Душанба куни Москвада жойлашган Инсон ҳуқуқлари бўйича бюро ксенофобия, ирқчилик ва миллатчилик асосида Россияда содир бўлган тўқнашув ва жиноятлар юзасидан 2011 йил давомида олиб борилган мониторинг натижаларини эълон қилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Москва бюроси мутахассислари “2011 йилда Россияда агрессив ксенофобия, ирқчилик ва тоқатсизлик” номли тақдим этган йиллик мониторинг натижаларига кўра, 2011 йилда олдинги йилларга нисбатан Россияда ксенофобия ва миллий адоват юзасидан содир этилган жиноятлар сони озайган.
Хусусан, “Инсон ва Қонун” Ҳуқуқий маълумот агентлиги раисдоши, Инсон ҳуқуқлари бўйича Москва бюроси ҳуқуқий эксперти Борис Пантелеев Озодликка ўтган йили Россияда миллатчилик ва ирқчилик кайфиятида содир этилган жиноятлар сони қарийб 1,5 баробарга камайганини айтди.
- Биз буни ҳуқуқ-тартибот идораларининг фаоллиги билан боғлиқ, деб ҳисоблаяпмиз. Ниҳоят улар бизнинг босимимиз остида қандайдир натижаларга эриша бошлади, улар шунчаки илгари бажармаган ўзларининг бевосита вазифаларини бажаришга киришди, - дейди Борис Пантелеев.
Ҳисоботнинг тақдимот маросимида Москва бюроси директори Александр Брод қурбонларнинг кўпчилиги доғистонликлар эканини маълум қилди.
Тақирбошлар ва миллатчилардан жабр кўрганлар орасида доғистонликлардан кейин ўзбеклар тургани қайд этилган: 2011 йилда Россиянинг турли минтақаларида 3 нафар ўзбек ўлдирилган, яна 5 киши жароҳат олган.
Марказий осиёликлардан, шунингдек, тожик миллатига мансуб 1 киши ўлдирилгани, 2 киши жароҳатлангани, қирғизлардан 1 киши ўлдирилгани ва 4 киши яралангани айтилди.
Ҳисоботга мувофиқ, ўтган йили Россияда рус миллатчилари ҳужуми оқибатида африкаликлар, арман, турк, хитой, грузин ва бошқа миллатга мансуб шахслар ҳам нобуд бўлган.
Борис Пантелеевнинг айтишича, Россияда ксенофобия қурбонлари сони йил сайин камайиб бораётганига қарамасдан, миллатчиларнинг криминал раҳбарияти легаллашишга шошилмаётир, жамиятда эса миллатчилик кайфияти кучлилигича қолмоқда.
- Афсуски, бу соҳада объектив, жиддий ўзгаришлар рўй бергани йўқ. Бу фақатгина ҳуқуқий ва ҳуқуқ-тартибот соҳасидаги ўзгаришлар натижалари. Жамиятнинг ўзида миллатчилик кайфияти пасайгани йўқ. Миллий масала Россияда изчиллик билан олиб борилаётгани йўқ. Миллатчилик давлатимизнинг юқори поғоналарига ўрмалаб чиқмоқда. Айниқса диний камситишлар жамиятнинг муайян қатламида кескин норозиликларга сабаб бўлмоқда. “Ҳуқуқий миллат”, “давлат асосларини шакллантирувчи миллат”, “ягона миллат” каби ибораларнинг давлат раҳбарлари томонидан ишлатилаётгани миллатчилик кайфиятининг янада кучайишига олиб келади, деган фикрдамиз, - деди Озодлик билан суҳбатда ҳуқуқшунос Борис Пантелеев Россия бош вазири Владимир Путиннинг ўтган ҳафта чоп этилган “миллий масала”га оид мақоласига ишора қиларкан.
Ҳуқуқ ҳимоячиси Россияда яшаб, меҳнат қилаётган барча миллат ва элат вакилларининг тенг конституциявий ҳуқуқлари таъминланиши зарурлигини таъкидлади.
Москвалик ҳуқуқ ҳимоячилари 2012 йил январининг биринчи ярмидаёқ миллатчи ва тақирбошларнинг уч ҳужуми қайд этилганини маълум қилишди: шу кунларда Калининградда яна бир Ўзбекистон фуқароси ўлдирилган.
“Сова” ахборот-таҳлилий маркази директори Александр Верховский Россияда ксенофобия кайфиятида содир этилаётган жиноятлар камайишини вақтинчалик ҳодиса, деб билади.
- Полиция ишининг самарадорлиги чексиз эмас. Узлуксиз қама-қама билан миллатчилик масаласини ҳал этиб бўлмайди, - деди Александр Верховский.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Москва бюроси ҳисоботига кўра, 2010 йили Россияда 46 киши ксенофобия қурбони бўлгани ва 193 киши жароҳат олгани қайд этилганди. Бу 2009 йилги кўрсаткичдан икки баробар кам экани айтилмоқда.