Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:33

Ўзбекистонда ўзбекча Wikipedia тўсиб қўйилди


Ўзбекистонда дунёдаги энг йирик электрон энциклопедия Wikipediaнинг ўзбек тилидаги саҳифасига тўсиқ қўйилди.

Ўзбекистонда Википедиянинг uz.wikipedia.org саҳифасига кирмоқчи бўлаётганлар тўсиқ қўйилган бошқа мустақил сайтлар каби MSN.com га улоқтириб ташланмоқда.

Бу ҳақда Озодликнинг Ўзбекистон ичкарисидаги бир эмас¸ бир неча манбаси хабар қилди.

Википедиянинг энг мукаммал инглиз ва рус тилидиги саҳифалари очиқ қолаётган бир пайтда, ўзбек тилидаги Википедиянинг тўсиб қўйилиш сабаблари қоронғу қолмоқда.

Инсоният тарихидаги энг йирик бепул энциклопедиянинг бошқа тилларида миллион саҳифалик материал бўлгани ҳолда¸ ўзбек тилидаги Википедия ниҳоятда ғариб ва унга ҳозирга қадар атиги 7876 мақола қўйилган.

Нодир Отаев.
Нодир Отаев.
Исталган Интернет фойдаланувчиси материал юклаш имконига эга Википедиянинг ўзбек саҳифасидаги фаол муаллифлардан бири Будапештдаги Марказий Европа университетининг 23 яшар магистранти Нодир Отаев.

Википедия фаоли кейинги пайтларда сал бўлса-да жонлана бошлаган ўзбекча Википедия ўзбекистонликларни нисбатан объектив ахборотдан маҳрум қилиш ниятида ëпиб қўйилган бўлишини тахмин қилади.

- Менимча, ўзбек халқи асосан ўзбек тилида ўқиса керак. Баъзи бир мавзуларда маълумот олишларини чеклаш учун қилинган сиëсат деб ўйлайман. Ўзбекистонда жойлашган фойдаланувчилар ўзбек тилида давлат сиëсати ҳақида маълумот ололмасинлар ëки ëза олмасинлар деган маънода қилинган менимча¸ дейди ўзбекча Википедия фаолларидан бири Нодир Отаев.

Википедиянинг ўзбек тилидаги материаллари орасида Ўзбекистон ҳукумати¸ хусусан президент Ислом Каримовга мухолиф ëки танқидий руҳда ëзилган бирор мақолани топиш мушкул.

Ўзбек тилида Ислом Каримов ҳақида бор-йўғи беш жумлалик маълумот қўйилган бўлса¸ унинг ҳам мамлакат ичкариси¸ ҳам ташқарисида оммавий ахборот воситалари назарига тез-тез тушиб турадиган фаол қизлари ҳақида умуман маълумот йўқ.

Боз устига¸ 16 феврал кунги қидирув давомида ўзбекча Википедиядан Ўзбекистон ҳукумати ўз асосий мухолифлари деб билган шахс ва гуруҳлар ҳақида ҳам бирор маълумот топишнинг имкони бўлмади.

Википедиянинг нафақат ўзбек¸ балки рус ва инглиз тилидаги саҳифаларида ҳам Ўзбекистонга оид маълумотларни қўйиш¸ бошқалар қўйган материалларни тўлдириш ëки таҳрир қилиш билан шуғулланиб келаëтган Нодир Отаев ўзбекча Википедиянинг ëпилиши учун бирламчи шубҳа Ўзбекистон махфий хизматлари зиммасига тушишини айта туриб¸ бундай ғариб бир саҳифани тўсиш кимга ва нимага хизмат қилишини тушуна олмаслигини айтади.

Зотан¸ тўсилмай турган тақдирда ҳам¸ бу фаол фикрича¸ ўзбекистонликларнинг Википедиядаги сустлиги уни Ўзбекистон ҳақида жиддий ахборот манбасига айланишига йўл қўймай келаëтир.

- Ўзбек Википедиясида ҳозир энг катта муаммо 8000га яқин мақола бор холос. Бу жуда кам дегани. Қозоқ тилида гапирувчилар кам бўлгани билан уларнинг википедиясида 100 мингдан ошиқ мақола бор. Ўзбекча қўлланувчиларимиз жуда ҳам пассив. Ўзбекча википедияни Тошкент ҳақида очсангиз ҳам манбалар кўрсатилмаган ëки маълумот етарли эмас. Бундан ташқари инглиз тилини билганлар ҳам жуда кам ëзади. Ўзбекистон ҳақида инглиз википедиясида ҳам мақола кам.

Масалан¸ мен шок бўлган эдим. Қарасам, Миртемир, Ғафур Ғулом, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов ҳақида умуман мақола йўқ. Алишер Навоий, Бобур, Улуғбекларни очсангиз, чет элликлар ëзгани учун уларнинг ўзбекларга алоқаси борлиги ҳақида ҳеч нарса йўқ. Навоийни уйғур деб ëзибди¸ дейди Википедиядаги ўзбек фаоли Нодир Отаев.


Нодир Отаевнинг "Википедия ишончли-ми?" мавзусидаги мақоласига ўтиш.
XS
SM
MD
LG