Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:27

Ҳаққулободда ҳам уйлар бузилаяпти


Уйлар бузилиши аввал Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам, хусусан, Урганчда (суратда) ҳам кузатилганди.
Уйлар бузилиши аввал Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам, хусусан, Урганчда (суратда) ҳам кузатилганди.

Наманган вилоятининг Норин тумани маркази Ҳаққулобод шаҳрини янги бош планга асосан ободонлаштириш ишлари бошланди.

Норин туман ҳокимлиги одамлардан тез орада уйларини бузиб, ажратилган ерга кўчиб ўтишни талаб қилмоқда. Бироқ одамлар ҳокимият томонидан ажратилган товон пули янги қурилажак уйларнинг ҳатто пойдеворига ҳам етмаслигини айтмоқдалар.

Ҳаққулобод шаҳарчасида истиқомат қилувчи пенсионер Расулжон Абдумажидовнинг айтишича, одамларнинг уйлари, дўконлар, ошхоналар мажбуран буздирилаяпти:

- Бизнинг туманда (Норинда демоқчи – таҳр.), Ҳаққулободда ҳокимият ва прокуратура диктатураси ўрнатилди. Одамларнинг уйини мажбур буздираяпти. Уй борми, магазин борми - ҳамма ëқни буздирди прокурор билан ҳоким. Рашид Қодировнинг келишига эмиш. 15 га у киши келаркан. Ҳамма ëқ вайрон. Бир йил бўлган янги биноларгача буздираяпти. Рашидхон эмиш, хўжайин эмиш республикага. Мирзиëев ҳам, президент ҳам бир тийин эмиш, қаёққа ёзсанг ёзавер, дер эмиш. Бир этажли янги биноларни буздириб, "икки этаж қиласан" деб. “Эй аҳмоқ, икки этаж бўладими? Бу кичкина шаҳар” дейдиган одам йўқ, - дейди Расулжон Абдумажидов.

Пенсионерга кўра, одамлар нима қилишини билмай ҳайрон қолган, чунки уйлари бузиладиган аҳоли жуда қашшоқ яшайди ва уларнинг янги уй қуришга қурби етмайди.

Озодлик уйи бузилишга тушган 86 ёшли пенсионер Аҳмаджон ҳожи Мадумаров билан суҳбатлашди.

Отахоннинг айтишича, "уйларни буз" деган ҳокимлик етарли товон пули тўлаш ҳақида ўйламаяпти ҳам:

Озодлик: Ассалому алайкум. Ҳожи бобо, яхшимисиз?

- Раҳмат.

Озодлик: Нима бўлаяпти? Нима деяпти сизга?

- Кўчасан, деяпти.

Озодлик: Қаерга кўчасан, деяпти? Уй-пуй бердими?

- Йўқ, уй йўқ. Автобазанинг ўрнидан жой берамиз, деган. У ҳам муқиммас.

Озодлик: Ҳозирги турган жойингиз неча сотих ва унда иморатлар борми?

- 8-9 сотих. Молхоналар билан 10 тадан ҳам ошиб кетади.

Озодлик: Уйни бузгандан кейин янги жойга боргунча товон пули беришаяптими?

- Йўқ. Ҳемири ҳам йўқ ҳозир. Қуруқ "кўч" деяверади, холос.

Озодлик: Сиз шу ерда бир умр яшагансиз-да, сизнинг ота ҳовлингизда бу-а?

- Ҳа. Бир умр шу ерда яшаганман. 86 га кираяпман ҳозир.

Озодлик: Ҳожи бобо, ëшлигингизда нима иш қилгансиз?

- Мен саккиз ëшимдан ишлаганман. Бойларнинг отини етаклаб катта бўлганман. Ундан кейин трактор миндим. Энг охири банкда охранлик қилиб пенсияга чиқдим, -дейди пенсионер Аҳмаджон ҳожи Мадумаров.

Ҳаққулобод шаҳрининг Мирзақулов кўчасида истиқомат қилувчи Лолахон Шодмонованинг айтишича, гарчи улар яшаётган уйлар маҳалланинг ичкарисида бўлса ҳам, бузилишга тушган:

- Нима қилишга бошимиз қотган. Ҳаммага ҳар хил пул чиқарилган. Биз участка қиламиз, деб бузиб қўйган эдик. Бузилган нарсаларимизни қўшмаган. 6 миллион пул чиқариб қўйган. Болаларимиз мактабда ўқиса, ўқишга энди ҳаракат қиламиз. Битирай деб қолди. Энди биз кўчанинг ичида ўтирамиз. Қайсидир бировга бизнинг жойимиз керакдирки, шунақа гап-сўз бўлаяпти. Мана бозорнинг ëнида ўтирамиз. Кўчага дахлимиз йўқ, маҳалланинг ичкарисида ўтирамиз. Ободонлаштириш бўлса, катта асфалтларнинг чеккасини ободонлаштирсин. Бизга нима дахли бор, деб ўша томондан нима қилаяпмиз-да. 6 миллион 500 қанчаям чиқариб қўйибди. Суммасини кўриб келдик. У билан биз қанақа қилиб уй тиклай оламиз? Бир ерда ишламасак. Биз бозордан, кўчадан тирикчилик қилсак, - дейди Лолахон Шодмонова.

Шу маҳаллада истиқомат қилувчи бошқа бир фуқарога кўра, ҳокимият ажратаётган товон пули ҳеч нарса бўлмайди:

- Бизнинг маҳалланинг қизил линияга алоқаси йўқ. Кичкина жин кўчада яшаймиз. "Ана шу ерни оламиз" деб, ҳозир 11 миллион пул чиқарибди. Биз унга қандай қилиб уй-жой қилиб жойлашамиз? Маблағ бўлмаса. 6 сотих ҳовлида ўтираман. Келинимники бир уй, бир даҳлиз. Алоҳида меҳмонхонам, ўзимга уч хона алоҳида. Уч бўлак уйим бор. Ҳаммасини йиғиштирса, олти хона уй чиқади. Энди бизникини бузасан, деяпти-да. Ҳозир энди ер берамиз, деяпти. Ернинг асфалтнинг пулини бераркан, цементнинг пулини бераркан. Ер берар экан. Қолганига уйимизни бузиб, олиб боришимиз керак экан. Кейин уйларимиз захкаш. Уйимизни бузадиган бўлсак, 25 фоиз ҳам бутун чиқмайди. Қандай қилиб олиб бориб тушира оламиз? Маҳалланинг ичидамиз. Кичкина жин кўчанинг ичида. Умуман кўчага бизнинг алоқамиз йўқ, - дейди ҳаққулободлик аёллардан бири.

Озодлик бу масалага муносабат олиш мақсадида Норин туман ҳокимлиги билан боғланди. Ҳокимликнинг ташкилий ишлар бўлими бошлиғи Валишер Нурматов уйлари бузиладиган одамларнинг ваҳима қилишига ҳожат йўқлигини айтди:

- Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасининг дастурига кирган. Янги генплан бўйича шаҳарни қайта реконструкция қилиш. Шунга ноқонуний қурилган уйлар бузилаяпти. Одамларнинг яшаб турган уйлари квадрат метрига қараб, давлат прейскуранти асосида ҳисоб-китоб қилинади. Уйдаги дарахтларгача ҳисобланади. Ҳеч ким норози бўлиб қолмайди. Шаҳар марказидан ер бераяпмиз. Кўчишларига ёрдам берамиз, - дейди Норин туман ҳокимлиги ташкилий ишлар бўлими бошлиғи Валишер Нурматов.
XS
SM
MD
LG