Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:21

Темир йўл масаласи яна кун тартибида


Қирғиз парламенти депутатлари Хитой- Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилишини молиялаштириш учун Хитой томони Қирғизистондан бир қатор конлар берилишини талаб қилаётганини билдирмоқда.

Қирғизистон ҳукумати Хитой-Қирғизистон –Ўзбекистон темир йўли жорий йилда қурила бошланишини эълон қилди. Ҳукумат расмийларининг билдиришича, айни пайтда бу борада Хитой билан музокаралар олиб борилмоқда.

Бироқ қирғиз парламенти депутатлари тузилган шартномага мувофиқ темир йўл қуриб бергани учун Хитойга Қирғизистондаги айрим конлар бериб юборилиши мумкинлигидан ташвишланишмоқда. Депутатлар фикрича, агар темир йўл тоғ кон бойликларига алмаштирилса, Қирғизистон яна зиёнда қолади холос.


- Хитой Сандиқдаги алюминий конини, Жалолобод ва Мингқушдаги конларни, Ўзган бассейнидаги кўмир конларини ва Етимтоғдаги темир конини талаб қилмоқда. Ҳукумат бу борада қандай қарорга келинганини биздан яшираяпти, -деди депутат Райкан Тологонов.

Депутат фикрича, темир йўл қурилиши лойиҳасида бир қатор ҳаражатлар ошириб кўрсатилган бўлиши эҳтимол.

- Масалан, лойиҳада 70 километрлик масофада кўприк ва тоннеллар қуриш учун 660 миллион доллар сарфланиши кўрсатилган. Лойиҳанинг “Бошқа чиқимлар” деб номланган қисмида ҳам мана шунча ҳаражат ишлатилиши белгиланган. Лекин “Бошқа чиқимлар дегани нима ўзи, бу маблағ нимага сарфланади ва нималар қилинади?” деган саволга жавоб йўқ. –дейди депутат Райкан Тологонов.


Қирғизистон ҳукумати эса Хитой билан тузилаётган шартномада конлар ҳақидаги модда йўқлигини билдирмоқда. Аммо айни пайтда шартнома матнини жамоатчилик эътиборига ҳавола қилишдан ҳам бош тортмоқда. Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлини қуриш ва лойиҳалаш дирекцияси раҳбари Канат Абдикеримов ҳам Хитой томони билан темир йўл ўрнига конлар берилиши ҳақида музокаралар олиб борилмаганини айтди.Унга кўра, депутатлар турли баҳоналар билан мазкур темир йўл қурилишига ҳалақит бермасликлари керак.

- Темир йўл қурилса Хитойдан Қирғизистонга, ундан Қозоғистон, Ўзбекистон, Эрон ва Европага юклар олиб ўтилади. Мазкур йўлнинг биргина транзит потенциали Қирғизистонга жуда катта фойда келтиради. Иккинчидан, Қирғизистон ҳудудида қуриладиган биргина юк станциясидан бюджетга йилига 200-210 миллион доллар даромад тушади, -дейди Канат Абдикеримов.

Қирғиз ҳукумати Хитой-Қирғизистон Ўзбекистон темир йўли 2018 йилда тўла ишга туширилишини билдирмоқда.
XS
SM
MD
LG