вилояти аҳолиси орасида хос обрў-эътиборга эга бўлган имом Саиджон ҳукумат расмийларининг “масжидларда тозаликка риоя қилинмаётгани”га оид айтганларига қўшила олмаслигини айтади.

- Бу нима ҳукумат идорасими санитарияга жавоб бермай? Масжид энг покиза жой-ку. Ҳаммаси бекорчи гаплар. Ҳозир жамоат жойларида ҳам намоз ўқигани қўйишмаяпти. Бу ҳаммаси бир баҳона. Мақсад Исломни қисиш, бошқа гап йўқ, - дейди имом Саиджон.

Мустақил таҳлилчилар масжидларнинг ўрнини спорт ва маданий масканлар ҳамда тиббий хизмат кўрсатиш пунктларию чойхоналарга бўшатиб бериш ҳукуматнинг олдиндан режалаштирган иши эканини урғуларканлар, “бундан кўзланган мақсад диний муассасалар сонини қисқартиришдир”, дея мулоҳаза билдирмоқдалар.

- Хатлон вилоятининг барча туманлари, бу томондан Исфара ва бошқа туманлардаги қанчадан-қанча масжидни кўриб келганман. Ўшаларнинг бирортасида “ифлос ёки тиб қоидаларига жавоб бермайдиган” деган хулоса чиқарилмаган. Энди бир одам бирор иш қилмоқчи бўлса, бир айб юклаши керак-да. Ҳозир ҳам қайси масжидга кирсангиз, таҳорат оладиган жойларига жуда катта аҳамият берилган. Масжидни бошқа нарсага айлантириш Ислом шариатига тўғри келмайди. Бунинг гуноҳи катта, - дейди Тожикистон Ислом маркази уламолар кенгашида 2000 йиллар бошида фаолият қилган собиқ масъул ходим, шайх Худойберди Эгамбердиев.

Мустақил таҳлилчилар фикрича, сўнгги бир неча ой давомида Тожикистоннинг Хатлон вилоятига тегишли юк вагонларининг Ўзбекистон ҳудудида қолиб кетаётгани ортидан бу ҳудуддаги ижтимоий вазият таранглашган бир паллада расмийларнинг масжидларга оид қабул қилган янги қарори жамиятдаги барқарорликни издан чиқариши табиий.

Тожикистон ҳукуматининг Дин ишлари бўйича қўмитаси қабул қилган янги қарорга биноан, бундан буён республика масжидларида ишловчилар ҳам кўп қатори давлатга солиқ тўлай бошлайди.

Айни пайтда, расмий маълумотларга кўра, республика ҳудудидаги масжидлар ва улар ходимларининг умумий рўйхати ҳозирланмоқда экан.
XS
SM
MD
LG