Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:08

Ўзбекистонда 52 минг чегарабузар ушланди


Чегара ҳудудида яшовчи ўзбекистонликлар асосий контрабанда моллари чегарачи ва тадбиркорлар орасида воситачилик қиладиган “54чилар” деб аталувчи шахслар томонидан олиб ўтилишини айтмоқдалар.

Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизматининг Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси 2011 йилда Ўзбекистон чегарасини бузган 52 минг шахс қўлга олинганини айтмоқда.

Қўмита матбуот хизматига асосланиб, Регнум ахборот агентлигининг хабар қилишича, Ўзбекистондан контрабанда йўли билан асосан қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат маҳсулотлари, минерал ўғитлар ва металл олиб чиқишга ҳаракат қилинади.

Ўзбекистонга эса ноқонуний йўллар билан қўшни давлатлар чегараларига туташ минтақаларда жойлашган улгуржи бозорлардан халқ истеъмоли моллари, алкогол ичимликлар, парфюмерия, кийим-кечак олиб кирилади.

Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизматининг Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси маълумотига кўра, ўтган йили Ўзбекистондан Қозоғистонга 200 тоннадан ортиқ озиқ-овқат, мева-сабзавот маҳсулотларини ноқонуний олиб ўтишга боғлиқ 450 дан ортиқ ҳолатнинг олди олинган.

Ўтган йилда Тожикистонга 200 тонна қишлоқ хўжалик, 35 тонна озиқ-овқат маҳсулотлари, 80 тонна ёнилғи, 70 тонна минерал ўғит, 20 тонна металлнинг ноқонуний олиб ўтишга уриниши билан боғлиқ 780та ҳолат тўхтатиб қолинган.

Ўзбекистонга эса умумий қиймати 1,9 миллиард сўмлик алкогол ичимликлар, спирт, тамаки маҳсулотлари ва бошқа хил товарларни ғайриқонуний тарзда олиб кириш бўйича 1600та ҳолат ошкор қилиниб, 3403 нафар чегара бузувчи шахслар қўлга олинган.

Бироқ, чегара ҳудудларида яшаётган ўзбекистонликларнинг айтишларича, айни пайтда чегара ҳудудларида чегарачилар ва божхоначилар билан келишиб ишлайдиган, “54чилар” деб аталадиган махсус одамлар фаолияти кучайган.

Хавфсизлик юзасидан исмини ошкор қилмаган, Фарғона вилоятидаги Риштон туманининг Қирғизистон билан чеградош ҳудудида яшаётган бу йигитнинг айтишича, “54чилар” деган ибора Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг контрабанда молларига қарши курашишга қаратилган 154-қарори билан боғлашади:

- Ҳозир Риштонда битта чегара пункти бўлса, божхона пункти бўлса, энди бу узунига Олтиариққача чегарачи қўйиб қўриқлашнинг имкони йўқ. Қаердадир назорат қилинмайдиган жойлар бор. “54чилар” ҳамма ëғини билади. Ким, қачон, қаерда турибди, қаерда алмашади, қачон ужин қилади, обед қилади ҳамма ëғини билади. Билиб туриб қайси аскар келишувга рози, энди уларнинг ичида тилини топиш қийинлари бор, осонлари бор. Мисол “Эшмат келди. У билан тил топишса бўлади. Бориб, гаплашиб кўндириб келгин” дейди. У кейин бориб “Шунча берамиз ака. Бир соатга йўлни очиб туринг” дейди. Бўпти, деб бир соат қарамай туради кейин. Бир соатда 20-30 киши бир КамАЗ юкни чегарадан ўтказиб қўйишади,- дейди риштонлик бу йигит.

Бироқ, Тожикистоннинг Зафаробод туманида истиқомат қилувчи Бегали Ашурматовнинг айтишича, сўнгги пайтларда контрабанда юкларини ноқонуний олиб ўтиш ҳолатлари кескин камайди:

- Солярка ўтказарди олдин. Ҳозир тўхтаган. Селитра ўтказар эди. Бу селитралар ҳам деярли тўхтади. Умуман йўқ. Окорочка деган нарсалар ўтарди. Олдин жуда очиқ-ойдин ўтардида. Бир кечада 20-30тагача КамАЗлар ўтганини кўрганмиз. Менинг олдимдан ўтиб кетардида. Булар ҳам ҳозир тўхтаган. Бу йўллар бекитилган. Ўтса селитра ўтадида. Жуда кам лекин, ҳозир, - дейди зафарободлик Бегали Ашурматов.

Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизматининг Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси маълумотига кўра, 2011 йилда Ўзбекистон-Туркманистон чегарасида вазият қўшни республикаларга нисбатан тинч бўлган.

Ўзбекистон чегарачилари Туркманистонга кам миқдорда турли маҳсулотлар олиб ўтиш билан боғлиқ 230 та уринишнинг олди олинган.
XS
SM
MD
LG