Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:42

Пенсионерлардан 105 млн.доллар ундирилмоқда


Назорат-тафтиш бош бошқармасининг 2010 йил декабрдан бошлаган суриштируви натижасида 150 млрд.сўмдан ортиқ пенсия нотўғри тўлангани аниқланди.


Молия вазирлиги: Пенсионерлар давлатдан 105 миллион доллар қарз

Ўзбекистон Молия вазирлиги қошидаги Назорат-тафтиш бош бошқармасининг 2012 йил 1 январгача олиб борган суриштируви натижасида аниқланишича, республика Пенсия жамғармаси ҳисобидан 150 миллиард 500 миллион сўм (қарийб 106 миллион АҚШ доллари) пенсионерларга ортиқча тўланган.

Комиссия берган маълумотларда ҳозирга қадар мамлакатда мавжуд ҳаракатдаги пенсия ишларининг 35 фоизи текшириб чиқилгани айтилган.

Бу ҳақда 12.uz нашри берган хабарга кўра, текширилган пенсия ишлари орасида 73 фоиздан ортиқроқ қонунбузарлик пенсиянинг қалбаки ҳужжатлар асосида ортиқча тайинланганидан иборатдир.

Республика Пенсия жамғармасининг Озодликка микрофонсиз сўзлаган мутасаддисига кўра, текширув натижасида архив ҳужжатлари ва пенсионерлар тақдим қилган ҳужжатлар орасида каттагина фарқ аниқланган.

- Бу, асосан, мустақиллик даврида қалбакилаштирилган ҳужжатлар ҳисобига бўлмоқда. Мисол учун, пенсионер 100 сўм ойлик олгани архив ҳужжатларда кўрсатилган. Лекин, пенсия учун топширилган маълумотномада 200 сўм қилиб кўрсатилган, - деди Озодликка микрофонсиз сўзлаган Пенсия жамғармаси мутасаддиси.

2009 йилнинг 1 январидан бошлаб, Ўзбекистонда пенсияга ҳужжат тўғирловчи фуқаролардан меҳнат фаолиятининг сўнгги 10 йилига оид ойлик маош ва иш стажи ҳақида ҳужжат талаб қилинмоқда.

Бунга қадар эса фуқаролар меҳнат фаолиятининг исталган қисмидан беш йиллик маошига оид маълумот сўралар эди.

Назорат-тафтиш бош бошқармаси текширувлари натижасида пенсиянинг ортиқча тайинланишига оид камчилик, асосан, фуқаролар тақдим қилган ҳужжатлар ва архив ҳужжатлари ўзаро қиёсланганда аниқланмоқда.


Архив: Ҳаммасига собиқ раҳбар, собиқ ҳисобчи ва собиқ ишчи айбдор

Республика Давлат архивининг ҳудудий бошқармаларидан бири раҳбари икки йилдан буён унинг идорасида ўтирган тафтишчиларнинг ишини кузатар экан, камомад аниқланаётган ҳолатларни шундай шарҳлади:

- Шахсий таркиб ҳужжатлари ташкилотларнинг ўзида сақланган пайтларда улар ишчиларига ҳужжат қилиб беришган. Кейин кўпчилик ташкилотлар ҳужжатларини архивга топширган. Ҳозир ўша ҳужжатлар ўртасида фарқ бўляпти. Яъни, ўз даврида раҳбар ва ҳисобчи ишчи билан келишиб, ойликни ортиқча кўрсатган ҳоллар бўлганда, ким билади дейсиз. Бунга архив айбдормаску, - дейди Республика давлат архиви ҳудудий бошқармаларидан бирининг раҳбари.

Лекин, бу ўринда пенсияни ортиқча олгани аниқланган пенсионерлар орасида қонунни бузмаган, аксинча, алоҳида ташкилотлар ҳамда шахсларнинг айби билан пенсия ҳаққидан айрилаётган фуқаролар ҳам бор.

- Мисол учун, аксар ташкилотлар банкрот бўлган, тугатилган. Ўша вақтда кўпчилиги ҳужжатини архивга топширмаган. Энди фуқаро келади, қўлида меҳнат дафтарчаси бор. Аммо, унда кўрсатилган ойликни тасдиқлайдиган маълумот архивда йўқ. Шунақа бўлиб куйиб қолаётган пенсионерлар ҳам кўп келишади бизга. Биз нима қилайлик энди?! - дейди архив идораси раҳбарларидан бири Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Бундай ҳолларда бутун умрини меҳнатда ўтказган фуқароларда ўз ҳаққини ундиришнинг бирор имкони қолмаётганини архив ходими ҳам, республика Пенсия жамғармаси ходими ҳам инкор қилмади.


