Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:11

Атирау терактларида ўзбекистонликлар ҳам айбланмоқда


Маҳкама Атирау вилоят судида ўтмоқда.
Маҳкама Атирау вилоят судида ўтмоқда.

Ўтган йилнинг октябрида Қозоғистоннинг Атирау шаҳрида содир этилган иккита портлашда Ўзбекистон фуқароларининг ҳам қўли борлиги айтилмоқда.

Қозоғистоннинг Атирау шаҳрида террорчиликда айбланиб, маҳкамага тортилган 47 судланувчи орасида ўзбекистонликлар ҳам борлиги ҳақида Kursiv.kz ва Total.kz сайтлари хабар тарқатди.

26 март куни Атирау шаҳрида бошланган маҳкамада Ўзбекистон фуқароларидан ташқари Қозоғистоннинг Қарағанда ва Актўбе вилоятлари яшаган фуқаролар ҳам айбланувчи сифатида иштирок этмоқда.

Ҳозирда судланувчиларнинг неча нафари ўзбекистонлик экани, улар террорга қанчалик алоқадорлиги ҳақида маълумотлар йўқ.

21 ёшдан 32 ёшгача бўлган судланувчиларга террор гуруҳини тузиб, Атирау ва унга қўшни ҳудудларда террорчилик амалиётларини содир этганлик айби қўйилган.

Ҳозирча 47 шахснинг неча нафари қўлга олингани ва маҳкамага келтирилгани номаълум. Расмийларга кўра, айрим айбланувчилар сиртдан суд қилинмоқда.

Маҳкама жараёни ёпиқ эшиклар ортида ўтмоқда.

Айбланаётганлар ўтган йилнинг 31 октябр куни Атирауда бўлган икки портлашдан сўнг ҳибсга олинган.

Афғонистон-Покистоннинг чегараолди ҳудудларидан бирида жойлашгани айтилган "Жундул-Халифат" гуруҳи бу ҳужумлар учун масъулиятни ўз зиммасига олган.

Ўтган йилнинг 26 октябр куни "Жундул-Халифат" гуруҳи, агар қозоқ расмийлари “Диний фаолият ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунни бекор қилмаса, зўравонлик қўллаш билан таҳдид қилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди.

Мазкур қонунга мувофиқ, Қозоғистондаги барча диний бирлашмалар қайта рўйхатдан ўтишлари керак. Шунингдек, қонунга кўра, давлат муассасаларидаги, шу жумладан, қамоқхоналардаги намозхоналар ёпилади.

Расмийлар фикрича, “Диний фаолият ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун диний экстремизмнинг олдини олиш ва уни бартараф қилишга қаратилган. Бироқ кўплаб ҳуқуқ фаоллари мазкур қонуннинг асосий моддаларини шу кунгача танқид қилиб келмоқдалар.
XS
SM
MD
LG