Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:59

“Чинни бозор” тадбиркорлари судда ғолиб чиқди


16 апрел куни Тошкент вилоят жиноий ишлар суди Зангиота туманидаги “Чинни бозор”нинг 120 дан зиёд тадбиркорига етказилган зарарни қоплаш бўйича ҳукм чиқарди.

Тадбиркорлар судда ютди

Тошкент вилоят жиноий ишлар суди ҳукмига кўра, “Чинни бозор”даги дўконларни қуриш ишларида прораб бўлиб ишлаган Фарҳод Абдураззоқовга 15,5 йиллик қамоқ жазоси берилди.

Бу ҳақда судда даъвогар сифатида қатнашган Шоира Содиқбекова Озодликка маълум қилди.

- Бугун Абдураззоқов Фарҳодни жиноят кодексининг тўққизта моддаси билан жавобгарликка айбдор деб топди. 770 миллион сўм давлат фойдасига ундирилсин, деди ҳукмнинг биринчи қисмида. Қамалдиям. Қамалганда 15 йилу 6 ой муддат узил-кесил берилди. Қамоқни умумий колонияда ўташ кўрсатилди,- дейди Содиқбекова.

Шоира Содиқбекова тўрт хоналик квартирасини сотиб, икки ўғлига “Чинни бозор”дан иккита дўкон сотиб олиш учун бозор маъмуриятига 48 миллион сўм пул тўлаган. Бироқ Содиқбековлар оиласига бозордан фақат битта дўкон берилган.

Тошкент вилоят маҳкамаси ҳукмида Шоира Содиқбекова ва у сингари моддий зарар кўрган бошқа тадбиркорларга етказилган зарарни қоплаш ҳам қайд қилинади.

- Битта дўконнинг пули 24 миллион сўм, иккинчи дўкон учун ортиқча олинган пул 11 миллион 900 минг сўм, жами бўлиб 35 миллион 300 минг сўм Содиқбековларга қайтарилсин деб ўқиди. Кейин яна бир миллиард 200 минг сўмдан ошиқроқ пулни 120дан ошиқ бўлган тадбиркорларга дўконнинг ортиқча сотилган пули, дўконга ортиқча олинган пуллар қайтарилсин деди. 2 миллион сўм пул бозор территорияси Зангиота туманида жойлашган бўлганлиги учун Зангиота туман тадбиркорларни ҳимоя қилиш бўлимига ўтказилсин деб ҳукм чиқарди,- дейди Содиқбекова.

Беш томдан иборат жиноят иши билан танишиб чиққан Содиқбековага кўра, айблов хулосасида судланувчи “Чинни бозор”даги қурилиш ишлари учун “ТАТИКО” номли сохта фирма ташкил қилиб, давлат бюджетидан ажратилган 4 миллиард сўм пулни ўзлаштириб юборгани қайд қилинган.

Айблов хулосасида ёзилишича, бозор маъмурияти янги қурилган расталарни тадбиркорларга қиммат нархда сотиш эвазига 11 миллион сўм миқдорида фойда ҳам кўрган.

Шоира Содиқбековага кўра, Тошкент вилоят жиноят ишлари судида жорий йил феврал ойи охирида бошланган маҳкама “одил судлов” кўринишида ўтган.

- Суд росаям яхши ўтди. Судланувчиларга ва даъвогар томонга ҳам бемалол кенг имкон берилди. Кўрсатмалар беришга, гапиришга, саволлар беришга эркинлик берилди. Мен ҳаётимда бунақа судни кўрмаганман. Ҳақиқий, қонуний жараённи биринчи бор кўришим. Одил судлов бўлди десам бўлади,- дейди Шоира Содиқбекова.

“Чинни бозор”да уюшган жиноий гуруҳ бўлган


Жорий йилнинг 19 январ куни "Чинни бозор" маъмурияти, солиқ инспекцияси ва СЭС ходимларидан иборат жами 20 дан ортиқ одам ҳибсга олинган эди.

Шоира Содиқбековага кўра, “Чинни бозор” бошқарув раиси Раҳим Ахмедов ва бозорнинг бошқа ходимлари, Тошкент вилояти Солиқ бошқармаси маъсул ходимлари, бозор қурилишида иштирок этган “ТАТИКО” фирмаси номидан иш юритган ходимларга нисбатан очилган жиноят иши бўйича тергов ҳозирда тугаш арафасида.

- Битта Абдураззоқовнинг ўзи эмас. Бу ерда жиноий гуруҳ бўлишган булар. Аслида шу ишларнинг тепасида турган бозорком Раҳим ака Аҳмедов, кейин Қобил ҳожи ака деган одам бор, у одам ҳозир қочиб кетган деб айтишаяпти. Қобил ҳожи ака умумий бозорлар бўйича раис. Кейин Зафар Эргашев деган одам бор шу қурилишга бош бўлган. Уларнинг иши ҳали тергов жараëнида. Бугун яқинда судга ошади дейишди,-деди Содиқбекова.

"Чинни бозор" Бозор маъмурлари коррупцияга боғлиқ жиноятлар ва давлат мулкини талон-тарож қилганликда айбланмоқда.

"Чинни бозор"да хўжалик ва маиший техника моллари билан савдо қилинади.

2010 йилнинг феврал ойида Тошкентдаги энг катта улгуржи бозорларидан бири бўлган “Карвонбозор” маъмурлари ҳам иқтисодий жиноятларда айбланиб, ҳибсга олинган эди.

Норасмий маълумотларга кўра, “Карвонбозор” раҳбарияти 30 миллион АҚШ доллари миқдоридаги пулни ўзлаштирганликда айбланган эди.
XS
SM
MD
LG