Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:10

Россияда ўзбек маҳбуси ўз жонига қасд қилди


Россиядан экстрадиция қилинаётган ўзбекистонликлар сони кўпаяётганидан ташвиш билдирмоқда ҳуқуқ фаоллари.
Россиядан экстрадиция қилинаётган ўзбекистонликлар сони кўпаяётганидан ташвиш билдирмоқда ҳуқуқ фаоллари.

Москвадаги изоляторлардан бирида ўз юртига бериб юборилаётганидан хабар топган ўзбекистонликлардан бири ўз жонига қасд қилгани хабар қилинмоқда.

Россияда қочқинлик мақомини сўраган наманганлик Исмоил Долимов 2011 йилнинг апрелида Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот органларининг сўровига биноан Россияда ҳисбга олинган.

15 феврал куни Озодликнинг Москвадаги бюросига қўнғироқ қилган адвокат Дарья Тренинага кўра, ўз ҳимояси остида бўлган Исмоил Долимов Ўзбекистонга бериб юборилаётганини эшитгач ўз жонига қасд қилган.

- Маълум бўлишича, у экстрадиция қилинишини эшитгач ўз жонига қасд қилган – қўл томирлари ва, билишимча, қорнини ҳам кесган. Бу маълумотни менга у билан бирга камерада бўлганлар етказишди. Биласизку, изоляторда ташқари билан алоқа бироз бемалолроқ ва “турма радиоси” орқали буни менга етказишди. У ҳозирда тирик экан ва қаергадир олиб кетилибди, қаерда эканини икки кундан бери топа олмаяпман, дея маълум қилади Дарья Тренина.

Адвокатнинг билдиришича, 1977 йилда туғилган Долимов Исмоилжон Исабоевич асли Наманган шаҳридан. У Россияда қочқинлик мақомини сўраб Федерал миграция хизмати идораларига мурожаат қилган, бироқ ўтган йили Москванинг Басман туман судида уни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш тўғрисида қарор чиқарилган.

2011 йилнинг декабрида Россия Олий суди бу қарорини ўз кучида қолдирди.

Ўзбекистонликнинг ўз жонига қасд қилгани сабабларини тушунтирар экан, Дарья Тренина Исмоилжон Долимов Россиянинг турли давлат идораларига Ўзбекистонда ноҳақ қамалгани ва у ерда узоқ йиллар давомида унга нисбатан қўлланган қийноқ-азоблар ва конкрет исми-шарифлари келтирилган мутассадиларнинг кирдикорлари ҳақида ёзганини гапиради.

“Россия Бош прокуратураси яқинда унинг имзоси қўйилган барча ариза ва шикоятларни Ўзбекистонга, унинг берилишини сўраган идорага юборибди”, дея давом этади адвокат.

- Шундан кейин у англадики, агар у экстрадиция қилинса, аниқ тирик чиқмайди. Агар бундан олдин у фақат қийноқлардан хавотир олаётган бўлса, эндиликда у бунга ишонч ҳосил қилиб жонига қасд қилди. У шунчалик Ўзбекистонга юборилишидан қўрқаётган эдики, тасаввур қила олмайсиз! Ўзбекистонда у жами 15 йил ўтириб чиққан, у ерда унга нисбатан қўлланган қийноқлар ва зўрлашларни эслаб, “шу ерда ўлиб кетганим яхши”, деяётган эди, дейди Долимовнинг адвокати Тренина.

Адвокатнинг сўзларига кўра, биринчи маротаба Исмоил Долимов магнитофон ўғирлагани учун Ўзбекистонда 7 йиллик қамоқ жазосини ўтаб чиққан. Тренинанинг Исмоил Долимов сўзларига таяниб айтишича, иккинчи маротаба маҳаллий милицияда унинг бўйнига гилам ўғрилигини "юклаган" ва у яна шунчага қамоққа ташланган.

Озодликка чиқиб, Долимов Наманганда маъмурий назорат остига тушган. У бозорда сигарет ва бошқа майда-чуйда савдоси билан шуғулланган, лекин назоратчи милициячилар доимо унинг пулини тортиб олишган ва таъмагирлик қилиб келган.

У 2010 йилда Россияга келиб, 2011 йилнинг апрелигача, яъни ҳисб этилгунга қадар мардикорлик қилиб юрган.

Адвокатининг айтишича, Долимов Россиядалиги пайтида Ўзбекистондаги уйига келган милиция ходимлари оғилхонада, ҳеч бир гувоҳсиз, наркотик моддаларини аниқлагани ва у энди наркотиклар савдосида айбланиб, жиноий иш қўзғатилганини эшитган.

- Россия уни маъмурий назоратдан қочгани учун эмас, айнан шу наркотик моддалари учун экстрадиция қилиши тўғрисида қарор чиқарди, дейди Озодлик билан суҳбатлашган адвокат Дарья Тренина.

Тренина Исмоил Долимовни тасодифан қамоқхонада учратиб қолган ва унга раҳми келиб бепул ҳимоя қилишга қарор қилганини билдирди.

Ҳозирда адвокат Дарья Тренина Исмоилжон Долимовнинг иши юзасидан Страсбург судига мурожаат қилишга тайёрланаётганини қўшимча қилди.

Адвокатнинг айтишича, Наманганда Исмоилжон Долимовнинг рафиқаси, бир нафар фарзанди ҳамда кекса онаси қолган. Исмоилнинг укаларидан бири Ўзбекистон қамоқхоналарида сил касалидан нобуд бўлган.
XS
SM
MD
LG