Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:45

Почта жўнатмаларига дахл қилинмоқда


Кейинги пайтларда хориждан Ўзбекистонга юборилган почта жўнатмалари-посилкалар ўз эгаларига етиб бормаяпти.

Битта DVD-плейер ўрнига 3 бакалашка Вonaqua


Кореянинг Чунжу шаҳридан Сурхондарёнинг Сариосиё тумани Дашнобод қишлоғида яшовчи яқинларига почта жўнатмалари юборган Ўрол ака бир эмас тўрт марта чув тушганини айтади.

- Бир килосини етти доллар тўлаб жўнатамиз. Учта фарзандим бор. Кийим-бош жўнатиб тураман. Бир сафар болаларимга деярли 300 долларлик совға-салом олдим. Ўғлим “DVD юборинг дада” деганди, DVD юбордим. Уйга почта борган. Ичидан эса 3та баклашкада Вonaqua суви чиққан. Баклашкаларни оғзини скочлаб қўйган. Тўрт марта юким йўқолди. Умуман бормайди. Ҳозир Кореядан Ўзбекистондаги яқинларига нарса жўнатадиган барча болаларнинг нарсаси йўқолаяпти. Бир сафар бир оғайним болаларига компютер жўнатди. Компьютерни олиб қўйиб, коробкасини уйига олиб бориб беришаяпти,- дейди Ўрол ака.

Жемпер ўрнига тузланган помидор банкаси


Ўрол ака яна бир ҳолатда қизига жўнатган кийим-кечаклар ўрнига тузланган помидор банкалари чиққанини эслайди.

- Қизимга "Ангорка" жемпер жўнатгандим. Посилка уйга борганда ичидан эски-туски нарсалар ва тузланган помидор банкалари чиққан. Қизим ҳалигача сўрайди, "Дада қачон жўнатган жемперингиз келади" деб. Мен Сариосиёдаги почта бўлимига мурожаат қилдим. Термизда вилоят почтасига ҳам мурожаат қилдим. Тошкентга ҳам мурожаат қилдим. Тошкент Термизга айт дейди. Термиз биз билмаймиз дейди. Нима қилишингни ҳам билмайсан. Бу ерда Кореяда жўнатган жойимга бориб ҳам шикоят қилдим. Биласизми, бу ерда Вonaqua суви йўқ. Кейин бу ерда тузланган помидор банкасининг қопқоғи резбали бўлади. Бизга ўхшаб қўлда босилмайди. Мани посилкамдан чиққан помидор банкалари Ўзбекистондаги банкалар эди. Лекин бирор жойга мурожаат қилиб, натижага эришмадик,- дейди Ўрол ака.


Италия конфети ўрнига Қўқон сочиғи


Озодлик посилкалар эгаларига етиб бормаётгани мавзусида мақола тайёрлаётгани ҳақида бир кун аввал Twitter орқали хабар қилганди.

Ушбу хабарни ўқиган асли наманганлик бўлган ҳозирда Германияда яшаётган Илҳом Озодликка мурожаат қилиб, посилкалар билан боғлиқ бир ҳангомани гапириб берди.

Илҳомнинг айтишича, дўстлари бир неча бор Германиядан Ўзбекистондаги яқинларига посилка жўнатган, бироқ посилкалар ўз эгаларига етиб бормаган.

Шундан кейин Илҳом синов тариқасида ўзи ҳам Намангандаги яқинларига бир килограмм шоколод жўнатган.

- Бир килолик шоколадни чиройли қилиб ўраб жўнатдим. У шоколадларнинг биттаси Италияники эди, биттаси Германияники. Кўп ҳам эмас бир кило. Коробкаси билан бир кило. Текшириш учун юбордим. Посилка айнан менинг туғилган кунимга етиб борди. Хурсанд бўлдим. Ўша кун телефон қилган пайтим, почтачи келган экан. Хурсандман. Посилкани очишгач, телефонда менга айтишаяпти, “Сочиқ юборибсан” дейишди. “Сочиқ юбормаганман” дедим. “Кофе юборибсан” дейишди. "Кофе умуман юбормаганман. Шоколад бўлиши керак. Бошқа ҳеч нарса юбормаганман" дедим. Шоколадларим ўрнига кофе, вафли, сочиқ чиқди. Почтачини чақиришди. “Қара бу очилган. Алмаштириб қўйилган” дейишса, “Йўқ, биз алмаштирмаганмиз. Германияда алмаштирган” дебди. Дадам “Тўхтаб тур. Бу ëққа келгин. Кофе Россияда ишлаб чиқарилган. Қайси немис ахмоқ бўлиб, Россияга бориб, олиб келиб, ўзбекнинг посилкасига солади. Мана вафли Қозоғистонда ишлаб чиқарилган. Немис ўзбекнинг посилкасига Қозоғистондан нарса олиб бориб солиб қўядими. Сочиқни қара Қўқонники” деса, почтачи "биз ҳеч нарса билмаймиз" деган гап қилган,- дейди Илҳом.


Ўзбекистон почтаси: Айб хорижда


Озодлик мавзу юзасидан почта жўнатмалари учун маъсул бўлган ташкилот - "Ўзбекистон почтаси" очиқ аксиядорлик жамиятига мурожаат қилди.

Ташкилотнинг “Почта хавфсизлиги" бўлимининг ўзини таништирмаган мутасаддисига кўра, бу каби ўғрилик ҳолатлари учраб туради.

Лекин аксар ҳолларда хорижнинг ўзида почта жўнатмалари очилиб, ичидан нарсалар ўғирланади, дейди у.

- Кўп келаëтган посилкалар жойида ўғирланиб келаяпти. Бизларда бўлган у ҳолатлар. Бизлар ëзганмиз. Бизларга келиб тушганда акт тузилади дефекти бўлса. Весида, упаковкасида, қопда бўлса, у ëқ тараф айбдор бўлади, жўнатувчи давлат. Масалан, Кореядан келаëтган бўлса, транзит қаердан ўтса, ўша мамлакатларга хат ëзилади. Америкаям худди шу, Германия ҳам шу. Энди келиб тушишига қараб. Бизларга келиб тушса, аэропортда ҳам, халқаро почтамтда ҳам акт қилинади. Кейин Кореядан жўнатиладиган посилкалар билан боғлиқ вазият ҳақида гапирсам, улар Ўзбекистонга келадиган посилкаларни йиғишади. Портда. Ўша портда бир неча кунлаб юк йиғилади. Энди у ерда ҳар-хил одамлар ишлайди. Ўша жойда ўғирланиши мумкин,- дейди "Ўзбекистон почтаси" мутасаддиси.

"Почтачиларимиз ҳам оппоқ эмас"


"Ўзбекистон почтаси" мутасаддиси мамлакат ичкарисида ҳам почта жўнатмаларига дахл қилиниш ҳолатлари мавжудлигини инкор қилмади.

- Агар посилка бутун келган бўлса, Ўзбекистоннинг ичида бўлса, энди у бошқа ҳолат. Бу ерда биз уже поэтапно қараймиз. Бизларда ҳамма жойда видеоназорат камералари қўйилган. Ўғирлик ҳолатлари, масалан, Кореянинг ўзида бўлиши мумкин, бизларда Тошкентда аэропортда ҳам бўлиши мумкин, почта ходимлари бўлиши мумкин, почтада. Ариза тушса, ҳамма нарсани бизлар сўраймиз. Оболочкани оламиз, бутун ҳужжатларни оламиз, ҳаммаси идоравий текширув бўлади. Кейин айбдорлар топилади, айбдорларнинг бўйнига қўйилади. Бизларда кўп бўлган бу каби ҳолатлар. Почта ходими ҳам айбдор бўлган. Ҳар хил ҳолатлар бор. Мен почтани оппоқ деяëтганим йўқ. Почта ходимларида ҳам бор мана шу каби ҳолатлар,- дейди "Ўзбекистон почтаси" мутасаддиси.

Ўзбекистонда халқаро почта жўнатмалари 20 килограммдан ошмаслиги лозим.

Психотроп моддалар, қурол-яроғ, пичоқ, экинлик уруғларини хориждан жўнатиш тақиқланади.

Ўзбекистонда хориждан келган почта жўнатмалари жиддий текширувдан ўтказилиши сир эмас.

Мутасаддилар бу ҳолатни тақиқланган нарсаларнинг жўнатилиши билан изоҳлашади.

Olam.uz сайтининг ёзишича, ўтган йили Тошкент шаҳар божхона бошқармаси томонидан 10 ҳолатда хориждан психотроп ва наркотик моддалар почта орқали жўнатилгани аниқланиб, 1080 дона психотроп ва наркотик моддалар топилган.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:04 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG