Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:33

БМТ элчиси Россияни танқид қилди


БМТнинг қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Хуан Мендез.
БМТнинг қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Хуан Мендез.

БМТнинг қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Хуан Мендез Россияда амалдорларнинг “систематик бедодлиги” масаласи юзасидан ҳисобот эълон қилди. Ҳисоботда “Мемориал” Инсон ҳуқуқлари ташкилоти фаоли асли ўзбекистонлик Баҳром Ҳамроевнинг ҳуқуқ тартибот идоралари ходимлари томонидан калтаклангани билан боғлиқ ишга алоҳида эътибор қаратилган.

БМТнинг қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Хуан Мендез Россия ҳукуматини инсон ҳуқуқлари масаласида қаттиқ танқид остига олди. “Қийноқлар ва бошқа ёвуз, ғайриинсоний ва камситувчи муносабат ва жазо” деб номланган йиллик ҳисоботда у Россияни халқаро мажбуриятлар ва тавсияларга риоя қилмаётганликда айблади.

Алоҳида вазиятлар таҳлили келтирилган ҳисоботда, маърузачи Мендез жумладан “Матросская тишина” тергов изоляторида терговчилар томонидан қийнаб ўлдирилгани айтилаётган Hermitage Capital жамғармаси юристи Сергей Магнитский иши юзасидан вужудга келган вазиятга амалдорларнинг “бедодлик тизими” сабаб бўлганини қайд этади.

Феврал охирларида БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашига топширилган бу ҳужжатда алоҳида ўрин 2010 йилнинг декабрида муҳожирларга қарши “махсус амалиёт” давомида хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан “Мемориал” Инсон ҳуқуқлари ташкилоти фаоли, асли ўзбекистонлик Баҳром Ҳамроев калтакланиши юзасидан олиб борилаётган тергов тўхтаб қолганига эътибор қаратилган.

Озодлик мухбири кўз олдида ФСБ ходимлари томонидан содир этилган бу қонунбузарлик оқибатида ҳушидан кетган Баҳром Ҳамроев мия чайқалиши ва бошқа тан жароҳатлари билан касалхонага ётқизилган эди.

2010 йилнинг 20 декабрида БМТдан бу масала хусусида махсус сўровнома юборилганига қарамасдан, тергов тез орада тўхтаб қолди.

Хуан Мендез ҳисоботида Россия ҳукуматидан “Ҳамроев иши юзасидан холис ва мустақил текширув” бошлашга чақирилади.

Ҳуқуқ фаоли Баҳром Ҳамроев ҳозирда Россияда полициячилар томонидан содир этилаётган қонунбузарликлар сонининг кескин ошиб кетганини бу тизимнинг мутлақо назоратдан чиқиб кетгани ва аҳолининг кучишлатар идораларидан қонун билан ҳимояланмагани билан боғлайди.

“Хуан Мендезнинг Россиядаги амалдорлар, айниқса ҳуқуқ-тартибот идоралари бедодлиги масаласини кўтариб чиққани жуда муҳимдир”, дейди ҳуқуқ фаоли.

- Чунки дунё жамоатчилигининг бу масалага ўз муносабатини билдириши Россия ҳукумати, Ички ишлар томонидан бажарилаётган ноқонуний ҳатти-ҳаракатлар, Россиянинг турли минтақаларида одамларнинг ўлдирилиши, ғуқуқларининг ҳар тарафлама бузилиши ҳукумат тарафидан ўрганиб чиқилмаяпти ва қонуний баҳо берилмаяпти. Биринчи навбатда ба талаб лар ҳукумат амалдорлари, ички ишлар ходимлари ва судлардан талаб қилиниши керак. Шахсан менинг 7 декабрда бутун жамоатчилик кўз олдида уриб кетилишим ва ҳатто машина рақамларигача кўрсатиб берганимизга қарамасдан икки йилдан бери охирига етмаяпти, дейди Баҳром Ҳамроев.

Унинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда полиция ва кучишлатар тизим ходимларининг, айниқса, ҳуқуқсиз меҳнат муҳожирларига нисбатан ноқонуний ҳаракатлари кескин ошиб бормоқда.

3 йилдирки хоразмлик Рашид Раззоқовни Воронежда қийноққа солиб, азоб берган полициячилар ҳозиргача жазога тортилмаган.

Озодлик билан суҳбатда у “қонун ҳимоячилари” томонидан Железнодорожний полиция бўлимида унга келтирилган жароҳатларни санаб ўтади.

- Қўлни синдирганлар, пиво бутилкаси билан калладан зарба бўлган, кўкракларим кўкариб кетган, оёқларимнинг таги, тиззаларим... Ҳаммаси бўлиб 13 травма олганман-да. Юзларим кўкарган, кўзим қўкарган, каллам тешилиб кетган бутилка билан урганда. Даволанишга узоқ вақт кетди, узоқ чўзилди. Айниқса¸ синган қўл жуда азоб берди. Ҳозир ҳам синган тарафимга қараб ётганимда оғрийди, кўп ёта олмайман ёнбошлаб... Ўлган одамни бўйнинга оласан, деди-да. Эрмак учун қийнадилар, дейди ўз ҳақини талаб қилиб Страсбург судигача бориб Россия ҳукуматини товон тўлатишга мажбур қилган Рашид Раззоқов.

Куни кеча Воронеж вилоят суди Рашид Раззоқовга Страсбург босими остида тайинланган товон пули тўланиши тўғрисида Ленин туман суди чиқарган қарорни ўз кучида қолдирди.

Хуан Мендез ўз ҳисоботида нафақат Россияда, балки МДҲнинг бошқа минтақаларида инсон ҳуқуқларининг поймол этилаётгани, маҳбусларга нисбатан қийноқлар қўлланилиши одатий ҳолга айланганига жамоатчилик эътиборини қаратган.

Ҳисоботда, шунингдек, Қозоғистондан экстремизмда айбланиб, 28 нафар Ўзбекистон фуқаросининг экстрадиция қилиниши, 2011 йилнинг 27 июнида Жанубий Кореядан Ўзбекистонга бериб юборилган бизнесмен Абдулла Рабиев, Бирлашган Араб амирликларидан Ўзбекистонга экстрадиция қилинган Жамшид Абдурасулов ва Ғайратжон Зоҳидовлар ва бошқа экстрадицияга оид масалалар кўтарилган.

“Қийноқ – бу жиддий жиноят ва у очиқ тергов қилиниши ва айбдорларнинг жазоланишини талаб этади”, дейилади БМТнинг қийноқ масалалари бўйича махсус элчиси Хуан Мендез ҳисоботида.
XS
SM
MD
LG