Линклар

Шошилинч хабар
20 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:24

Хорижга рухсатсиз чиққан хонанда лицензиядан маҳрум қилинди


Қодир Ботиров.
Қодир Ботиров.

26 апрел куни “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси таниқли хонанда Ботир Қодировни Бирлашган Араб Амирликларига изнсиз бориб келгани учун лицензиядан маҳрум қилди.

Санъаткорларга лицензия берувчи ташкилот матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра, хонанда Ботир Қодиров “Эстрада санъати соҳасида фаолият юритаётган санъаткорларни хориж давлатларига чиқиши тўғрисида”ги Тартибга риоя қилмаган.

“Ўзбекнаво”га кўра, санъкорларниг хорижга чиқиши тўғрисидаги қоидалар Миллий эстрада санъатини мувофиқлаштириш Кенгашида 2010 йил 5 февралда тасдиқланган.

Маҳаллий Интернет нашрларга вазиятни изоҳлаган хонанда Ботир Қодиров Дубай шаҳрига концерт учун эмас, дам олишга бориб келгани, шахсий сафар учун ҳам “Ўзбекнаво”дан рухсат олиш зарурлигидан бехабарлигини айтган.

Лицензиядан мосуво этилган қўшиқчи келаси сафар дам олишга отланишдан аввал “Ўзбекнаво”дан албатта рухсат олишга ваъда берган.

Шунингдек, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси хонанда Ботир Қодиров “қишлоқ жойларда ўтказиладиган тарғибот-ташвиқот тадбирларида қатнашмагани”, “ҳукумат қарори ҳамда лицензия битимида назарда тутилган талаблар ва шартларни мунтазам равишда бузиб келгани”ни маълум қилган.

“Ўзбекнаво”га кўра, Вазирлар Маҳкамаси 2012 йил 5 апрель куни тасдиқланган “Республика ва вилоятларнинг таниқли санъаткорлари ва театр артистлари иштирокида қишлоқ жойларда ўтказиладиган маданий-маърифий учрашувлар ва тарғибот-ташвиқот тадбирлари режаси” бор.

Ушбу режа бўйича “Ўзбекнаво” бирлашмаси концертлар уюштиради.

Исмини ошкор қилишни истамаган ўзбек эстрада хонандасининг Озодликка айтишича, вилоятлардаги сафарга таклиф қилган санъаткор барча ишини йиғиштириб концертга отланиши зарур, акс ҳолда лицензиядан айрилиши мумкин.

Лицензиясидан мосуво қилинган Ботир Қодиров бир неча йил олдин “машҳур ҳофиз Шерали Жўраевнинг ўғли экани” ҳақидаги миш-мишлар билан ҳам танилган эди.

Қодиров 1981 йилда Андижонда туғилган. Тошкент давлат маданият институтини битирган. Сўнгги йилларда миллий эстрада йўналишидаги етакчи қўшиқчилардан бири сифатида ҳам эътироф этилиб келмоқда.

Мамлакат қонунчилигига кўра, санъаткорлар гастрол-концертлар, тўйлар, юбилейлар ва бошқа тантаналарда хизмат кўрсатиш учун “Ўзбекнаво” бирлашмасидан лицензия олиши талаб этилади.

Ўзбекистондан лицензия бериш, умуман, санъаткорларга муносабат сиёсийлашган жараёнга айланиб кетгани айтилади. Масалан, сўнгги йилларда Шерали Жўраев, Юлдуз Усмонова, Абдулазиз Каримов, Феруза Жуманиёзова, Обид Асомов сингари таниқли санъаткорларнинг катта санъат саройларида концерт бериши ва телевидениеда чиқиши тақиқлаб қўйилган.

Аввал хабар берганимиздек, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси ички ишлар ва солиқчилар билан бирга лицензиясиз фаолият олиб бораётган санъаткорларни ушлаш бўйича қўшма рейдлар ўтказмоқда. Бирлашмага кўра, ҳозирга қадар текширувлар пайти лицензиясиз 228 нафар санъаткор – хонанда, бошловчи, раққоса ва созандалар расмий огоҳлантирилган, уларнинг 73 нафарига мажбурий лицензия расмийлаштирилиб, давлат божи ундирилган, 19 нафар санъаткорнинг ҳужжатлари чора кўриш учун солиқ идорасига юборилган ва 14 нафар санъаткор ҳужжатлари судга тақдим этилган.
XS
SM
MD
LG