Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:47

Ўзбек ëзувчиси ҳикояси Америкада мукофот олди


Исажон Султон
Исажон Султон

Ўзбек адиби Исажон Султон АҚШнинг Чикаго шаҳрида чоп этиладиган “Лексикон” журналининг 2011 йилги адабий танлови ғолибларидан бири, деб эълон қилинди.


АҚШ, Германия, Австралия, Исроил, Россия, Туркия ва бошқа бир қатор мамлакатларда яшаб, ижод қилаётган адиблар асарлари иштирок этган мазкур танловнинг проза номинациясидаги учинчи мукофот ўзбек адибининг илк бор “Шарқ юлдузи” журналида чоп этилган “Қисмат” ҳикоясига берилди.

Мухбиримиз адиб билан боғланиб, уни мукофот билан табриклади.


Озодлик: Мукофот муборак.

- Раҳмат, раҳмат.

Исажон Султондан “Лексикон” журнали адабий танловига қатнашиб қолиши тафсилотларини сўрадик.

- Аслида бу журналдан хабарим йўқ эди. Бу ерда Интернетни мендан кўра яхшироқ биладиган укаларимиз бор. Шу укаларимиздан “Лексикон" деган журналга “Шарқ юлдузи”да эълон қилинган "Қисмат" ҳикоянгизнинг русчасини юбордик. Шунақа бир конкурслари бор экан” деган гап бўлди. Кейин кутилмаганда “Лексикон” журналида 2010 йил июн ойида шу ҳикоя эълон қилиниб қолди. Бунга хурсанд бўлдик. Ҳақиқатан бир ўзбекнинг овози Америкадай узоқ ўлкада ҳар ҳолда озгина бўлса ҳам эшитилибди деб. Бу ҳикоя балки ўзбек халқининг, ўзбек ҳаëтининг ўзига хослигини қанақадир бошқачароқ қирраларда кўрсата олганлиги учундир проза номинацияси бўйича учинчи ўрин берилибди, дейди Исажон Султон.

Адибдан шугина гапни олиш ҳам анча қийин кечди. У киши “Мен олган мукофот унинг атрофида кўтарилган шов-шувга арзийдиган даражадаги катта мукофот эмас, одам тортинади, индамай қўяверинглар”, деди микрофонимизни ёққунимизча.

Бироқ бошқа бир ўзбек адиби Нурилло Отахон Исажон Султоннинг прозаси тўғрисида анча илиқ гапларни айтди.

- Янги ëзган нарсаларини ўқиб мен ҳавас қилдим. Ниҳоятда яхши, янги йўллар ахтарган, изланишлар қилган. “Мангу дарбадар” деган қиссаси, энди уни рамзий маънода қисса деяпман, роман деса ҳам бўлади, кичик лекин, дунë миқëсидаги фикрлайдиган адиблар биздан ҳам етишиб чиқаëтганга ўхшаб қолди. Мана “Озод” деган қиссасида ҳам яъни бизда кўрилмаган услубларда асар ëзишга ҳаракат қилган. Имконияти жуда ҳам кенг. Менга ëққан томони-э Худо хоҳласа бу жуда ҳам гўзал, бундан кейинги асарлари яна ҳам гўзал бўлса керак. Ўқиганингизда энди юзага чиқиши мумкин бўлган имкони ҳам кўриниб қоладида. Шу томондан Исажонга ҳавас қилдим, дейди Нурилло Отахон.

Адабиётшунослар Исажон Султонни ўзбек адабиётига 90-йилларда кириб келган нисбатан ёш авлод сафига қўшади.

Адибнинг биринчи асари – “Муножот” қиссаси 1990 йили китоб ҳолида нашр этилган. Кейинроқ “Ойдин булоқ” қиссаси ўқувчилар қўлига етиб борди.

Исажон Султоннинг учинчи китоби - “Боқий дарбадар” 2011-йили нашрдан чиқди ва ундан муаллифнинг “Боқий дарбадар” рўмони, қиссалари ва ҳикоялари ўрин олган.

Исажон Султон 1967 йили Фарғонанинг Риштонида туғилган, Тошкент давлат университетининг журналистика факультетини тугатган, 1997 йилдан буён Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Ўзбек адибининг океан ортида чиқадиган журнал мукофотига сазовор бўлгани тўғрисидаги хабаримизда ўша мукофотга лойиқ топилган “Қисмат” ҳикояси тўғрисида ҳеч нарса демадик.

Чунки муаллиф уни сайтимизда эълон қилишимизга лутфан розилик берди.

Ҳикояни мана бу жойда ўқишингиз мумкин.
XS
SM
MD
LG