Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:25

Фарғонада "Каримов кўмири" сотилмоқда


"Каримовнинг кўмири" уйларни ўтинчалик ҳам исита олмайди, дейди мутахассис.
"Каримовнинг кўмири" уйларни ўтинчалик ҳам исита олмайди, дейди мутахассис.

Йиллар давомида газ билан иситиб келинаëтган уйларда, газ танқислиги боис омонат қурилган қўлбола ўчоқлар хатар манбаига айланмоқда.

Ўзбекистонликларнинг қиш ўчоғи


Ўзбекистонда ҳар йилгидан қаттиқ келган қишнинг олтмиши ўтиб ўттизи қолган бўлса ҳам, уйни иситиш, чой қайнатиб, овқат пишириш учун ëқилғи масаласи ҳануз долзарб бўлиб қолмоқда.

Бу ўчоқларда ëқилаëтган эски резина ғилдираклар, том ëпадиган рубероид увадалари ва резина ичаклардан чиқаëтган заҳарли дуддан xасталанганлар ҳақида маълумотлар бор.

Андижон вилоятида кўмир дудидан заҳарланиб шифоxонага тушганлар ҳақида гапирган респондентлар қиш мавсумидаги бундай ҳолатлар xавфли тус олганидан ташвиш билдиришди.

Қашқадарëнинг Қарши шаҳрида уйига тоғорада чўғ киритиб исинмоқчи бўлган аëлнинг кўмир дудидан эси оғиб чўғ устига йиқилиб тушгани ва қаттиқ куйиш жароҳати олгани ҳақида қаршилик 38 яшар ҳуқуқ фаоли Гулшан Қораева гапириб берди.

- Бизларнинг бир қўшнимиз чўғ киргизиб йиқилиб куйиб қолган. Газ йўқ. Биз томонларда чўмилиш жуда қийин. Энди ювиниш керак. Чўғ киргизган банясига. Чўмиламан деб йиқилиб тушганда куйиб қолган. Тўшакда ëтибди ўша. Ўзи медсестра, дейди Гулшан Қораева.

Суҳбат давомида Гулшан Қораева газ танқислиги ва қаттиқ совуқ боис қашқадарëлик фуқаролар нима тўғри келса шуни қўлбола печкаларда ëқишаëтганини билдирди.

- Мен ўзим ўтинда ўтирибман. Ҳамма ҳар хил яшаяпти ҳозир. Ўзимнинг акамлар кўмирда ўтирибди. Кўмир ўтин аралаштириб ëқаяпмиз. Лекин у ҳам хавфли барибир. Бизларнинг кўчада уч киши кўмирда ўтирибди. Голландский печка, унча хавфли эмас. Асосан ўтин билан ëнаяпти ҳозир. Тезак ҳам ëқаяпти маҳалламиздагилар. Топганини ëқаяптида ҳозир. Резина ҳам ëқаяпти. Резина яхши ëнадида, ўтинни тез илаштириб олиб кетади. Рубройдлар борку томнинг устига ëпиладиган ана шундан бор. Ўшаларни илаштириб ëқиб юбораман. Тез ëнадида. Ўтинни тез олдиради. Заҳарли, энди нима қиласиз. Ўзим ҳам бир-икки кун касал бўлиб қолдим. Бир-иккита кўмир отиқча ташлаб юборган эканман, кўнгилларим айниб шунақа ҳолат бўлди. Кейин кўмирни ëқмай қўйдимда фақат ўтин ëқадиган бўлдим, дейди Гулшан Қораева.

Андижонликлар кўмир дуди ва ис гази хавфидан огоҳ қилинди


31 январ куни Андижон Тиббиëт институтида суд медицинаси кафедраси мудири, профессор Александра Чурикова аҳоли вакиллари ва талабалар олдида ис газидан заҳарланиш оқибатлари ҳақида очиқ маъруза қилди.

Ўзбекистондаги www.uzinform.com нашри Чурикова маърузасидан иқтибос келтирди:

“Қиш кунлари андижонликлар газ йўқлиги боис ўтин, кўмир ëқишмоқда. Бу ўз навбатида уй ичида чала ëнган ўтин кўмирдан чиққан ис гази тўпланиб қолишига олиб келади. Бу газ инсон организмига нафас йўллар билан кириб заҳарлайди. Кўп ҳолларда бу ўлим билан тугайди”.

Чурикова маъруза сўнгида аҳолини ис газидан огоҳ бўлишга чақиргани ҳам айтилади.

Андижон вилояти касалхоналарига ис газидан заҳарланган бир неча фуқаро мурожаат қилгани ҳақида маълумотлар бор.

"Каримовнинг кўмири"


Газ ва электр танқислиги баробарида Ўзбекистонда тошкўмир нархи ошгани кузатилди. Кўмир сотадиган омборларда "Каримовнинг кўмири" деган арзон кўмир сотилмоқда.

Фарғоналиклар бу кўмирни сотиб олиб ëқа олмай ҳуноб бўлганидан, истеҳзо билан "Каримовнинг кўмири" деб ном қўйишган.

Бу аслида кўмир эмас, балки шунчаки бир тоғ жинси, дейди наманганлик иқтисодиëт фанлари номзоди Расулжон Абдумажидов.

- "Каримов кўмири" дейилишининг сабаби газ йўқ, масалан Фарғона водийсининг ҳамма вилоятлари, масалан Наманган вилояти самосвалларни сотиб олиб, Ангрендан кўмир ташиб аҳолини таъминлади. Лекин бу кўмир ўтиндан хароб. Чунки ўтиннинг кило калорияси 3000, кўмирники 2000 бўлиб қолди. Бизга тошкўмир керак эди. Ангрендан 60 миллион йилдан кейин кўмир бўладиган кўмирни олиб келиб, ë иссиғи йўқ, бошқа йўқ ўтирибмиз, дейди Расулжон Абдумажидов.

Абдумажидовга кўра, "Каримовнинг кўмири" деб сотилаëтган матах ëнмайди ва сассиқ тутун чиқаради. Бу тутун эса заҳарлидир.

- Бу кўмир бўлиши учун яна 60 миллион йил керак. Жиндай сассиғи чиқади, дейди Расулжон Абдумажидов.

Ўзбекистондаги газ танқислиги боис нафақат сохта кўмир, балки ишлатилган шиналар ҳам ëқилмоқда.

Хоразмнинг Соримой ҳудудида яшовчи Қурëз ака ишлатилган мотор мойини дурадгорлар чиқиндиси бўлган ëғоч қириндиларига қўшиб янги ëқилғи яратганини билдирди.

Қурëз ака Ўзбекистондаги қаттиқ совуқ ана шундай ихтироларга йўл очаëтганидан ғурурланиб гапирди.

Фақат бундай ихтироларнинг хавфсизлик тарафи инобатга олинмагани мутахассислар эътирозига сабаб бўлмоқда.
XS
SM
MD
LG