Озодликка Бухоро вилоятининг Қоракўл туманидан қўнғироқ қилган бир неча тадбиркор ўзларининг мажбурий равишда туман аҳоли пунктидан четда жойлашган янги "Шерсахий" савдо мажмуасига кўчирилганини айтиб, шикоят қилди.
Жумладан, Озодликка сўзлаган 42 ёшли тадбиркор Розия Тўхтаева янги бозор туманга электр токи узатиш станцияси ёнида ва очиқ жойда жойлашгани боис у ерда ишлаётганларнинг соғлигига қаттиқ шикаст етказмоқда.
- "Шерсахий", деб катта подстанциянинг остидан, қип-қизил чўлнинг ичидан, иссиқ жойдан бир бозор қурдиришди, ўнтача тадбиркор билан ҳамкорликда. Ўша бозорга бизни мажбуран чиқарди. Подстанциядан нурланиш катта бўлгани учун соғлигимизга жуда кучли таъсир қилаяпти. Врачларимиз айтишдики, нурланиш ҳамма дардни қўзғаяпти, агар ракка мойиллик бўлса, уни кучайтиради, деб, - дейди Озодлик билан суҳбатда Розия Тўхтаева.
Бу тадбиркор ўзининг соғлиги ҳам шу бозорга ўтганидан буён оғирлашганини айтмоқда.
- Ўзим ҳам уч кундан буён касалман, бозорга чиқолмаяпман. Яна бир савдогар Озода Рўзиева ҳам шифохонада ётибди. Черепной давлениеси ошиб кетиб, кўзи кўрмай қолди. Мелис полвоннинг хотини Рўзибуви деган дугонам ҳам бозорда йиқилиб қоляди. Келиб кўринглар, агар гапимизга ишонмасангиз, - дейди Розия Тўхтаева.
Қоракўллик тадбиркорлар номидан Озодликка боғланган яна бир савдогар - 74 ёшли Толиб Ҳалилов янги бозорнинг соғликка зарарлиги билан бирга савдо учун ноқулайлиги ҳақида гапирди.
- Биз канцеляр товар сотамиз. Дафтар, ручка. Мактаб марказда бўлса, чўлнинг ўртасига дафтар-қалам учун ким боради, ахир?! Ноқулайда, - дейди Толиб Ҳалилов.
Шунингдек, бу тадбиркор "Шерсахий" савдо мажмуида тадбиркорлар учун тақдим қилинаётган 6 метрга 6 метр сатҳдаги янги дўконлар ўта қиммат нархда сотилаётганидан норози бўлди.
- 10 минг доллардан дейишяпти. 3-4 киши бир бўлиб, битта дўконни сотиб олгандан кейин яна биттаси келяптида: "бу дўконни мен сотиб олганман, чиқинглар", деяпти. Кўрдизми? Ҳужжат йўқ, қандай ишонасиз бунга? - дейди қоракўллик тадбиркор.
Тадбиркорларга кўра, бунга қадар улар туман марказида жойлашган Қоракўл буюм бозорида савдо қилишган ва 3 апрел куни уларни куч билан бозордан чиқишга мажбур қилишган.
- 3 апрел куни туман ҳокими булдозерлар билан, 60-70 та милицонер билан, туманни солиқчилари ва раҳбарлари билан келиб, бутун бозорни мажбур чиқарди. Дўконларни бузиб олиб кетинглар, деди - дейди Розия Тўхтаева.
Бу тадбиркорлар мурожаати ортидан Озодлик боғланган Коракўл туман буюм бозори раҳбарияти бу ҳолатни тасдиқлади.
Озодликка интервю беришни истамаган мутасаддининг ўзаро суҳбатда айтишича, туман ҳокимлиги талаб остида буюм бозорида ишлаб келаётган 300 тадбиркордан 200 нафари янги бозорга чиқарилган.
Яна 100 нафар тадбиркор эса янги бозордан дўкон сотиб олишга қурби етмагани ва у ерга кўчишни истамагани учун дўконларини ёпишга мажбур бўлган.
- Кўпи уйида ўтирибди. Тирикчилиги кўтармаганлар эса кўчаларда савдо қилиб юришибди. Биз эса масъулияти чекланган жамият бўлганимиз учун ҳали ҳам фаолиятимизни расман тўхтатганимиз йўқ. Расман ишлаб турибмиз, - деди бозор мутасаддиси Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.
Бу расмийнинг сўзларига кўра, Қоракўл буюм бозорини кўчиришдан мақсад нима экани, бузилгани тақдирда унинг ўрнида нима бунёд қилиш режаланаётгани ҳануз ноаниқ.
Озодлик бу маълумотларга ойдинлик киритишини сўраб, "Шерсахий" савдо мажмуасига мутасаддилари ва Қоракўл туман ҳокимлигига мурожаат қилди. Аммо, бу мурожаатларга ҳозирча жавоб олинмади.
Қоракўл туман буюм бозори 19 йилдан буён ишлаб келмоқда. Янги бозорга мажбуран кўчирилган аксар тадбиркорлар бу бозорда 10 йилдан ортиқ савдо қилганини айтмоқда.