Линклар

Шошилинч хабар
20 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:33

Центральное телевидение болалари


Телевизорнинг бугунги сонидан информациядан бошқа нарса кутманг. Информацияки¸ информацион дастурлар тўғрисида информация.



Минтақадаги 5 давлат ҳамда уларнинг собиқ жўрабошиси - Россиянинг энг йирик информацион дастурлари тўғрисида гапирмоқчимиз бугун.

Маълумки, ҳар қандай муҳаррир дастурни тузар экан, уни янгиликларнинг энг муҳими билан бошлайди.

Информацион дастурнинг биринчи сюжети – ўша энг муҳим янгилик - ўзига хос индикатордир.

Оддий фуқарога муносабат, қадриятлар тизими, ижтимоий-сиёсий муҳит, жорий режим характери, дастурни тайёрловчилар касбий маҳорати ва ҳоказоларнинг индикаторидир.

Демак, гап ана ўша индикатор – биринчи сюжетлар тўғрисида.

Тадқиқотимиз ҳалол бўлсин учун минтақа мамлакатлари ва Россия телевидениеларининг битта сана – 18 апрел кунги сонларини томоша қилдик.

У ёки бу мамлакатни хафа қилиб қўймаслик учун алфавит тартибига риоя қиламиз.

Россия. Биринчи канал. “Время” дастури.

“Время”нинг 18 апрел кунги сони Москва метросида юз берган авария тўғрисидаги сюжет билан бошланди.

Сюжетдан метронинг “Комсомольская” станцияси эскалаторида авария юз бергани оқибатида 9 киши жароҳат олгани, аварияга таъмирчи усталарнинг ўз ишига совуққонлик билан қарагани сабаб бўлгани, станциянинг эскалатори 60 йилдан бери алмаштирилмагани, жароҳат олган йўловчиларга товон пули тўланажаги тўғрисида билиб олдик.

“Кун-кунора эскалаторга чиқиб тураман, оёқ остимга қараб юришим керак”, деб қўйдим ўзимча.

Тожикистон. Биринчи канал. “Ахбор” дастури.

“Ахбор”нинг 18 апрел кунги сони Тожикистон парламенти – Мажлиси Олийнинг палаталари Мажлиси миллий ва Мажлиси намоёндагони депутатларининг ялпи мажлиси 20 апрел куни бошланажаги тўғрисидаги эълон билан бошланди.

Олиб борувчи ўз томошабинига депутатлар қачон ва қаерда рўйхатдан ўтишларигача айтиб берди. Идоранинг қуп-қуруқ тили билан ёзилган расмий эълонни тишимни тишимга қўйиб, чидаб эшитдим.

“Нима учун бир ҳовуч депутат учун мўлжалланган расмий эълонни мен оддий томошабин эшитишим керак”, дедим пешонам тиришиб, ўзимни тожикистонлик ҳис қиларканман.

Навбат Туркманистонга. Бу мамлакатнинг энг катта телеканали “Олтин аср”, деб аталади. Информацион дастурининг номи эса -“Ватан”.

Унинг 18 апрел кунги сони биринчи сюжети пахта ва бошқа маҳсулотлар етиштириш билан шуғулланувчи хўжаликлар янги қишлоқ хўжалик йилига шай эканлиги тўғрисида бўлди.

Сюжетдаги маълумотларни келтирсак ҳам бўлади, келтирмасак ҳам. Маълумотлардан кўра, сюжетнинг руҳи муҳимроқ. Эслай олсангиз, Совет давридаги “Время”ни эслангда, ундаги “КПСС МК қарорларига амал қилиб” деган писанда ўрнига мана бундай “Миллий лидеримизнинг кўрсатмаларига амал қилиб”, “Ҳурматли президентимиз айтганидек”, деган писандаларни қўйинг. Мухбир қарийб 4 дақиқа давом этган сюжет давомида камида ўн марта президентини тилга олди.

“Яхшиям туркманлар бахтига президентлари бор. Бўлмаса, уларнинг пахтаси унмай қолармиди”, деган ўй ўтди хаёлимдан.

Алфавит тартиби бўйича навбат “Ўзбекистон” телеканалининг “Ахборот” дастурига келди.

18 апрел кунги дастур Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармонини ўқиш билан бошланди.

Фармон матнини эшитаркан “ҳар ҳолда дастурни ҳар доимгидай йиғилишлару мажлислар тўғрисидаги сюжетдан бошлашмадику”, дедим.

“Фронтовик отахонлар ҳам жуда оз қолгандир. Улардан биронтасини уч-тўрт кун олдин топиб, сюжет тайёрлаб қўйишса бўлмасмиди, президент ҳайитлик бермасаям, эрта ўтиб индинга 9 май келади, фармон муносабати билан “Ахборот”ни конкрет бир оқсоқол тўғрисидаги ўша ҳикоя билан бошлашворарди”, дедим.

Ҳа, энди мен бир оддий томошабин – деявераманда!

Қирғизистоннинг бош телеканали ОТРК каналидир. “Ала-Тоо” ОТРКнинг информацион дастури.

“Ала-Тоо” ҳам оддий одамдан узоқроқ. Бу дастурнинг боши сиёсатдан чиқмай қолган.
Дастурнинг 18 апрел сони биринчи сюжетида Қирғизистон мухолифати ҳукумат билан ўтказилиши режалаштирилган музокараларда иштирок этишдан бош тортгани тўғрисида ҳикоя қилинди.

Ҳукумат ва мухолифат музокаралари 18 март куни Бишкекдаги “Ала-Арча” резиденциясида ўтказилиши керак эди. Учрашувга бир неча дақиқа қолганида мухолифат лидерлари музокарада иштирок этишдан бош тортди.

“Бу гапни эшитган ўзбекистонликлар шунақасиям бўларкана, дейишаётган бўлсалар керак”, деган ўй ўтди хаёлимдан.

Ва ниҳоят Қозоғистоннинг “Қазақстан” телеканали ва унинг “Жаналиқтар” дастури.

“Жаналиқтар”нинг биринчи сюжетида Малайзияга давлат ташрифи билан борган президент Назарбоевнинг бу мамлакат бош вазири Нажиб Тун Разак билан учрашгани тўғрисида ҳикоя қилдилар.

Сюжет 7 дақиқа давом этди.

“Президент ҳар куниям Малайзияга боровурмайди, балки шунинг учун ҳам “Время” камида 5 та информация сиғдирворадиган вақтни битта сюжетга сарфлаганларини оқлаш мумкиндир”, деб қўйдик.

6 давлат бош телеканаллари информацион дастурларининг биринчи сюжетларини кўрган бўлдик.

Қайси давлатники оддий фуқаро ташвишини биринчи планга чиқарадию қайсилариники ҳануз Совет телевидениеси тутумини тутаётгани тўғрисида ўзингиз бир хулосага келгандирсиз.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:44 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG