Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:29

Петербургда мардикорлар бармоқ изи топширади


Россияда меҳнат муҳожирлари устидан назорат кучаймоқда.
Россияда меҳнат муҳожирлари устидан назорат кучаймоқда.

Жорий йилнинг 1 февралидан Санкт Петербургда ишга рухсатнома олиш ниятида бўлган хориж фуқаролари дактилоскопия қилинади, яъни улардан бармоқ излари олинади. Россия шимолий пойтахтида тажриба сифатида жорий қилинаётган бу янгилик мамлакатнинг бошқа минтақаларида 2013 йилнинг 1 январидан кучга киради.

Санкт Петербург ва Ленинград вилоятига иш излаб келаётган меҳнат муҳожирлари ишлашга махсус рухсатномани қўлга киритиш учун аввал бармоқ излари топширишлари зарур бўлади.

Шаҳар Ички ишлар бошқармаси расмийларига кўра, бу янгиликнинг жорий қилинишига МДҲ давлатларидан келаётган мигрантлар томонидан содир этилаётган жиноятлар сонининг кескин ошиб бораётгани сабаб бўлган.

“Айнан ФМС тақдим этган криминал статистика Петербург ва Ленинград вилоятида дактилоскопия регистрациясини жорий этишга мажбур этди”,- деди журналистлар олдида қилган чиқишида минтақавий Федерал миграция хизмати раҳбари Елена Дунаева.

- 1 февралдан бошлаб Красного Текстильшчика кўчасида ишга рухсатнома ёки патент олиш масаласида мурожаат қилаётган барча шахсларни дактилоскопия қайдидан ўтказамиз. Булардан бизни, биринчи навбатда, меҳнат муҳожирлари қизиқтиради, чунки бу қатлам энг оммавий ва энг муаммолидир,- деди Елена Дунаева.

Ленинград вилояти ва Санкт Петербург шаҳар Миграция хизмати бошлиғининг сўзларига кўра, бугунги кунга келиб мигрантлар оғир ва ўта оғир жиноятлар, жумладан қотиллик, зўрлаш, талон-тарож ва ўғриликка қўл урмоқда.

ФМС расмийларининг айтишича, кейинчалик Россиядаги қочқинлар, доимий яшашга кўчиб ўтаётганлар ва вақтинчалик яшашга келаётганлардан ҳам бармоқ изларини олиш йўлга қўйилади.

“Дактилоскопия биринчи навбатда меҳнат муҳожирларининг ўзларига ҳам кўп қулайлик яратади”, дея давом этади Елена Дунаева.

- Масалан, Ўзбекистон элчихонасидан ойлаб маълумотнома олишнинг имконияти бўлмайди, жуда чўзворишади бу жараённи. Дактилоскопия қайди эса мигрантга бу жараёнларни янада тезроқ ўтишга имкон яратади. Яъни, эндиликда маълумотлар базасидан у ёки бу мигрантнинг шахсини тасдиқловчи маълумот олиниши мумкин. Кўп ҳолларда иш берувчилар меҳнат муҳожирларининг ҳужжатларини тортиб олади, айримлари йўқотиб қўяди. Шундай вазиятда ўз юртига қайтиш учун чиптани улар бизнинг маълумотлар базаси асосида берилган маълумотнома билан бемалол олаверади, дейди Озодлик билан суҳбатда Федерал миграция хизматининг Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти бўйича раҳбари Елена Дунаева.

2013 йилнинг 1 январидан эса Россиянинг бошқа минтақаларида “Россия Федерациясида давлат дактилоскопия қайди тўғрисида” деб номланган Федерал қонунга қўшимчалар кучга киради. Бу қонуннинг 3-моддасига биноан ишга рухсатнома сўраб ФМСга мурожаат қилган барча шахслардан бармоқ излари олинади.

Тожикистоннинг Қабодиён вилоятидан келиб Санкт-Петербургда бир неча йилдан бери ишлаб юрган Ўролнинг Озодликка айтишича, бармоқ изларини олиш ва назоратнинг кучайтирилиши мардикорлар учун муайан қийинчиликлар туғдиради.

- Биз жиноят қилмаймизку, лекин бошқа томондан давлат қонуни бўлса нима деймиз, илож йўқ. Менинг шахсий фикримча, бунинг бироз ноқулайлиги бор. Биз қонуний бу ерда регистрация қиламиз, регистрация тугаганидан кеийн чекка-чекка жойларда қочиб юрамиз. Кетадиган пайтда 3 ойлик фалшивий тўғрилаб кетамиз, тўғриламасдан ҳам кетишимиз мумкин. Милиса ушласа 100-200 сўм бериб, ҳужжатларимизни олиб кетамиз. Аэропортда ҳам разрешениянг, документинг қани дейди, шу чой пулини олади ва қўйворади,- дейди тожикистонлик Ўрол.

Санкт-Петербург Миграция хизмати бошқармаси келтирган маълумотга кўра, 2011 йилда муҳожирларга берилган 186 мингта иш рухсатномасидан 100 мингдан ортиқроғи Ўзбекистон фуқароларига берилган, яна 9 мингта ўзбекка бундай ҳужжат Ленинград вилоятида берилган.

Шимолий пойтахтда расмий рўйхатдан ўтган 1,5 миллион меҳнат муҳожиридан қарийб 15 фоизини ўзбеклар ташкил этиши айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG