Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 20 март кунги йиғилишда Москва Хавфсизлик кенгаши баёноти ва Кофи Аннаннинг тинчлик ўрнатиш йўлидаги уринишларини қўллаб-қувватлаш истагида эканини билдирди.
Айни пайтда Лавров БМТ баёнотида Сурия режимига қарши ултиматум бўлмаслиги кераклигини урғулади.
Россия ва Хитой Сурияда ҳукуматга қарши намойишлар президент Бараш ал-Ассад режими томонидан шавқатсиз бостирилаётганини қораловчи БМТнинг олдинги резолюцияси лойиҳасига вето қўйган эди.
Сурияда қон тўкилиши “тоқат қилиб бўлмас ҳол” эканини таъкидлаган БМТ Бош котиби Бан Ки Мун ўтган бир йил давомида Суриядаги зўравонликлар оқибатида 8000 дан зиёд одам нобуд бўлганини таъкидлади.
- 8000 дан ортиқ одам нобуд бўлди. Вазият қабул қилиб бўлмайдиган, тоқат қилиб бўлмайдиган даражага етди,- дея баёнот берди БМТ Бош котиби.
БМТ собиқ Бош котиби¸ ҳозирда БМТ-Араб Лигасининг Сурия бўйича вакили Кофи Аннан Хавфсизлик кенгашини қон тўкилишини тўхтатишга қаратилган ўз режасини қўллаб-қувватлашга чақирди.
Кофи Аннаннинг тинчлик таклифлари ҳозирча оммага ошкор қилингани йўқ. Ахборот агентликлари хабарига кўра, тинчлик дастури зўравонликни тўхтатиш, уруш зонасида қолганларга гуманитар ёрдам етказиш, сўнгги бир йил давомида ҳибсга олинган одамларни озод қилиш, шунингдек, ҳукуматга қарши норозилик ўтказилган шаҳарлардан хавфсизлик кучларини олиб чиқиш каби таклифларни ўз ичига олади.
Кофи Аннан ўтган ҳафта охирида Дамашқда президенти Башар ал-Ассад билан музокаралар ўтказди ва кузатувчилар миссияси масаласини муҳокама қилиш учун Сурияга беш нафар мутахассисдан иборат гуруҳ жўнатди.
Суриянинг қурол-яроғ савдоси бўйича анъанавий иттифоқчиси бўлиб келган Россия душанба куни Сурияда ҳар куни икки соатлик ўт очишни тўхтатиш ва яраланган одамларни олиб чиқиш ҳақидаги Халқаро Қизил хоч қўмитаси чақирувига қўшилди.
Бир кун олдин Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Москвада Халқаро Қизил хоч қўмитаси раҳбари Якоб Келленбергер билан учрашган эди.
Халқаро Қизил хоч ташкилоти матбуот котиби Ҳичам Ҳассан бу ташаббусни амалга муваффақиятли тадбиқ этиш Сурия ҳукуматига боғлиқ эканини таъкидлади.