Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:32

Швециядан ҳайдалган 9 ўзбекдан бири қийноққа солинмоқда


Ҳозир МХХ ҳибсхонасида қолаётган 9 ўзбекдан бирининг қонга беланган кийими яқинларига берилгани айтилмоқда.
Ҳозир МХХ ҳибсхонасида қолаётган 9 ўзбекдан бирининг қонга беланган кийими яқинларига берилгани айтилмоқда.

Ҳозирча исми ошкор қилинмаслиги сўралган 9 ўзбекдан бирининг қонга ботган кийими МХХ ходимлари томонидан рафиқасига берилди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган Нодирбекка кўра, ўтган душанба куни махсус самолёт билан Швециядан Ўзбекистонга йўлланган 9 йигитдан бирининг қонга беланган уст кийими бир неча кун муқаддам ўз яқинларига берилгани маълум бўлган.

- Биз Тошкентдан олдик бу хабарни. Ўтган сейшанба ёки чоршанба куни улардан бирининг қон бўлиб кетган кийимини оиласига бериб, бошқасини олишган. Биз ҳозир учтасининг оиласи билан боғланиб турибмиз. Улар қаттиқ қўрқитилган,- дейди Нодирбек.

У бу йигитнинг исмини яқинлари илтимосига кўра ҳозирча ошкор қила олмаслигини айтди.

- МХХдагилар аниқ айтишганки, 2 ой бизда бўлади болаларингиз, кейин қўйворамиз, деб. Лекин икки ой ичида уларнинг бўйнига статяларни илиб, судга тайёр қилиб қўйишади, бу аниқ энди,- дейди Нодирбек.

Озодликка келган хабарларга кўра, қайтарилган йигитларнинг ҳаммаси ҳануз ҳибсда қолмоқда ва уларнинг бирортасига яқинлари билан учрашиш имкони берилмаган.

Ҳозирча бу йигитлардан иккиси — 27 ёшли Элдор Маматов ҳамда МХХ ҳибсхонасида қийноққа солинган йигитнинг шахси ҳақидаги маълумотлар Озодликка маълум бўлди.

Швециядан сиёсий бошпана қидирган ҳамда Миграция хизмати томонидан бу ҳақдаги сўровига рад жавобини олган 9 ўзбекистонлик 6 февралдан 7 февралга ўтар кечаси мамлакатдан депортация қилинган ҳамда махсус самолётда Ўзбекистонга олиб бориб ташлангани хабар қилинган эди.

Бу ҳақда Озодликка интервю берган манбага кўра, йигитларнинг 8 нафари Тошкент аэропортидаёқ ҳибсга олинган, яна бир нафари эса эртаси куни ўз уйидан Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан олиб кетилган.

Озодлик бу хабар ортидан Швеция миграция хизмати ва полициясига расман мурожаат қилди.

Хусусан, бу йигитларнинг Ўзбекистонга олиб борлишида иштирок этгани айтилган полиция мулозими Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда бу ҳақда ҳеч қандай маълумот бера олмаслиги, ҳамма маълумотнинг унинг раҳбари ёки Миграция хизматидан олишимиз мумкинлигини айтди.

Швеция Миграция хизмати расмийлари ҳозирча бу борада тўлиқ ахборот бергани йўқ.

Аммо, бу тўққиз йигитдан бирининг ҳуқуқларини ҳимоя қилган адвокат уларнинг Ўзбекистонда Махсус хизматлар томонидан ҳибсга олинганидан хабардор эканини айтди.

- Мен бу болаларнинг яқинларидан эшитдим, уларнинг Тошкентда ҳибсга олинганини. Улар бир ҳафта олдин юртига жўнатилган эди,- деди Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистонга бериб юборилган 9 ўзбекдан бирининг ҳуқуқий ҳимоячиси.

Ҳануз бу йигитларнинг қай вазиятда Ўзбекистонга бериб юборилгани қоронғу бўлиб қолмоқда.

Ҳуқуқий ҳимоячига кўра, йигитларнинг сиёсий бошпана сўраб қилган мурожаатига Швеция миграция хизмати томонидан берилган жавоб ва бу йигитларнинг тўғри олиб бориб, Ўзбекистон МХХ қўлига топширилиши халқаро қонунларга зиддир.

- Гарчи уларнинг сиёсий бошпана ҳақидаги сўрови асоссиз бўлган тақдирда ҳам уларни қийноқлар қўлланиши ва сохта, сиёсий айбловлар қўйилиши аниқ бўлган Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг ходимлари қўлига топширилиши халқаро ҳуқуқий меёрларга зиддир,- деди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда 9 ўзбекдан бирининг адвокати.

Унга кўра, тақдири номаълум қолаётган бу йигитлар куч билан Ўзбекистонга жўнатилиши боис ҳуқуқий ҳимоя олиш ҳаққидан ҳам маҳрум қилинган ва бунинг масъулияти швед ҳукумати зиммасидадир.

Озодлик бу воқеа тафсилотларини ўрганишда давом этади.
XS
SM
MD
LG