Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:18

Нижнийда муҳожирлар заҳарланди


Нижний Новгородда ис газидан заҳарланган ўзбекистонликларни маҳаллий ўт ўчирувчилар топишган.
Нижний Новгородда ис газидан заҳарланган ўзбекистонликларни маҳаллий ўт ўчирувчилар топишган.

Нижний Новгород шаҳрининг Приокский туманида ис газидан заҳарланиш оқибатида тўрт киши ҳалок бўлди, яна икки киши шифохонага олиб кетилди. Нобуд бўлганлардан уч нафари Ўзбекистон фуқароларидир.

18 март оқшомида Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Нижний Новгород бўйича бошқармасига маҳаллий полиция бўлимидан шаҳарнинг Приокский тумани, Глазунова кўчаси, 9-уйда ис газидан заҳарланиб ўлган 4 одамнинг мурдаси топилгани ҳақида хабар келди.

Бошқарма расмийси Светлана Петрованинг Озодликка маълум қилишича, воқеа жойига етиб борган ходимлар икки қаватли ғиштли бинонинг 1-квартирасида 3 кишининг, 5-квартирада эса яна бир аёлнинг ўлигини топишган.

- Приокский туманида ҳодиса жойида ёнғин бўлмагани, одамлар ис газидан заҳарланиб ўлгани аниқланди. Биринчи квартирада ҳалок бўлганлар 1973 йилда, 1963 йилда ва 1959 йилда туғилган Ўзбекистон фуқаролари экани аниқланди. Бироз кейинроқ бешинчи квартирадан яна бир аёлнинг мурдаси топилди. Ис газидан заҳарланган икки киши оғир аҳволда реанимацияга олиб кетилди, - дейди Светлана Петрова.

Новгородда Ўзбекистон фуқаролари заҳарланди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:30 0:00


Нижний Новгород ўт ўчирувчиларининг дастлабки тахминларига кўра, ўзбеклар яшаётган биринчи квартира газ колонкаси ёрдамида иситилган. Оператив ходимлар бинонинг авария ҳолатида экани, вентиляция қувурида ҳавони тортилиши йўқлиги боис газ бутун бинога тарқаганини аниқлашган.

Нижний Новгород шаҳар Тергов қўмитаси матбуот маркази раҳбари Юлия Склярова Озодликка заҳарланиб ўлган ўзбекистонликларнинг исм-шарифларини маълум қилди.

- Ҳалок бўлганлар: 1969 йилда туғилган Очилов Набижон Акрамович, 1963 йилда туғилган Эшқулов Абдумурод Хушмуродович, 1959 йилда туғилган Очилов Зиёдулла Акрамовичлардир. Бу шахслар расмий қайдда турган, ҳужжатлари жойида бўлган, - дея маълум қилди Юлия Склярова.

Олинган маълумотларга кўра, ўзбекистонликларнинг жасадлари шаҳар ўликхонасига олиб кетилган.

Нижний Новгород Тергов қўмитасида Озодликка мазкур ҳодиса юзасидан Приокский тумани Уй-хўжалик бошқармаси раҳбарига нисбатан жиноий иш қўзғатилганини маълум қилишди.

Тергов қўмитаси расмийси 21 март куни Нижний Новгород вилоят ҳукуматида маҳаллий муниципал бошқарув раҳбарлари иштирокида вилоятда ис газидан нобуд бўлиш ҳолатларининг кўпайиб бораётгани муносабати билан махсус йиғилиш бўлиб ўтишини қайд этди.

Маҳаллий полиция хабарига кўра, 2011 йилнинг 1 декабридан ҳозирга қадар Нижний Новгородда ис газидан 32 киши заҳарланган, улардан 9 киши нобуд бўлган.
XS
SM
MD
LG