Тафтишчи: Вазифамиз аниқлаш, ошиқча пенсияни қайтаринг!

Назорат-тафтиш бош бошқармасининг Бухоро, Самарқанд ва Тошкент шаҳридаги бўлимлари мутасаддиларидан олинган маълумотга кўра, бунақа ҳолга тушган кексаларда қонунларга бўйсуниш, яъни пенсияни қайтаришдан бошқа чора йўқ.

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг собиқ совет даврида гуриллаб ишлаган кўплаб ташкилот, завод, корхона ва комбинатлар банкрот бўлди ёки турли шакллардаги хусусий ёҳуд жамоат ташкилотларига айланди.

Расмийларнинг айтишича, бу жараёнларда қонунбузарликлар кўп бўлган ва шу боис, аксар ҳолларда тугатилган ёки хусусийлаштирилган корхоналарнинг ҳужжатлари онгли равишда архивларга топширилмаган.

2000 йилларга келиб, яъни мустақилликнинг дастлабки 10 йиллик даври якунланган кезда турли йўллар билан хусусийлаштирилган корхоналар яна чиғириқдан ўтказилган ва шу пайтда фуқароларнинг меҳнат фаолияти, иш стажи каби зарур маълумотларни ўзида жам қилган ҳужжатлар яна йўқотилган.


Тадбиркор: Пенсионерга ҳам меҳнат, ҳам туҳмат

2000 йиллар бошида хусусий ширкати ноқонуний равишда тугатилганини даъво қилган хоразмлик собиқ тадбиркорлардан бири ўз қўлида ишлаган ва ҳозир пенсиядан қарздорлик боис пенсия ололмаётган ишчиларни мисол келтирди.

Унга кўра, унинг хусусий ширкати тугатилган кезда мавжуд ҳужжатларнинг бир қисми ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан олинган, яна бир қисми Хоразм вилоятидаги тадбиркорлар ҳуқуқини ҳимоя қилиши айтилган давлат ташкилотларидан бирига берилган.

- Мен ўзим қанча арзу доддан сўнг қамоқдан аранг қутулиб қолганман. Лекин ҳужжатларимиз йўқ бўлиб кетган. Менинг ёрдамчим бўлиб ишлаган бир ходимимга 9 миллион қарз келди пенсиядан. Унга пенсия беришни тўхтатиб қўйишган, мана қанча ой бўлди, - дейди исми сир қолиши шарти билан Озодликка сўзлаган

Суҳбатдошга кўра, яна бир неча собиқ ходимига 2 ярим миллиондан 3 миллион сўмга қадар қарз экани айтилган ва улардан ҳам қарз кескин тарзда ундирилмоқда.

Суҳбатдошнинг ўзи эса иши касодга учраган кезда пенсияга чиққани боис пенсиянинг энг кам миқдорини олиши ва аслида бунинг ҳам қонунга зид эканини айтмоқда.


Пенсия жамғармаси: Қонун қабул қилинган, чора йўқ!

Республика Пенсия жамғармаси мутасаддисига кўра, аслида пенсионерлардан пенсиясининг 50 фоиздан ортиғи ушлаб қолиниши мумкин эмас.

- Қонунда белгиланган, фақат 50 фоизгача ушлаб қолиниши мумкин. Ҳозир бундан ортиғи ушлаб қолинаётгани йўқ биз томондан. Аҳволи оғир бўлган пенсионерлардан, масалан, камроқ фоизларда ушланяпти, уларнинг аҳволига қараляпти. Энди қонунда, унга ҳаммамиз бўйсунишимиз шарт, - дейди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда бу мутасадди.

12.uz нашри берган хабарга кўра, шу кунга қадар 105 миллион долларни ташкил қилаётган қарздорликнинг 25 миллион долларга яқини ундириб бўлинган.

Назорат-тафтиш бош бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, 2010 йилнинг декабрида бошланган ҳаракатдаги барча пенсия ишлари устидан тафтишни 2012 йилнинг биринчи 6 ойи ичида тугатиш кўзда тутилган эди.

Аммо, жараён мураккаблашиб, чўзилиб кетгани учун белгиланган муддатни 2012 йилнинг октябригача узайтиришга қарор қилинган.

Расмий маълумотларга кўра, ҳозир республикада 3 миллионга яқин фуқаро пенсия ва имтиёз пули олмоқда ҳамда уларга Пенсия жамғармаси томонидан ажратилаётган маблағ йилига қарийб 6 триллион сўм (3 миллиард 300 миллион доллар)ни ташкил қилади.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:47 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG