Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:49

Тожикистон Ўзбекистонни душманона ҳаракатларда айблади


Тожикистоннинг Россиядаги элчихонаси сайтидан олинган скриншот.
Тожикистоннинг Россиядаги элчихонаси сайтидан олинган скриншот.

Тожикистоннинг Москвадаги элчихонаси Ўзбекистон ҳукуматини тожик жамиятидаги барқарорликни издан чиқаришга уринаётганликда айблаб баёнот тарқатди.

Тожикистонлик дипломатлар иддаосича, Ўзбекистон томони бунинг учун иқтисодий, транспорт ва коммуникацион ҳамда бошқа шу каби муҳим усулларни ишга солаётир ва бу усуллардан Тожикистонни Тошкент манфаатлари учун хизмат қиладиган қарорлар қабул қилишга мажбурлаш учун фойдаланаётир.

“Ўзбекистон 2010 йилдан буён халқ хўжалиги моллари ортилган вагонларни ўз темир йўлларида қасддан ушлаб туриш билан Тожикистоннинг жанубий ва марказий ҳудудларини мунтазам равишда иқтисодий қамал қилиб келади.

2011 йилнинг 17 ноябридан шу кунгача Ўзбекистон томони Ғалаба-Амузанг темир йўлида “террор” хуружи содир бўлгани баҳонасида Тожикистоннинг жанубий ҳудудидаги аҳоли эҳтиёжи учун зарур бўлган юк вагонлари ҳаракатини тўхтатиб қўйди”, дейилади Тожикистоннинг Москвадаги элчихонаси 2 апрел куни тарқатган баёнотда.

Тожикистонлик дипломатлар шу кунларда Тожикистон учун энг дардли саналган муаммолар, жумладан, ўзбек табиий газининг берилмай қўйилгани ва бу билан “ўзбеклар тожик жамиятидаги шусиз ҳам кескин вазиятни янада беқарорлаштиришга уринаётгани”ни таъкидлаган.

“2012 йилнинг 5 январида Тожикистон 200 миллион куб метр ўзбек табиий газини импорт қилиш борасида шартнома имзолади. Бироқ орадан икки ой ўтгач, Ўзбекистон томони Россия ва Хитойга газ узатиш ҳажмини ошириш баҳонаси билан 1 апрелдан эътиборан Тожикистонга газ беришни тўхтатди”, деб ёзилади элчихона баёнотида.

Баёноти муаллифлари Тожикистон ҳукумати қўшниси Ўзбекистон билан алоқаларини яхшилашга уринаётган айни кезда Тошкент ўз зиддиятли сиёсатини давом эттиришдан тўхтамаётганини қайд этаркан, бу фикрни Ўзбекистон жанубий Тожикистон йўналишидаги темир йўл участкасини демонтаж қилаётгани билан изоҳлайди.

Шунингдек, тожик дипломатлари Тошкент Фарҳод ГЭСини қўлга киритиш мақсадида давлат чегараларини делемитациялаш ва демаркациялаш ишларини ҳам чўзиб келаётганини иддао қилади.

Баёнотни ўқиган ҳар бир кишида “Нега бу гина-қудурат Душанбедан эмас, балки Москвадан янграмоқда?” деган ҳақли савол туғилади.

Мавзуга ойдинлик киритиш мақсадида Озодлик мухбири Тожикистоннинг Москвадаги элчихонасига мурожаат қилди.

Телефон гўшагини кўтарган, аммо ўзини таништирмаган элчихона ходим бу мавзу атрофида журналистларга гапирмаслик буюрилганини билдирди.

Айни пайтда¸ 2 апрелда тарқатилган баёнот эса 3 апрел куннинг иккинчи ярмида номаълум сабабларга кўра элчихона расмий сайтидан олиб қўйилди.

Таҳлилчилар мулоҳазасича, бу баëнот ўзбек табиий газини Тожикистонга импорт қилиш борасида Тошкентда ҳалиям давом этаётган томонлар музокарасига салбий таъсир этмаслик мақсадида олиб ташланган бўлиши мумкин.

Айни пайтда Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Давлат Назриев мазкур баёнотга Душанбенинг ҳеч қандай алоқаси йўқлиги ва унда айтилган мулоҳазалар фақатгина Москвадаги дипломатларнинг шахсий қарашлари эканини таъкидлади.

Аммо мустақил кузатувчилар у ëки бу давлат дипломати¸ айниқса¸ бу давлатнинг дипломатик ваколатхонаси эълон қиладиган ҳар қандай баëнот шу давлат ҳукуматининг расмий позицияси сифатида талқин этилишини таъкидлайдилар.

Москвадаги Тожикистон элчихонаси сайтида эълон қилиниб¸ 24 соатдан сўнг олиб қўйилган мазкур айблов баëнотига муносабат билдирган ўзбекистонлик мустақил сиëсатшунос¸ Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиëти ва дипломатия университетининг собиқ ходими Фарҳод Толипов¸ уни нодипломатик ҳаракат дея баҳолади.

Сиëсатшуносга кўра¸ Россияни ҳам Тошкент ва Душанбе ўртасидаги муаммоларга тортиш илинжида айнан Москвадаги тожик дипломатлари томонидан амалга оширилган бундай "юриш" икки давлат ўртасидаги муаммоларни ҳал қилиш ўрнига¸ улар ечимини мураккаблаштиришини тахмин қилади.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:00 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG