Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:27

Таъмирланган Бухоро Арки яна қулади


Юнеско умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган Бухоро Арки девори бир йил ичида икки марта қулади.

Бухоро марказидаги қадимий Арк деворининг бундан бир йил олдин таъмирланган қисми тағин қулаб тушди.

Юнеско умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган бу деворнинг бундан минг йил олдин тиклангани айтилади.

Бухоро-музей қўриқхонасиниг исми айтилишини истамаган ходими Озодлик билан суҳбатда қиши билан нам тортган деворнинг қўққисдан ағдарилгани ҳақида маълумот берди:

- Ҳозир Арк реконструкция қилиняпти. Бир ойдан кейин битиб қолар. Афсуски вақт олдида Арк девори ҳам кучсиз экан. Деворнинг бир қисми қулаб тушди. Айни пайтда Арк олдига ҳеч кимни яқинлаштирмаяпмиз. Арк атрофи ўраб қўйилган.

Суҳбатдош девор қулагани оқибатида ҳеч ким девор тагида қолиб нобуд бўлмаганини шукрона оҳангда билдирди.

Бухоро Арки қулаганидан 4 кун ўтиб Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг Маданий меросни муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш бош бошқармаси раҳбари Равшан Мансуров ва яна бир нафар мулозим Бухорога бориб, вазиятни ўрганди.

Мазкур идора ходимининг Озодликка билдиришича, Бухоро Арки деворининг қулаши вазирликда муҳокама қилинган.

Тинимсиз қулайдиган Арк девори

Куни кеча қулаган Арк биноси бундан бир йил олдин Бухорода ўтказилган “Асрлар садоси” фестивали олдидан таъмирланганидан бир ой ўтиб, 2011 йилнинг май ойида қулаб тушган эди. 2012 йил апрел охирига келиб девор яна қулади.

Бухоро меъморчилик санъати ҳақидаги тадқиқидлар муаллифи, немис антрополог олим Йакоб Таубе Озодлик билан суҳбатда таъмирлаш жараëнидаги қусурлар боис бундай муаммоларга дуч келинмоқда, дея фикр билдирди.

Таубега кўра, таъмирлаш узоқ вақт мобайнида, эски технологиялар асосида олиб борилганидагина қадимий обидаларга зарар етказмасдан натижага эришиш мумкин.

Таъмирлаш жараëнини кузатган бухоролик маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячиси ва тарихчи Шухрат Ғаниев кўҳна Арк деворининг бир неча марта қулаганига гувоҳ бўлганлардан бири.

Ғаниев таъмирлаш мобайнида цемент ишлатилганидан ҳайратга тушган.

Реставрация нотўғри қилинган

Бухоро меъморчилик услубларини узоқ вақт ўрганган ва ўзи ҳам Бухоронинг қадимий қисмида истиқомат қиладиган 51 яшар рассом (исми айтилмаслигини истади) Арк деворлари таъмири пайтида синчлаш системасига амал қилинмагани боис муаммога дуч келинганини айтди:

- Одам танасини склет ушлаб туради. Агар склет бўлмаса биз қаддимизни тик тута олмаймиз. Арк деворини минг йилдан бери тик тутиб келган нарса унинг ичидаги ëғочдан бўлган каркас тизимидир. Ëғоч бўлаклари бурғулар билан тешилиб бир-бирига уланган. Таъмир пайтида ана шу муҳим тизим эътибордан четда қолдирилди, дейди рассом.

Шоҳи Зинда тарихий мажмуасида қазиш ишларини бошқарган тошкентлик таниқли археолог ва архитектор Нина Немцова, ўз тажрибаси асосида Ўзбекистонда урф бўлган консервация эмас, замонавий реставрациядан туғилаëтган хавотирларини Озодликка бундан бир йил олдин билдирган эди:

- Қурувчилар мен топган ва консервация қилиб қўйган меъморий мақбаралар қолдиқларини таг-туги билан кўчириб олишди ва унинг ўрнига янги обида қуришди. Бу обиданинг мен қазиб топган ва ҳужжатлаштирган обидага ҳеч қанақа алоқаси йўқ. Ҳозир у ерда мутлақо бошқа обидалар турибди. Келаётган сайёҳлар баланд замонавий мақбарани кўраяптилар, олдинги обидадан асар ҳам йўқ, деган эди куюниб Нина Немцова.

Бухорода Аркдан бошқа обидаларнинг аста секин путурдан кетаëтгани кузатилади.

1994 йилда Бухородаги Чор минордан биттаси ағдарилиб тушган эди. Кейин бу минора замонавий қурилиш воситалари билан қайтадан тикланган.

Вазирликнинг хабари йўқ

Мақолани нашр қилишдан олдин Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлигига яна бир бор қўнғироқ қилдик. Ўзини вазирлик матбуот хизмати вакили деб таништирган мулозим Бухоро Арк деворининг яна қулагани ҳақида вазирликда маълумот йўқлигини айтди.

Арк ҳақида

Арк девори ўнинчи асрда тиклангани айтиладиган меъморий обида сифатида Юнеско рўйхатига киритилган.

Арк остида ўтказилган қазишмалар обиданинг эрамиздан олдинги учинчи асрга оидлигини тасдиқлаган.

Арк ҳақидаги маълумотлар 10 асрда яшаган Фирдавсийнинг "Шохнома" асарида келтирилади.

Арк девори йиллар мобайнида истилочилар тажовузига қалқон бўлган.

19 асрга келиб Бухоро истилоси даврида Арк девори Чор Россияси қўшинлари тарафидан тўпга тутилган.

1920 йилга келиб Фрунзе бошчилигидаги болшевиклар Арк деворларини учқичлардан бомбалаган.
XS
SM
MD
LG