Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:43

Анқара ноқонуний миграцияга қарши кураш чораларини кучайтирмоқда


World -- photo released by French authorities of fishing boat carrying around 300 illegal migrants in Mediterranean Sea before 24sep2008
World -- photo released by French authorities of fishing boat carrying around 300 illegal migrants in Mediterranean Sea before 24sep2008

Биринчи февралдан бошлаб Туркия ҳукумати мамлакатда нолегал яшаб турган муҳожирларга қарши курашни кучайтирди. Туркия матбуоти хабарларига қараганда, агар шу пайтгача нолегал меҳнат мигрантларини ишга олган маҳаллий иш берувчилар жарима тўлаш билан қутулиб қолган бўлсалар, бундан буён қамоқ жазосига ҳукм қилинишлари мумкин. Маълумотларга қараганда, кейинги йилларда ўн минглаб марказийосиёлик, шу жумладан ўзбекистонликлар ҳам Туркиядан иш топган.

Жаҳоннинг иқтисодиёти энг кучли 20 давлати рўйхатидан жой олган, Анталиядаги курортлари билан дам олиш истагида бўлганларни, арзон енгил саноат товарлари билан савдогарларни оханрабодай ўзига тортувчи Туркия кейинги йилларда меҳнат бозорига ҳам айланиб қолди.

Бухоролик Соҳибжон Истанбулда 5 йилдан бери қонуний яшайди. Унинг айтишича, Туркиянинг бу энг йирик шаҳрида ўзбекистонликларни ҳам тез-тез учратиш мумкин ва улар асосан “савдо билан шуғулланади, 99 фоизи савдо билан шуғулланади”.

Туркияда яшаб юрган яна бир ўзбек йигит – Шерзоднинг кузатишлари бошқачароқ. Унинг айтишича, ўзбекистонликлар

- Асосан Истанбулда пекарнийда кўп ишлашади. Ундан ташқари фабрикалар бор, дейди Шерзод.

Бухоролик Соҳибжоннинг айтишича, Туркияда яшаб юрган ўзбекистонликларнинг катта қисми нолегалдир.

Кейинги пайтларда ҳукумат нолегал миграцияга қарши курашни кучайтиргани, Соҳибжоннинг айтишича, кўчаларда тез-тез ўтказилаётган текшир-текширлардан ҳам сезилмоқда.

- Кўпинча йўлларда ушлашаяпти, документ сўрашаяпти Россиядагидай. Авваллари бундай йўқ эди, дейди Соҳибжон.

Шунинг учун ҳам, Шерзоднинг айтишича, нолегаллар, худди Россиядагидай беҳожат кўчага чиқишдан тийилишга уринади.

- Улар жуда кўп кўчага чиқавермайди, дейди Шерзод.

Биринчи феврал куни Туркияда “Чет эл фуқароларининг истиқомати ва уларнинг мамлакатга келиши тўғрисида”ги қонун кучга кирди.

Туркияда чиқадиган “Бугун” газетаси хабарига қараганда, шу пайтгача нолегал меҳнат мигрантларини ишга олган маҳаллий иш берувчилар жарима тўлаш билан қутулиб қолган бўлсалар, бундан буён қамоқ жазосига ҳукм қилинишлари мумкин.

Бошқа манбалардан олинган маълумотларга кўра, бола боқиш, қарияларга қараш билан шуғулланаётган, меҳмонхоналарда ва умуман туризм билан боғлиқ муассасаларда ишлаётган нолегал меҳнат муҳожирлари ўзларининг Туркиядаги мақомларини қонунийлаштириб олишлари зарур, акс ҳолда улар мамлакатдан депортация қилиниши мумкин.

Анқарадаги Ғози университети профессори, Марказий Осиё мамлакатлари бўйича мутахассис Меҳмет Сайфуддиннинг айтишича, шу пайтгача Туркияда меҳнат мигрантларига оид конкрет қонуннинг бўлмагани “бу мамлакатнинг чет эл фуқаролари учун “жаннат”га айланишига сабаб бўлди. Ва бу қонуний бўшлиқ ҳукуматни тегишли қарорларни қабул этишга мажбур қилди”.

Туркия Ижтимоият вазирлиги Меҳнат муҳожирлари бўлими бошлиғи Мурод Сўкариннинг айтишича, янги қонунга биноан меҳнат мигрантлари Туркияда қонуний ишлаш ва ишга рухсатнома олиш учун тегишли маҳаллий органларга янгидан ариза билан мурожаат қилишлари лозим. Ариза янги қонун кучга кирганидан кейин 15 кун ичида берилиши ва ариза берувчининг Туркияда камида 6 ойлик визаси бўлиши зарур.

Айни пайтда Туркия Яқин Шарқ, Африка ва Осиё мамлакатларидан Европага ўтувчи ноқонуний мигрантлар учун йўлга ҳам айланиб қолган бўлиб, “Сес Туркия” нашри маълумотларига қараганда, бу йўлдан йилига 100 000 киши ўтади. Лекин “ўтади” дегани Европага “етиб олади”, дегани эмас, чегаралардан қайтган ўн минглаб муҳожир яна Туркия ҳудудида қолиб кетади.

“Бугун” газетасининг ёзишича, мамлакатда меҳнат муҳожирларининг кўпайиши ўз навбатида ишчи кучи экспортёри бўлиб келган Туркияда маҳаллий халқ орасида ишсизлик даражасининг ортишига сабаб бўлмоқда.
XS
SM
MD
LG