Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:04

Қирғизистонда Ботировнинг мулки мусодара қилинади


Қодиржон Ботиров дунёнинг бошқа давлатларида ҳам мол-мулкка эга эканини рад этмайди.
Қодиржон Ботиров дунёнинг бошқа давлатларида ҳам мол-мулкка эга эканини рад этмайди.

Қирғизистон Бош прокуратураси Ўш қирғини айбдори сифатида айбланаётган Қодиржон Ботировнинг мулкини мусодара қилиш жараёни бошланганини билдирди.

Қирғизистон Бош прокуратураси айни пайтда хориж ўлкаларидан биридан бошпана топган Қодиржон Ботировнинг мол-мулкини мусодара қилиш юзасидан алоҳида суд жараёни ўтказилишини маълум қилди. Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Нурлан Жээналиевнинг айтишича, айни пайтда Ботировнинг мол-мулкини аниқлаш ишлари якунланган.

- Ҳозир суд ижрочилари Ботировнинг мулкларини аниқлашиб, текшириб чиқишиб, бу борадаги материалларни судга тақдим этишди. Суд ҳукм чиқарса, Ботировнинг йигирмага яқин мол- мулки давлат ихтиёрига мусодара қилинади. Ботировнинг қандай мол-мулки борлиги, бу мулк кимларнинг номига расмийлаштирилгани ҳам аниқланди, -деди Нурлан Жээналиев.

Бишкекда нашр этиладиган “Жани Агим” газетаси “Қодиржон Ботиров Москвадаги “Аллстрой-Текс”, “Холор”, “Арк-Транс” ва “Савин” каби йирик корхоналарнинг эгасидир”, деган маълумотни эълон қилди.

Газетанинг ёзишича, Қодиржон Ботиров бундан ташқари Москвадаги “ДГЛ-Групп” ширкати, Курскдаги “Новост” тамаки фабрикаси хўжайини экан. Газета Ботиров Москвадаги “Экрос” ҳиссадорлик жамияти, Фарғонадаги нефт заводи ва Ўзбекистондаги темир йўл ускуналари сотувчи корхона акцияларининг тенг шерикли эгаси эканини ҳам ёзган.

Айни пайтда “Жани Агим” газетаси Қодиржон Ботировнинг Россия фуқароси эканини ҳам иддао қилган.

Озодлик радиоси қирғиз хизматига суҳбат берган Қодиржон Ботиров газетада чоп этилган маълумотларни қисман тасдиқлади, аммо ўзининг Россия фуқароси экани тўғрисидаги иддаони рад этди:

- Мен ҳеч қачон Россия фуқароси бўлган эмасман. Президент Бакиев даврида мени парламент депутатлигига сайланмаслигим учун мана шундай афсонани ўйлаб топишган. Мен Қирғизистондан бошқа бирорта мамлакат фуқаролигини олган эмасман.

Менинг фақат Россиядагина эмас, МДҲ ва учинчи давлатларда ҳам бизнесим борлиги ҳақиқат. Мен бошқаларга ўхшаб мол-мулкимни жиноий йўллар ёки давлат амалида ўтириб олиб, коррупция орқали тўплаган эмасман. Барча мол-мулкимни манглай терим билан тўплаганимни ҳамма билади, -деди Қодиржон Ботиров.

Айтиб ўтиш лозимки, Қодиржон Ботиров Жалолобод шаҳрида энг замонавий гимназия, Халқлар дўстлиги университети, замонавий тиббиёт марказларини ҳам қурган. Ботиров халқ фойдаланиши учун қурилган мазкур объектлар ҳам талон-тарож қилинганини айтган.

Озодлик радиосига берган аввалги суҳбатларидан бирида Қодиржон Ботиров мулкининг бир қисмини фазогир Солижон Шариповга ўтказиб берганини билдирган эди. Бироқ Солижон Шарипов унинг бу гапини инкор этиб, мулкни биржада сотиб олганини айтмоқда.

Қирғизистоннинг Сузоқ туман суди, кейинроқ эса Жалолобод вилоят суди Қодиржон Ботировни 2010 йилнинг июнида содир этилган Ўш қирғини айбдори сифатида сиртдан бир умрлик қамоқ жазосига маҳкум қилган эди.

XS
SM
MD
LG