Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:32

Мина муаммоси долзарблигича қолмоқда


Ўзбек-тожик чегарасидаги тозаланмай қолаётган мина майдонлари ҳамон актуаллигини йўқотгани йўқ.

Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти Бешариқ туманига туташиб кетган Равот қишлоғида яшовчи Савринисо Умарова ва унинг турмуш ўртоғи Баҳромжон Умаров, яқинларининг таъкидича, 2000-йиллар бошида ўзбек-тожик чегарасига кўмилган миналарнинг илк қурбонлари бўлган.

- Шу бошида, мина қўйган куни портлаган-да булар. Табличка қўймаган бўлган. Улар қурт олган бўлган - ипак қурти, шунга барг кесишга ўтган, эшак аравада бўлган. Арава портлаб кетиб, эшак жойида тилка-пора бўлиб кетган. Эр-хотин бир кунда ўлган-да. Болалари уйда қолган, - дейди марҳум Савринисонинг опаси Замира Тоғаймуродова.

Суҳбатдошимиз етим қолган икки жиянидан бирини ўзи асраб олгани ва бугун 12 ёшга кирган Самирахон ота-онасини ҳатто эслай олмаслигини айтади.

Равотлик Замирахон 4 апрел - Миналар хавфидан огоҳлантириш халқаро кунида миналар туфайли етим қолган жиянлари ҳолидан на ҳукумат, на халқаро ташкилотлар хабар олмаганидан хафалигини ҳам яширмади.

Тожикистон миналарни зарарсизлантириш маркази масъули Парвиз Мавлонқулов эса мамлакатда минадан зарар кўрганларга моддий ва молиявий ёрдам кўрсатиш дастурлари ишлаб турганини таъкидлайди.

Айни пайтда Мавлонқулов сўнгги икки йил ичида ўзбек-тожик чегарасида минага учиб ҳалок бўлган ёки ногирон бўлиб қолганлар деярли қайдга олинмаганини билдирди.

- Бу йил Ўзбекистон билан чегараларимизда умуман портлаш бўлгани йўқ. Фақат Афғонистон билан чегараларимизда кўмилган миналар, республиканинг айрим ҳудудларида фуқаролар урушидан қолиб кетган ва портламай қолган мосламалардан етти нафар тинч фуқаро зарар кўрди. Шундан икки нафари ҳалок бўлди. Ўтган йили эса Ўзбекистон билан чегарадош Панжакент туманидан бўлган бир фуқаро чегарадан ноқонуний ўтаётиб, минага учиб, қурбон бўлган эди, - дер экан Мавлонқулов сўнгги икки йил давомида тожик-афғон чегарасида минадан портлаш ҳолатлари нисбатан кўпроқ қайдга олинганини таъкидлади.

Тожикистон миналарни зарарсизлантириш маркази масъули ўтган икки ўн йил ичида ўз идораси ҳали бирор марта ўзбек-тожик чегарасида ҳудудни миналардан тозалаш ишларини олиб бормаганини маълум қилди.

Мавлонқулов билан суҳбатдан маълум бўлишича, Ўзбекистон томони чегараларга кўмилган миналарни зарарсизлантиришга оид бу томон сўровларини ҳар доим эътиборсиз қолдириб келган.

Тожикистон расмийлари Тошкент ўзбек-тожик чегараларини бир томонлама миналаштиргани ва “ўзбеклар миналар кўмилган майдонлар харитасини бу Душанбе ихтиёрига бермай келаётгани” ҳақида кўп бор халқаро минбарлардан туриб шикоят қилган.

Ўзбекистон расмийлари эса чегараларни миналаштиришга оид Тошкент қарори асосли эканини уқтиради.

Жумладан, Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг тожикистонлик ҳамкасби Оқил Оқиловга 4 апрел кунги жавоб хатида ҳам ана шу масалага тўхталинган.

Қўшни давлат ҳукумати раҳбарининг расмий хатида ёзилишича, Тожикистондаги фуқаролар уруши даврида (1992-1996 йиллар назарда тутилган – таҳр.) уюшган жиноий гуруҳлар ва наркотик оқими хавфининг кучайиши ортидан Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари Тожикистон билан чегараларидаги айрим тоғли ҳудудларни миналаштиришга мажбур бўлган.
XS
SM
MD
LG