Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:48

Москвада муҳожирлар пичоқлаб кетилди


Метин Мехтиев.
Метин Мехтиев.

10 апрел куни Москвада таниқли мусулмон жамоатчлик арбоби Метин Мехтиев ўлдириб кетилди. Шу кунларда Россия пойтахтининг яна бир нечта жойида марказий-осиёлик меҳнат муҳожирларига қуролланган гуруҳлар ҳужумлари уюштирилди.

Мехтиев ўлими кимга керак?

Сешанба куни кечаси соат 2:00 ларда шаҳарнинг Брестская кўчасида таксида келаётган рафиқаси ва 2 ойлик фарзандини кутиб олгани чиққан Россия Ислом маданий маркази раҳбари, асли озарбайжонлик 33 ёшли Метин Мехтиев номаълум шахслар томонидан чавақлаб кетилди.

Москва Тергов қўмитаси вакиллари Озодликка қотиллик талон-тарож қилиш мақсадида уюштирилгани тахмин қилинаётганини маълум қилишди. Дастлабки маълумотларга кўра, Мехтиевдан “Верту” телефони, 5-6 минг рубл пул ва ижарага олинган квартира калитлари ўғирлаб кетилган.

Бироқ, “СОВА” Инсон ҳуқуқлари маркази, Россия Муфтийлар Кенгаши ва бошқа қатор жамоатчилик ташкилотлари қотиллик миллатчи гуруҳлар томонидан содир этилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилишмоқда.

Россиядаги Озарбайжонлар ташкилотига қарашли “Азеррос” медиахолдинги бош муҳаррири Вагиф Адигезалов Озодлик билан суҳбатда Метин Мехтиевнинг ўлдирилишини Россияда миллатчилик кайфияти кучайиб бораётгани билан боғлади ва бу ҳодиса юзасидан президент ва бошқа давлат идораларига махсус мактуб юборилганини айтди.

- Қандайдир махлуқлар томонидан Россия фуқаросининг ўлдирилгани бизни чуқур қайғуга солди. Биз бошқа халқ вакилларига Россияда яшаш хавфсиз эмаслигига эътибор қаратаяпмиз. Афсуски буни ўзгартириш учун Россия ҳукумати томонидан бирор жўяли ҳаракатлар амалга оширилаётгани йўқ. Миллий, ирқий ва диний мотивлар асосида содир этилаётган жиноятлар одатий ҳолга айланиб қолди, дейди Озодликка озарбайжонлар жамияти раҳбари Вагиф Адигезалов.

Полициядан олинган маълумотларга кўра, Метин Мехтиевга беш киши ҳужум қилган, улардан бири аёл эканлигини гувоҳлар кўрган. Метиннинг бўйнидан пичоқ тортиб, жиноятчилар унинг юзини пичоқ билан кесиб ташлашган.

Россия жамоатчилиги орасида катта шов-шувга сабаб бўлаётганига қарамасдан, Россия оммавий ахборот воситаларида бу ҳодисага эътибор деярли қаратилмади.

Россия Давлат Думаси собиқ депутати, Ислом маданий марказининг собиқ раҳбари Абдул-Вохид Ниёзов “одамни тунаш учун уни сўйиш ва юзини кесиб ташлаш шарт эмас”, деди. У дўсти Мехтиевнинг ўлдирилишида айнан миллатчи гуруҳларнинг қўли борлигига ишонишини айтди.

Маълум бўлишича, 2003 йилда Метин Мехтиев тақирбошлар томонидан қаттиқ калтаклаб кетилган ва шифохонада даволаниб чиққан.

33 ёшли Метин Мехтиев қотиллиги юзасидан Россия Жиноят Кодексининг 105-моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилди.

Москвада меҳнат муҳожирларига ҳужум қилинди

Озодлик мусулмон жамоатчилик арбоби Метин Мехтиевга 10 апрел куни қилинган ҳужум сўнгги икки ҳафта ичида Москвада рус бўлмаганларга нисбатан айни вазиятларда содир этилган ягона жиноят эмаслигини аниқлади.

2 апрел куни номаълум йигит ва қиз томонидан пичоқлаб кетилган ва 36-сонли Москва шаҳар клиникасига ётқизилган душанбелик Расул Ғойибов Озодликка воқеа кечки соат 10 ларда содир бўлганини гапириб берди.

“Таксимга ёшгина бир қиз ва бир бола ўтирди ва Подбелская кўчасидаги хилват жойга машинани ҳайдатди”, дейди Москвада таксичилик қилиб юрган Расул ака.

- Етиб боришимиз билан сразу олдин кўзга урди отвертка билан, орқадан электрошокер урди бўйнимга. Шундай энкайганимни биламан кўзимга тушди. Кейин ураверди – оёққа, қўлга, белга. Буниси билан олишсам орқадагиси... Хулоса, анча олишдик, охири қисишди мени ўлди деб, орқа сидениега ташлашди. Мошинани миниб кетамиз дейишдики, машина қорга тиқилиб қолди, олишолмади. Шундан кейин чиқиб кетишди, мени ўлди деб. Телефонимни олишди, холос. Орқадаги ўғил бола, олдиндаги қиз бола экан, дея эслайди Расул Ғойибов.

Москвада муҳожирлар калтакланди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:49 0:00


50 ёшли Расул Ғойибов ҳозирда чап кўзи кўрмаётгани ва ўнг қўли ишламаётганини айтади. Маълум бўлишича, у Москвага келиб иш бошлаганига эндигина бир ой бўлибди.

Суҳбатимиз давомида Расул ака куни кеча жарроҳлик бўлимининг 4-қаватига пичоқлаб кетилган яна бир меҳнат муҳожирини олиб келишганини айтиб қолди.

Хирургия бўлимининг оғир касаллар жойлашган қисмида қорнидан пичоқланган яна бир тожикистонлик муҳожир – Абдуғани Бобековни учратдик.

Унинг сўзларига кўра, 7 апрел куни Шчёлковская метросидаги ер ости йўлагида ўтиб кетаётганида унинг ёнига четда турган бир гуруҳ шахслардан иккитаси яқинлашиб келган. Улардан бири сигарет сўраган ва бирдан пичоқ билан қорнига солиб қолган. Унинг бақиргани ва ўтиб кетаётганларнинг ёрдамга югуриб келаётганини кўрган жиноятчилар воқеа жойидан қочиб кетган.

Иккала жабрдийда жиноятлар бир гуруҳ рус миллатига мансуб шахслар томонидан содир этилгани, уларнинг орасида 20 ёшлардаги қиз бола борлигини кўрсатишди.



Бироқ, бу суиқасдлар ҳақида маҳаллий ахборот воситаларида бирор хабар берилмади.

Россия давлат идоралари мамлакатда миллатчилик асосида содир этилаётган жиноятлар сони кескин камайганини иддао қилмоқда, лекин Москвадаги “Мемориал” ташкилоти фаоли Баҳром Ҳамроев сўнгги бир ой давомида бу каби жиноятлар сони кескин ошгани кузатилаётганини айтади Озодликка.

- Россияда охирги пайтларда мигрантларга, умуман рус бўлмаганларга муносабатнинг кескин ўзгаришини кузатяпмиз. Шулардан Мехтиевнинг ўлдириб кетилиши, шаҳарнинг 36 клиникасида ётган Ғойибов ва Бобековларга суиқасдларида ухшашлдиклар бор. Яъни, рус қизларининг уларни пичоқлр билан уриши, бошларини кесиб кетиш ёки кўзларини уриб чиқариб кетиш учун инсонга катта адоват керак, бунинг учун ғоявий таёргарликлар керак. Менимча, бу иккита ҳолатдан даракдир. Биринчиси, рус бўлмаганларга қаратилган, уларни қўрқитиш учун қилинаётгани эҳтимолдир. Иккинчиси, ҳозир ҳукумат тарафидан бу ҳақда гапирилмаётгани ёки тан олинмаётганидан ҳайратдамиз! Бу ҳаммани назоратга олиш, репрессив кучлар яқин келажакда қаттиқ иш олиб бориш учун қилинаётган бўлиши мумкин, дея ўз муносабатини билдирди ҳуқуқ фаоли Баҳром Ҳамроев.

Россиянинг Екатеринбург шаҳрида сўнгги бир ҳафта давомида икки нафар қирғизистонлик меҳнат муҳожири ўлдириб кетилди. Терговчилар 93-жойидан пичоланган Қирғизистон фуқароси Сатар уулу Тинчтиқбек ва 15 жойидан пичоқланган баткенлик Сапарбай Жолдошалиевни миллатчи-тақирбош гуруҳлар ўлдирган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.
XS
SM
MD
LG