Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:46

Pussy Riot ва FEMEN: аёллар безорилигими, норозиликми?


Pussy Riot гуруҳининг Кремл деворлари олдидадги чиқишларидан бири.
Pussy Riot гуруҳининг Кремл деворлари олдидадги чиқишларидан бири.

Москвада Pussy Riot деб номланувчи панк-гуруҳининг тўрт иштирокчиси ҳибсга олинди. Мусиқий гуруҳ аъзолари шу йилнинг 21 февралида Исо Масиҳ ибодатхонасида қилган безорилиги учун жавобгарликка тортилиши айтилмоқда.

Ўзининг ғайриоддий ва айрим ҳолларда безорилик чиқишлари билан Россияда ном қозонган Pussy Riot мусиқий панк-гуруҳи 21 феврал куни Россияда марказий саналган Москвадаги Исо Масиҳ ибодатхонасида “мусиқйи намойиш” уюштирди. Ибодатхона ичига кириб олган маскадаги қизлар баланд овоздаги мусиқага рақсга тушди.



Ўз қўшиқларида улар “Худойим, Путинни ҳайдаб юбор!” дея куйлайди.

3 март куни бу тадбирда иштирок этганликда гумон қилинаётган Надежда Толоконникова ва Мария Алёхина Таганка суди қарори билан тергов муддати тугагунига қадар ҳибсга олинди. Ҳибсга олиниши биланоқ Толоконникова ва Алёхина очлик эълон қилганлиги айтилмоқда.

Yotube порталига қўйилиши биланоқ қизларнинг видеога олинган ибодатхонадаги “концертлари” Рунетда энг кўп томоша қилинган роликлар қаторидан ўрин олди. Бироқ, Pussy Riot гуруҳи аъзолари шу тариқа мавжуд сиёсий тузумга қарши курашаётгаликларини айтмоқда.

Россия президент сайловидан бир неча кун олдин журналистларга берган интервьюсида панк-гуруҳ аъзоларидан бири “Pussy Riot ўз “концертлари” билан Россияда содир этилаётган барча ноҳақликларга қарши норозилик билдирмоқда, биз фуқаролик жамияти тарафдорларимиз”, деган фикрларни илгари сурди.

- Биз шу тариқа фуқаролик норозилигини ривожлантирмоқчимиз. Яъни одамлар бирор сиёсий куч билан олдиндан келишмасдан, партиялар ва лидерлар ортида бирлашмасдан ўз норозиликларини намойиш қиладилар. Бизнинг норозилигимиз ижодий шаклга эга. Ҳозир мамлакатимизда бўлаётган қалбаки сайловлар натижасида норозилик тўлқини бошланди. Одамлар албатта ғазабланган,- деди мусиқачи қизлардан бири.

- Бўлиб ўтган сайловлар ҳақиқий қаллоблик,- дея давом этади яна бир панкчи қиз,- Агарда бу ҳақиқатан халқ сайлови бўлганида эди жуда бўлмаганда ҳақиқат бўларди. Шу сабабли уни сайлашмаса, у ўзини-ўзи ҳокимият тепасига қўяди,- деди Владимир Путиннинг ҳокимият тепасига яна бир бор келшига ишора қилган Pussy Riot гуруҳи иштирокчиси.

Pussy Riot аъзолари ҳибсга олинганидан бир кун ўтар-ўтмас Украинадан келган яна бир аёллар ҳаракати - FEMEN фаоллари ҳам Россия мухолифатини қўллаб-қувватлаш мақсадида Москвадаги Исо Масиҳ ибодатхонаси ёнида “Худойим, подшоҳни ҳайда!” акциясини уюштирди. Ундан ташқари, FEMEN фаоллари сайлов куни овоз бериш участкаларидан бирида бюллетен қутисини ўғирлашга ҳаракат қилди.

Украиналик қизлар ярим-яланғоч ҳолда дунёдаги авторитар тузумлар, фоҳишабозлик, қуллик ва коррупцияга қарши курашаётганини иддао қилиб келади.

Бу чиқишлари учун Москванинг Гагарин суди FEMEN ташкилоти аъзоларига нисбатан маъмурий иш қўзғатилиб, улар 5, 10 ва 12 кунлик қамоқ муддатига маҳкум этилди. Муддатни ўтаб бўлганидан кейин FEMEN қизлари Россиядан депортация қилинишига тайёргарлик кўрилмоқда.

FEMEN ҳаракати ўзларига жамоатчилик эътиборини қаратишнинг ўзига хос усулини танлаган: улар кўплаб мамлакатларда ўзларининг “яланғоч” норозилик намойишлари билан танилган.

Pussy Riot панк-гуруҳи FEMEN аёллар ташкилотининг Россиядаги ўзига хос кўриниши ҳисобланади.

Россияда Pussy Riot нинг “мусиқий чиқиш”лари тарафдорлари сони ҳам ошиб бормоқда. Патриарх Кирилл, Москва муфтийси Албир Крганов ва бошқа бир қатор расмийлар қизларнинг бундай ҳаракатини кескин қоралаб келади.

Шунга қарамасдан, Россиянинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили Владимир Лукин “безори қизлар” Халқаро хотин-қизлар кунига озодликка чиқариб юборилиши зарурлигини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG