Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:57

"Качалово бозорида ўлганлар сурхонлик қариндошлар"


Темир қути ичида ëнғиндан кейин ҳосил бўлган манзара.
Темир қути ичида ëнғиндан кейин ҳосил бўлган манзара.

Москва ҳуқуқ идораларидан матбуотга сиздирилган маълумотга кўра¸ ëнғинда куйиб кетганлардан ўнтаси Ўзбекистон, яна бири Тожикистон фуқаросидир.


Москва шаҳар Тергов қўмитаси 3 апрел куни соат тонгги 5 ларда Качалово бозорига тегишли омборлардан бирида чиққан ёнғин оқибатида ҳалок бўлган 17 одам шахсини аниқлаш ишларини давом этмоқда.

Ҳозирча бу жараëнга доир тафсилотлар¸ хусусан¸ қурбонлар исми-шарифларига оид расмий маълумот эълон қилинмади.

Аммо Россия матбуотига ўз исми ошкор қилинмаслиги шарти билан гапирган терговга алоқадор расмийга кўра¸ ўтган 24 соат ичида ўлганлардан 11 нафарининг шахси ва фуқаролиги аниқланган - улардан ўнтаси Ўзбекистон¸ бири эса¸ Тожикистон фуқароси бўлиб чиққан.

Качалово бозоридаги ëнғин жойига дарҳол Тожикистон ва Қирғизистон элчихонаси расмийлари етиб келди ва тергов жараëни билан фаол ҳамкорликни бошлади. Аммо ҳозирча Ўзбекистон элчихонаси вакиллари на фожиа жойида кўриниш берди ва на мухбирлар сўровига муносабат билдирди.


Озодлик ўрганган тафсилотлар

Москва расмийлари ҳозирча бу ҳақдаги маълумот бермаëтган бир пайтда¸ Озодлик ëнғин оқибатида ўлганлар шахсига қисман ойдинлик киритишга муваффақ бўлди.

Ҳалок бўлган йигитлар билан бир неча ой ёнғин чиққан хонада бирга яшаган Тожикистонннинг Шаҳртузидан бўлган 29 ёшли Баҳодирнинг сўзларига кўра, қурбонларнинг деярли барчаси Ўзбекистон фуқароларидир.

- Улар ҳаммаси битта уруғдан, тоғавачча-холавачча эди бир-бирига. Улар Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани Хўжа мулки маҳалласидан. Биттаси Сурхон туманидан бўлган, қолгани Қумқўрғонда битта маҳаллада ўсиб катта бўлган оға-инилар. Ёшлари 19-20 да эди. Энг каттаси мен билан тенг¸ 1983 йилда туғилган Пардаев Сайдулло эди. У билан менинг туғилган куним ҳам бир кунда эди. Мен май-июн ойларида ишлаган эдим бу ерда. Менга раҳбарнинг муомаласи ёқмади¸ кейин кетдим, дейди Боҳодир.

Качалово омборида бир неча ой юк ташиган бу йигитга кўра, омборда ишлаётганлар ўртача 10 минг рубл ойликка 12-13 соатлаб меҳнат қилишга мажбурланган. Улар ётоқ ва озиқ-овқат текин бўлгани сабабли бундай ночор шароит ва кам ойликка кўниб¸ яшаб келганлар.

Баҳодир билан суҳбатни қуйида тўлиқ тинглашингиз мумкин.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:55 0:00
Бевосита линк


Айбдорлар қўлга олинди

Россия Тергов қўмитасининг Москва шаҳри бўйича расмийси Виктория Ципленкова¸ ëнғин айбдори сифатида гумонланиб муҳожирлар яшаган бино эгаси – “Старт2” ширкати бош директори Владимир Ликов ва бинони улгуржи савдо омборига айлантирган “Альбасет” фирмаси раҳбари Седрак Степанян қамоққа олинганини билдирди:

- Тергов давомида бозорда ёнғин хавфсизлиги таъминланишини назорат қилувчи идоралар ҳамда ҳалок бўлган шахсларнинг Москва ҳудудида яшаши ва меҳнат қилишининг қонунийлигини текширувчи хизматлар фаолиятига ҳам ҳуқуқий баҳо берилади, деди мухбирларга Москва Тергов бошқармаси бошлиғи муовини Виктория Ципленкова.

Расмийларга кўра¸ ҳозирда Качалово бозорида чиққан ёнғин ва 17 кишининг куйиб кетиши юзасидан Россия Жиноят Кодексининг 219-моддаси (Ëнғин хавфсизлиги қоидаларининг бузилиши) асосида омбор эгаларига нисбатан жиноий иш очилган.

Качалово бозоридаги ëнғин юзасидан махсус баëнот берган Россия Фавқулодда вазиятлар вазири Сергей Шойгу¸ ёнғин сабабларини аниқлашга Ички ишлар вазирлиги мутахассислари ва терговчиларни жалб этишни талаб қилди.

- Одатий ҳол – бозорда одамлар яшаяпти. Тўғри, улар ноқонуний яшаб келган, лекин улар одамку! Уларни кимдир бу ерга жойлаштирганку. Объект яшаш учун мутлақо мослаштирилмаган. Мен Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда буни таҳлил қилиб чиқишни сўрайман, деди Сергей Шойгу.

Москва шаҳар Миграция хизматидан олинган маълумотларга кўра, мэрия талаби билан пойтахтнинг барча бозор ва савдо марказларида текширув бошланган.


Ëнғин чиққан темир бино ичига саëҳат

Ўзи ҳам бир неча ой ëнғин чиққан темир вагонда яшаб-ишлаган Баҳодир бу қути ичидаги шароит ва унда яшаганлардан бирортасининг у ердан тирик чиқа олмагани сабабларини тушунтиради:

- Темир вагон ДСП билан обшиват қилинган. Икки ярусли койкалар эди, биринчи этажда олти кишилик жой бор эди, тўғрида туалет-ванна эди. Помешениеларда обогревател йўқ эди. Обогревател бор эди- болалар унда ўзининг кийимларини қуритарди. Тепада 17 киши яшарди. Ўша ерга лестница тахтадан бўлган эди. Лестницанинг остида обогревател бор эди. Обогревател устида кийим қуритар эди булар. Лестница ва обогревател ёнган бўлса тепада чиқадиган бирор жой йўқ эди: на дераза, на тешик. Лестница ёнганида болалар тирик бўлган, бақирган, ёрдам сўраган. Ҳеч ким ёрдам бермаган, қочиб кетган пастдаги болалар, дейди шаҳритузлик Баҳодир.

Баҳодирнинг бу тахминларини терговда иштирок этаётган ўт ўчирувчилар ҳам тасдиқламоқда - дастлабки тахминларга кўра, ёнғин иситувчи мосламанинг ёниши оқибатида келиб чиққан.

Ёнғин жойига етиб борган “Тожикистон меҳнат мигрантлари” ташкилоти раҳбари Каромат Шарипов ўзбекистонлик йигитлар барининг куйиб кетишига чиқиш эшигининг тунда қулфлаб қўйилгани сабаб бўлганини тахмин қилади.

Айни пайтда¸ Озодлик мухбири билан суҳбатлашган яна бир гувоҳ - душанбелик Дилбар шу бинода 3 йил давомида фаррошлик қилган ва эшиклар ҳеч қачон қулфланмаганини гапиради.

- Лекин у ерда ташқаридан эмас, ичкаридан қулф осишга илмоқлар бор эди. Унинг калити бор эди болаларда. Эшик эса доимо очиқ турарди. Мен у ерда 3 йил ишлаганман. Мен бу ердаги болаларни жуда яхши танирдим, укаларимдек бўлиб қолган эди. Тожикистонлик ўзбек болалар кўп эди, сурхондарёлик. Кейин, корхона раҳбари ҳақида ҳам ёмон гап гапира олмайман, чунки у болаларни ўзининг ҳисобига боқарди, ётоқ жойи бепул эди, кўпини ўзининг квартирасига қайдга олган эди, озми-камми болалар ишлаб пул топарди, дейди душанбелик Дилбар.

Москванинг Жанубий-Шарқий округи бўйича Давлат ёнғин назорати бошқармаси бошлиғи Сергей Горбунов журналистларга бу бозордаги омборларда ëнғин хавфсизлиги қоидаларининг қўпол бузилиши аввал ҳам қайд этилганини билдирди.

Унга кўра¸ хусусан¸ 27 феврал куни Качалово бозорига қарашли омборларда 18 ёнғин хавфсизлиги қоидалари бузилишини аниқлаб, корхона раҳбариятига уларнинг тузатилиши тўғрисида буйруқ бериб кетилган.
XS
SM
MD
LG