Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:27

Тошкентда НАТО юклари транзити муҳокама қилинмоқда


Британия Мудофаа вазири Филипп Ҳаммонд.
Британия Мудофаа вазири Филипп Ҳаммонд.

Британия Мудофаа вазири Филипп Ҳаммонд Афғонистондаги қўшинларни олиб чиқишда транзит муҳокамаси учун Тошкентга келди.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизматидан олинган маълумотга кўра, 28 феврал куни тонгда Тошкентга келган Буюк Британия Мудофаа вазири Филипп Ҳаммонд мамлакат раҳбарияти билан музокаралар ўтказмоқда.

Матбуот хизмати асосий учрашувлар вазирликда бўлгани, Британия мулозимининг Ўзбекистон Мудофаа вазири Қобул Бердиев учрашгани ва бу учрашув жараёнида 2012 йил учун ўзаро ҳарбий-техникавий ҳамкорликка қаратилган бир йиллик режа имзоланганини билдирди.

Расмий маълумотга кўра, ушбу ҳужжатда Ўзбекистонинг "Афғонистондаги барқарорликни сақлашдаги муҳим роли" яна бир карра таъкидланган ва шунингдек, у ердан "коалиция қўшинларини олиб чиқишга оид режалар" амалиётида Ўзбекистоннинг иштироки кўзда тутилган.

Хориж матбуоти хабарига кўра ҳам, Ҳаммонднинг Ўзбекистонга ва ундан аввал Қозоғистонга қилган сафари Буюк Британиянинг Афғонистондаги қўшинларини Марказий Осиё давлатлари орқали олиб чиқиш масаласи муҳокамасига қаратилган.

Жумладан, Британияда чоп этиладиган The Telegraph нашрининг ёзишича, Афғонистондан қўшинларини олиб чиқиш жараёнини бошлаётган Британия мулозими Қозоғистон ҳукумати билан ҳам янги шартнома имзолаган.

Бу шартнома асосида Британия Афғонистондаги қарийб 6 миллиард 350 миллион долларлик ҳарбий юк, шу жумладан, танклар ва зирҳли ҳарбий техникани олиб чиқиш имконига эришишга умид қилмоқда.

Ўтган йилнинг ноябр ойида Америка ҳарбийлари ҳужуми чоғида Афғонистон ва Покистон чегарасида 24 покистонлик ҳарбий ўлдирилганидан кейин НАТО юклари учун Карачидан Афғонистонга қадар берилган транзит йўли ёпилган.

АҚШ ва Покистон ўртасидаги муносабатлар ҳам совуқлашиб кетган айни кунда Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқишни бошлаётган Буюк Британия асосий диққатини Марказий Осиёга қаратгани айтилмоқда.

Буюк Британия ўз юкларини Афғонистондан Ўзбекистоннинг Ҳайратон кўприги оқали Марказий Осиёга олиб кириш ва шу ердан 6 ярим минг километрлик масофани босиб ўтиб, тўғри НАТОга аъзо бўлган Болтиқ бўйи давлатларигача олиб чиқишга умид қилмоқда. Ҳозирда Афғонистондаги НАТО қўшинларига етказилаётган юкларнинг 80 фоизига яқини айнан Болтиқ бўйидан бошланиб, Россия, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистон орқали ўтадиган Шимолий Таъминот Тармоғи ҳиссасига тўғри келмоқда.

Экспертлар ҳисоб-китобича, Афғонистондаги ҳарбий юкларни олиб чиқишнинг нисбатан арзон йўли айнан Марказий Осиё орқали ўтади.

Аммо Астанада туриб матбуотга сўзлаган вазир Филипп Ҳаммонд Foxhound, Coyote каби қиммат ва илғор ҳарбий техникадан иборат юкларни Афғонистондан Марказий Осиё орқали олиб чиқишнинг яна бир зарурати хавфсизлик экани ҳақида гапирди.

Ҳаммондга кўра, НАТО юклари Покистонда кўп бора Толиблар ҳужумига учрагани жуда хавотирлидир.

The Telegraph нашри хабарига кўра, Буюк Британия юкларини Афғонистондан олиб чиқиш шу йилнинг ёзидан бошланади ва бу жараённи икки йилда якунлаш режалаштирилган.

Бу жараён учун Британия ғазнасидан қарийб 150 миллион АҚШ доллари сарфланиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

Wall Street Journal нашрининг АҚШ Давлат департаментидаги манбаларига таяниб, АҚШ раҳбарияти ҳам айни дамда Тошкент билан Афғонистондаги ўз қўшинларини олиб чиқиш бобида изчил музокаралар олиб бораётгани ва хусусан, Тошкент расмийларидан Ўзбекистон ҳудудидаги транзит йўллардан фойдаланишга розилик олиб улугургани ҳақида ёзмоқда.

Айнан Шимолий Таъминот Тармоғининг амал қилиши эвазига АҚШ Ўзбекистон билан 2004 йилда инсон ҳуқуқлари аҳволи оғирлашгани боис тўхтатган ҳарбий-техникавий ҳамокрлик алоқаларини ўтган йили тиклагани айтилади.

Wall Street Journal нашрининг яна ёзишича, АҚШ департаментидаги манбалар нафақат Ўзбекистон, балки минтақанинг бошқа давлатлари ҳам бу масалада АҚШ билан ҳамкорлик қилишга мойиллик кўрсатган.

Баъзи ҳисоб-китобларга кўра, Шимолий Таъминот Тармоғи учун Қўшма Штатлар Марказий Осиё давлатларига йилига жами 500 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ тўламоқда. Эндиликда Афғонистондан юкларни олиб чиқиш бундан арзонга тушмаслиги аниқ.

Бундан ташқари, АҚШ маъмурияти Афғонистонда фойдаланилган ҳарбий юкларнинг ортиқча қисмини Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа давлатларига қолдириш ҳақида ҳам таклиф киритган.

Айрим норасмий манбалар бераётган хабарга кўра, бунча даромад ва "ҳарбий мерос"га кўз тиккан Марказий Осиё раҳбарлари орасида яна Ўзбекистон бироз тихирлик қилмоқда.

Ўтган ҳафтада 5 кунга Тошкентга келган ва айни масалаларда музокаралар ўтказган Латвия Мудофаа вазири Артис Пабрикс сафари муносабати билан берилган хабарларда Франция раҳбарияти Ўзбекистон ўз ҳудудидан ўтадиган транзит йўли учун нисбатан қимматроқ ҳақ сўраётганига ишорат қилгани айтилди.

АҚШнинг Афғонистондан олиб чиқилиши режалаштирилаётган ҳарбий юки ҳажми 49 минг дона зирҳли ҳарбий техника ва 100 минг донадан ортиқ контейнердан иборат экани айтилмоқда. Бу юк қиммати қарийб 49 миллиард АҚШ доллари экани айтилмоқда.

Ҳозирча, хориж матбуотида кўпроқ АҚШ ва ЕИ дипломатларига таяниб берилаётган бу мазмундаги хабарларга на расмий Тошкент ва на НАТО ёки АҚШ раҳбарияти томонидан расмий муносабат билдирилди.

Хусусан, ҳафта аввалида Қозоғистон, 28 феврал куни эса Тошкентга сафар қилган Буюк Британия Мудофаа вазири Филипп Ҳаммонд сафари хусусийда ҳам Тошкентдан бирор расмий маълумот олишнинг ҳозирча имкони бўлмади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирилиги томонидан берилган расмий хабарда бу учрашувларда икки томонлама алоқаларга оид масалалар муҳокама қилиниши ҳақидаги икки оғиз гап айтилди, холос.
XS
SM
MD
LG