Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:26

“Тақиқланган санъат саҳроси” филми Тошкентда намойиш қилинмоқда


Совет даврида тақиқланган авангард санъат дурдоналарини Ўзбекистонда асраб қола олган Игор Савицкий жасорати ҳақидаги бу филмда коллекциянинг мустақил Ўзбекистон шароитидаги тақдирига оид ташвишли муждалар бор.

Тошкент марказидаги "GRANART" галереясида АҚШ киночилари суратга олган “Тақиқланган санъат саҳроси” филмининг Ўзбекистондаги илк тақдимоти бўлиб ўтди.

Қизилқум чўлларида жойлашган Нукусдаги Игор Савицкий коллекциясининг ҳузунли тақдири ҳикоя қиладиган бу филм ўтган йили Ню Йоркнинг машҳур Greenwich Villageда намойиш қилинган эди.

Тошкентда бу филмни Нукусдаги Игор Савицкий музейи раҳбари Мариника Бобоназарова тақдим қилди.

Тақдимот ҳақида Озодлик мухбирига гапирган "GRANART" галереяси директори Демасова Натальяга кўра, тадбирда Тошкент жамоатчилиги вакиллари ва дипломатлар иштирок қилишган.

“Тақиқланган санъат саҳроси” филми ("The Desert of Forbidden Art") 250 квадрат метрлик саҳнда 30-40 киши учун намойиш қилинаëтганини айтган тошкентлик мунаққид ва рассом Ҳикмат Ғуломов бу тадбир кенг жамоатчилик назаридан четда қолаëтгани юзасидан таассуф билдирди.

- Ўзбекистонда 500 дан ортиқ рассом бор¸ юзлаб шоир ва ëзувчилар бор, деб эшитамиз. Дунëдаги ноëб коллекция ҳақидаги филм шундоқ ҳам бу ҳақда маълумотга эга бўлган дипломатик корпус вакиллари ва бир-икки русийзабон зиëлилар учунгина намойиш қилинмоқда, - деди Ҳикмат Ғуломов.

Совет даврида тақиқланган авангард санъат дурдоналарини Ўзбекистонда асраб қола олган Игор Савицкий жасорати ҳақидаги бу филмда коллекциянинг мустақил Ўзбекистон шароитидаги тақдирига оид ташвишли муждалар бор.

Исми сир тутилишини истаган қорақалпоқ рассоми Озодлик билан хос суҳбатда 1991 йилдан бошлаб музей атрофида шубҳали тадбирлар борганини айтди.

Суҳбатдош музейдаги кўпгина оригинал расмларнинг нусхалар билан алмаштириб қўйилганини иддао қилади.

Ўз иддаосини бирор исбот билан далилламаган суҳбатдош бу музейни кўчада ëтган пул тўла оғзи очиқ халтага қиëслади.

- Музейдаги Волковга оид битта расмнинг нархи 700 миг доллар эканини биласизми? Айни пайтда Волков ҳамда бошқа авангард рассомларнинг асарлари сақланадиган эшикка омборга илинадиган жўн қулф ўрнатилган. Сал ҳафсаласи бор ўғри бу асарларни ўмариши ëки нусха билан алмаштириб қўйиши мумкин, - дейди қорақалпоқ рассоми.

И. Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейида ҳозирга қадар халқаро майдондаги санъат мухлислари кўзидан панада қолаëтган рус авангардининг ноëб намуналари сақланади.
XS
SM
MD
LG