Москва шаҳар метрополитени полиция бошқармаси сохта ҳужжатларни тайёрлашда гумонланаётган 21 нафар шахс қўлга олинганини хабар қилди.
Транспорт полицияси расмийларининг маълум қилишича, қалбаки ҳужжатлар асосан Россия пойтахтига меҳнат қилгани келаётган хориж фуқароларига сотилган.
Москва шаҳар транпорт полицияси қошидаги оператив хизмат бўлими бошлиғи муовини Владимир Емелянов асосан ўзбекистонликлардан иборат жиноий гуруҳ фаолияти “аъло” даражада ташкиллаштирилганини гапиради.
- Бевосита ташкилотчилар – Украина фуқаролари, Грузия фуқароси, Краснодар Владимир вилоятидан келган шахслар ўзлари қалбаки ҳужатларни ясаш билан шуғулланган. Улар замонавий техника билан жиҳозланган, барча турдаги муҳрлар билан таъминланган экан, дейди оператив ходим Владимир Емелянов.
Маълум бўлишича, жиноий гуруҳ таркибига 150 тача одам кирган, уларнинг асосий қисми “мижоз” қидириш билан шуғулланган. Шунингдек, гуруҳ таркибига куръерлар, метродаги реклама бўлими, босмахона ва полиграфия ходимлари, бошқарувчилар кирган. Жиноий гуруҳнинг асосий қисми ижарага олинган квартирада қўлга олинган.
Москва шаҳар метрополитени полицияси матбуот маркази бошлиғи Алексей Мишляевга кўра, қалбаки ҳужжат “мутахассислари” ҳатто Ўзбекистон ва Қирғизистон республикалари паспортларини тайёрлаб берган.
“Кунига бу квартирага 50-70 мижоз сохта ҳужжатлар учун мурожаат қилган”, дея давом этади Алексей Мишляев.
- Метро станцияларида улар бу ҳужжатларни сотиш билан шуғулланган. Биз уларни ўша ердан амалиёт давомида кузатиб келдик. Барча қўлга олишлар улар жойлашган ва техника билан жиҳозланган квартираларда амалга оширилди. Куръерлар бу ерга пулларни олиб келишган ва буюртма берган. Улар паспорт, диплом, миграция карталари, тиббий кўрик варақалари ва бошқа гувоҳномаларни қалбакилаштириш билан шуғулланган, дейди Алексей Мишляев.
Транспорт полицияси расмийсининг сўзларига кўра, қалбаки ҳужжатлар асосан “Комсомолская”, “Таганская”, “Добрининская”, “Кузминки”, “Проспект Мира” ва бошқа метро бекатларида тўда-тўда бўлиб “қоғоз” таклиф қилиб юрган йигит-қизлар томонидан сотилган.
4 май кунига ўтар кечаси олиб борилган амалиёт давомида Пантелеевская кўчасидаги биргина квартирада қўлга олинган 17 кишидан аксариятининг марғилонликлар экани айтилмоқда. Квартирада олиб борилган тинтув давомида ўнлаб принтер-компьютер-ламинатор-сканерлардан ташқари фирибгарлардан Миграция хизмати, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Домодедово аэропорти божхона хизмати штампи, дипломлар, паспортлар ва бошқа муҳрлар мусодара қилинган.
- Бу этник жиноий гуруҳ асосан метрополитен бекатларида мурожаат қилган ўз юртдошлари учун “хизмат” қилган. Одатда қишда улар метронинг ичига кириб кетади, ёзда эса ташқарига чиқиб ҳужжат сотади. Қўлга олинган 21 кишига нисбатан РФ Жиноят Кодексининг 159- моддаси 2-қисми, яъни фирибгарлик юзасидан жиноий иш очилди, дейди транспорт полицияси вакили Алексей Мишляев.
Полициядан олинган маълумотга кўра, маҳкамада айби тасдиқланса¸ жиноий гуруҳ аъзоларига 1 йилдан 5 йилгача қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.