Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:48

Собиқ сенатор жиноий жавобгарликка тортилди


Жиззах тумани ҳокими, Ўзбекистон Олий Мажлисининг собиқ сенатори Маҳмуд Холбўтаев устидан жиноий иш қўзғатилди. Расман тасдиқланмаган маълумотга кўра, ҳоким жиззахлик ҳайдовчини аёвсиз равишда калтаклаганликда ҳамда пора олишда айбланмоқда.

Жиззах вилоятининг шу номдаги тумани ҳокими Маҳмуд Холбўтаев 16 апрел куни туман халқ депутатлари кенгашининг навбатдан ташқари йиғилишида депутатликдан озод қилинган.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган жиззахлик инсон ҳуқуқи фаоли Мамиржон Азимовнинг айтишича, шу йиғилишдан сўнг Маҳмуд Холбўтаев миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ҳибсга олинган:

- Сўнгги бир неча кун ичида туман ҳокими Маҳмуд Холбўтаев, ички ишлар бўлими бошлиғи Ёқуб Акобоев ва туман мудофаа ишлари бўлими раҳбари Балиев биргаликда маҳаллама-маҳалла юриб, газ пулини тўламаганларни газларини кестириб, ҳарбий сафарбарликка чақирилган йигитлар учун тўланмаган пулларни ундириш билан машғул бўлган. Халқ бундан қаттиқ норози эди. Бир қанча жойларда жанжаллар ҳам чиққан. Менимча, 15 апрел бўлса керак, улар ана шундай рейдлардан биридан сўнг шаҳардаги бир чойхонада ҳоким, милиция бошлиғи ва мудофаа раҳбари бирга ўтиришган.

Чойхонада еб-ичиб, яхши кайф билан чиққан пайтида маҳалладан оҳак ортиб чиқаётган бир машинани кўриб қолиб, тўхтатишган. Бироқ ҳайдовчи тўхтамай қочган. Шунда улар машинага ўтириб бир 10 километрдан кейин уни қувиб етган. Ҳайдовчини туман ҳокими ва милиция бошлиғи жуда ҳам қаттиқ калтаклаган. Лаблари, юзлари ёрилиб кетган, қовурғалари синиб кетган,- дейди Мамиржон Азимов.

Ҳуқуқ фаолига кўра, шундан сўнг ҳайдовчи шаҳар касалхонасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган ва унинг аҳволи оғирлигича қолмоқда. Ҳайдовчининг яқинлари эса бу ҳақда миллий хавфсизлик хизматига шикоят қилган.

Мамиржон Азимовга кўра, ҳоким Маҳмуд Холбўтаев икки кун миллий хавфсизлик хизматида ҳибсда ўтирганидан сўнг, туман ҳудудини тарк этмаслик шарт билан қўйиб юборилган.

Жиззах вилоят ҳокимлигининг исми сир қолишини илтимос қилган манбага кўра, Маҳмуд Холбўтаев безориликдан ташқари Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 210 моддаси, яъни пора олганликда ҳам айбланмоқда.

Маҳмуд Холбўтаевнинг депутатликдан озод қилингани ва уч кундан буён ишда йўқлигини Жиззах туман ҳокимлигининг ходими ҳам Озодликка тасдиқлади.

Мамиржон Азимовнинг айтишича, Маҳмуд Холбўтаев туманга ҳоким бўлиб тайинланганидан сўнг муштумзўрлик билан ном чиқарган:

- Маҳмуд Холбўтаевга нисбатан аҳолида норозилик кучайиб бораётган эди. Чунки у ўтказган йиғилишларнинг энг яхшиси сўкиниш билан, ёмонроғи эса калтаклаш билан тугарди. 2011 йилнинг пахта терими мавсуми пайтида Ғафур Ғулом номидаги мактабнинг директорини жуда қаттиқ урган эди. У касалхонага ҳам ётиб чиқди. Бироқ бирор жойга шикоят қилмади,- дейди Мамиржон Азимов.

Маҳумд Холбўтаев 2004 йилда Жиззах вилоятининг Дўстлик тумани ҳокими бўлган. Ўша йилда у Ўзбекистон Олий Мажлисининг сенатори этиб президент томонидан тайинланган.

Маҳмуд Холбўтаев Жиззах тумани ҳокими этиб тайинланмасидан олдин Жиззах вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари ва олти ой вилоят ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи мақомида ишлаган.
XS
SM
MD
LG