Линклар

Шошилинч хабар
03 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:28

Путин куйчиси янги ашула чиқарди


YouTube га қўйилган ролик “Толибжон Қурбонхоновнинг аввалги “ВВП” трекидаги мавзунинг давоми сифатида”, дея тақдим қилинди.
YouTube га қўйилган ролик “Толибжон Қурбонхоновнинг аввалги “ВВП” трекидаги мавзунинг давоми сифатида”, дея тақдим қилинди.

Тожик қўшиқчиси Толибжон Қурбонхонов Россиянинг янги сайланган президенти Владимир Путинга бағишлаб яна бир қўшиқ айтди. Толибжонниннг “ВВП” деб номланган биринчи қўшиғи Россияда мунозараларга сабаб бўлган эди.

Тожикистонлик Толибжон Қурбонхонов Россиянинг янги сайланган президенти Владимир Путин тарафдорларини ўз “ижоди” билан хурсанд қилишда давом этмоқда.

Путиннинг энг асосий мадҳиячиларидан бирига айланиб бораётган Қурбонхонов 30 апрел куни Youtube порталида ВВП га бағишланган иккинчи қўшиғини эълон қилди.



Душанбелик хонанданинг “ВВП”сини тинглаган россияликларга кўра, Қурбонхоновнинг Путинга бағишлаб куйлаган бу қўшиғи акс натижа берган эди. Аксар тингловчилар баландпарвоз сўзлар билан, бироз беўхшов ёзилган бу қўшиқ шу йилнинг 4 мартида бўлиб ўтган президент сайлови олдидан Владимир Путинга қарши ёзилди, деган фикрни билдирган.

РЕН-ТВ каналидаги Марианна Максимовская кўрсатувига таклиф этилган Қурбонхонов бошловчининг “ВВП” қўшиғи билан сиз Путинни қўллаяпсизми ёки унга қаршимисиз?”, дея берган саволига "қочиримли" жавоб қайтарди.

- YouTube, менимча эркин фикр билдириш майдончаси. Мен аввалига сиёсатдан ташқарида бўлмоқчи эдим. Бу саволингизга жавоб олиш учун бу роликни яна бир бор яхшилаб тинглаб кўринг, дея тавсия қилди Максимовскаяга Толибжон.

Шундан кейин у мадҳия шинавандалари учун яна бир “сюрприз” тайёрланаётганини билдирган эди.

Биринчи қўшиқ Владимир Владимирович Путин ишора ўлароқ, “ВВП” дея аталган бўлса, буниси унданда жўнроқ – “Худойим, Владимир учун ўзинга шукр!” деб номланади.

YouTube га қўйилган роликнинг остига “Толибжон Қурбонхоновнинг аввалги “ВВП” трекидаги мавзунинг давоми сифатида”, дейилади. Бу сафар тожикистонлик хонанда Россиядаги сайловлар натижаларидан мамнун эканлигини билдиради.

Бунинг устига, у Владимир Путинга ўзининг шахсий муносабатини ҳам яширмайди.

Ёш болалигимда уни биринчи маротаба кўриб қолдим,
Ўша дамдан унга ўхшашни истайман.

Мен унинг илоҳий қудратига шубҳа қилмай қўйдим.
Унинг юқоридан берилган ғалабасини истардим,

дея куйлайди мадҳия устаси Толибжон Қурбонхонов.

Толибжон Путиннинг илоҳий шахс эканига заррача шубҳа қилмаслиги, художўй одамлар уни яхши тушунишини куйлайди.

Бироқ, чуқур фалсафий мазмунга эга бу видеоклипнинг “Мен унинг илоҳий қудратига шубҳа қилмай қўйдим”, сатрлари куйланаётган қисмида негадир Болотная майдонида Путин ва у бошқараётган ҳукумат сиёсатига қарши ўтказилган мухолифат кучларининг оммавий юришларидан олинган кадрлар кўрсатилади.

Сиёсатдан "йироқ" бўлган Толибжон ўтган йилнинг 10 декабрида Болотная майдонида Россияда бўлиб ўтган парламент сайловларида қонунбузарликларга қарши россияликларнинг норозилик чиқишини тожик қўшиқчиси Путин тарафдорлари чиқиши, деб ҳисоблаган бўлса ажаб эмас.

Зеро “Жулики и воры - верните выборы!”, яъни “Қаллоблар ва ўғрилар – сайловни қайтаринг!”, деб ёзилган ёзув Қурбонхоннинг “қаҳрамони ва кумири” Владимир Путинга қаратилган эди.

Бу қўшиқнинг яна бир тўртлиги эътиборга молик:

Унинг душмани кўп – улар мамлакат душманларидир,
Улар Россияни парчаламоқчи эди, лекин уддасидан чиқолмади.

“Сиёсий жиҳатдан тўғри фикрлаяпсиз, ўртоқ!”, деган бўлар эди яна бир Владимир, фақат Ленин. “Ким биз билан бўлмаса, демак бизга қарши” қабилида гапирилган бу гаплар советлар давридаги КПСС яккаҳокимлиги даврида ўринли бўлармиди...

Лекин тожик қўшиқчиси шўъролар даврини носталгия билан эслаётган одамларнинг фикрини билдирган бўлса ҳам ажабланишнинг ҳожати йўқ: унингча, давлат раҳбарига қарши чиққан ҳар бир шахс, сўзсиз, халқ душманидир.

Ниҳоят, қўшиқнинг иккинчи нақоратида Яратганга Владимир учун раҳмат айтилганидан кейин, Толибжон ўзи билдирган “фикрларини қўллаб – қувватловчилар” кўпайиб бораётганидан беҳад хурсандлигини изҳор этади.

Бу ерда унинг бу фикрига қўшилмасликнинг иложи йўқ...

YouTube порталида томошабоп роликлардан бирига айланиш эҳтимоли юқори бўлган бу қўшиқ аллақачон муҳлисларнинг қизиқишини ўзига тортмоқда.

Кимдир уни ВВПга сиғингани учун Pussy Riot гуруҳига ўхшаб судга тортишни таклиф этса, “Яэта” исмли шарҳловчи “Биз қўшиқни тингладик. Энди Толибжон бизга маънавий зарарни қоплаши керак”, деб ёзади.

Айтиш жойизки, бу Владимир Путинга бағишланган ягона қўшиқ эмас.

Кузатувчилар Қурбонхоновнинг бу “сюрпризи” 7 майга Москвада белгиланган Россия президенти инаугурацияси олдидан Владимир Путиннинг усиз ҳам паст рейтингига жиддий путур етказади, деган фикрни билдиришмоқда.

--------------
Озодлик Т.Қурбонхонов қўшиғининг ўзбекчага таржимасини эътиборингизга ҳавола этади:

Худойим, Владимир учун сенга шукурлар бўлсин!

Ҳар бирмиз қалбида бир қаҳрамон яшайди,
Гоҳида биз унга ўхшашни истаймиз.

Болалигимда уни илк бора кўриб қолдим,
Ўша ондан бери унга ўхшашни истайман.

Кўпдан унинг илоҳий қудратига шубҳа қилмайман.
Унинг Кўкдан юборилган ғалабасини истадим.

Худога ишонувчилар буни яхши билади -
Кўкдагилар ҳаммани бу ишга танламайди.

Нақорат:
Худойим, Владимир учун Ўзинга шукр!
Қаҳрамоним ва кумирим учун шукр!
Мен унинг барча истаклари амалга ошиши,
Соғлиги учун қадаҳ кўтараман.
(икки маротаба такрорланади)

У мамлакат тепасида – шундай бўлмоғи керак.
Буюк халқга лойиқ буюк мукофотдир бу.

У билан бирга бўлсак, демак тўғри йўлни танладик,
Буни эса биз кейинроқ англаб етамиз.

Уни қадрланг ва ҳар бир лаҳзани,
У қилаётган барча нарсалар – яхшилик учун.

Унинг душманлари кўп – улар мамлакат душманлари,
Россияни парчаламоқчи бўлдилар, лекин эплай олмадилар.

(Нақорат)
Худойим, Владимир учун Ўзинга шукр!
Қаҳрамоним ва кумирим учун шукр!
Бу оламда уни севган битта ўзим эмасман!
Бунақалар кундан-кунга кўпайиб бормоқда!
XS
SM
MD
LG