Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:21

"Ўзбекистонда журналистларга таъқиб яна кучайди"


France/Iran - Reporters Without Borders Logo with Iranian newspapers on background, 13Jul2007
France/Iran - Reporters Without Borders Logo with Iranian newspapers on background, 13Jul2007

Маркази Парижда жойлашган "Чегара билмас мухбирлар" ташкилоти сўнгги ҳафталарда Ўзбекистонда мустақил журналистларга қарши таъқиблар кучайганидан хавотир билдирди.


Ташкилотга кўра, сўнгги ҳафталарда Ўзбекистонда бир неча журналистга ёзмаган мақолалари учун жиноят ишлари очилгани, камида икки хориж журналистининг Ўзбекистонга киритилмай, Тошкент аэропортидан ортга қайтарилгани ҳукуматнинг мустақил журналистларга нисбатан шундоқ ҳам кескин ëндашуви янада кескинлашганига мисолдир.

- Ўзбекистондаги матбуот аҳволи шундоқ ҳам абгор қолаётган бир пайтда журналистларга нисбатан бундай янги тазйиқлар тўлқини кузатилмоқда, дейди Чегара билмас мухбирлар ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўлими бошлиғи Йоҳанн Бир.

Ўтган ой бошларида Тошкентга шахсий сафар билан борган Би-Би-Си журналисти Наталя Антелава Ўзбекистонга қўйилмади.

Ўзбекистонни "Балиқлар мамлакати" деб атаган россиялик журналист Виктория Ивлева ҳам март ойи охирларида Тошкент ҳаво қўналғасидан ортга қайтарди.

Шунингдек, Чегара билмас мухбирлар ташкилоти Ўзбекистонда март ойининг сўнгги ҳафтасида бирданига икки мустақил журналист - Виктор Кримзалов ҳамда Елена Бондарга қарши очилган жиноят ишларига эътибор қаратади.

Кримзалов Centrasia.ru веб саҳифасида чоп этилган мақолани далилларсиз ёзганликда гумон қилиниб, жавобгарликка тортилган, Бондар эса миллий ва ирқий адоват қўзғатишда айбланмоқда.

Шунингдек, ташкилот ўз баëнотида яна бир мустақил журналист Алексей Волосевичнинг ўтган ой охирларида Тошкентдаги АҚШ элчихонасига киришда паспортидаги маълумотларни ёзиб олмоқчи бўлган милиция ходими талабини рад этгани учун қисқа муддат ҳибсга олинганини ҳам эслатади.

Кучли босим зарур

Чегара билмас мухбирлар ташкилоти расмийси Йоҳанн Бирга кўра, Ўзбекистонда мустақил матбуотга нисбатан таъқибларни тўхтатиш ва қамалган журналистларнинг озод этилишига эришиш учун халқаро босимларни кучайтириш керак.

- Билишимизча¸ Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ҳозирда Германияга сафар қилишни режаламоқда. Биз Германия канцлери Ангела Меркел хонимни Ўзбекистон раҳбарини қабул қилишга розилик беришдан аввал унга сиёсий шартларни қўйиши, қамалган мустақил журналистларни озод этиш ҳамда таъқибларни тўхтатишни талаб этишга чақирамиз, дейди Йоханн Бир.

Камида 10 журналист қамоқда

Чегара билмас мухбирлар ташкилоти ўз баённомасида Ўзбекистонда қамалган журналистлар рўйхатини ҳам келтиради.

10 кишилик рўйхатда 1999 йилдан буён қамоқда қолаётган "Эрк" газетасининг бош муҳаррири Муҳаммад Бекжон, шу рўзнома мухбири бўлган Юсуф Рўзимуродов, 2008 йилда гиёҳванд моддаларни сотиш айблови билан 10 йилга қамалган 62 яшар қорақалпоғистонлик журналист Солижон Абдурахманов, журналист Дилмурод Саййид , икки йил муқаддам қамалган диний воиз ва футбол шарҳловчиси Хайрулло Ҳамидов ҳамда "нурчилик"да айбланиб қамалган "Ирмоқ" газетасининг 6 нафар мухбири Баҳром Ибрагимов, Даврон Қобилов, Равшанбек Вафоев, Абдулазиз Дадахонов, Ботирбек Эшқўзиев номлари бор.

Чегара билмас мухбирлар ташкилоти, шунингдек шу йил январ ойида руҳий шифохонадан чиқарилганидан сал вақт ўтиб ғойиб бўлган жиззахлик мустақил журналист Жамшид Каримовнинг тақдири ҳануз мавҳум бўлиб қолаётгани борасида хавотир билдирган.

Чегара билмас мухбирлар Ўзбекистонни дунёдаги матбуот эркинлиги аҳволи энг ёмон бўлган 10 та давлат қаторида тилга олиб келади.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:41 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG