Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:52

Петербургда уч ўзбекистонлик муҳожир ўлди


Санкт-Петербургда устачилик қилиб келган ўзбекистонлик меҳнат муҳожири ўз-ўзини осиб қўйган бўлса¸ бошқа бирини маст юртдоши болта билан чопиб ўлдирди. Учинчи муҳожирнинг поезд тагига тушиб ўлгани айтилмоқда.


Биринчи фожиа Санкт-Петербург шаҳрининг Королёв проспектида жойлашган 7-уйда содир бўлди.

Дастлабки тергов тахминларига кўра, 27 ёшли Эркабой Атязов ўзи ремонт қилаётган квартирада люстра илмоғига сиртмоғ ясаб ўзини осиб ўлдирган, дейди Озодликка Санкт-Петербургнинг Приморский тумани ИИБ сининг 35-бўлими навбатчиси.

- Ҳодиса менинг навбатчилигимда, 10 май куни содир бўлди. Ўзини осиб қўйибди. Фамилияси Атязов экан, Ўзбекистондан. Унинг жасади шаҳарнинг 1-моргига юборилди. Уни олиб кетишга яқинларидан иккита акаси келган эди, дейди полиция бўлими навбатчиси.

Полиция ходимасининг сўзларига кўра, Эркабой Атязов ўзи таъмирлаётган квартирада яшаб меҳнат қилаётган бўлган. Унинг люстрага осилган танаси 10 май куни тунги соат 11 ларда аниқланган.

Маълум бўлишича, квартира 47 ёшли петербурглик шахсга тегишли бўлган. Ҳодиса жойида Атязовга тегишли шахсий ҳужжатлар топилган¸ ўзбекистонлик муҳожир Петербургдаги Коллонтай кўчасида қонуний қайдда турган.

Петербург шаҳар Тергов қўмитаси ҳозирда суиқасд юзасидан суриштирув ишлари олиб бормоқда¸ ўзбекистонлик меҳнат муҳожирининг ўз жонига қасд қилгани сабаблари аниқланмоқда.

Айни пайтда, бу ҳодисадан бир кун ўтар-ўтмас Петербургда яна бир ўзбекистонлик ўлдирилди.

Петербург Тергов қўмитасининг хабар қилишича, 11 май куни “№36 автотранспорт корхонаси” ОАЖи ҳудудида 37 ёшли Ўзбекистон фуқароси жасади топилган; бу жиноятни содир этганликда айбланиб 54 ёшли ўзбекистонлик Рашид Раҳмонов ҳибсга олинган.

Дастлабки маълумотларга кўра, 10 май куни корхона биноларидан бирида ароқ ичиб ўтирган ўзбек муҳожирлари ўртасида жанжал келиб чиққан.

Маст ҳолатда бўлган айбланувчининг ўз шеригини болта билан бошига бир неча маротаба уриб ўлдиргани тахмин қилинмоқда.

Ушбу қотиллик юзасидан Петербург Тергов қўмитаси Россия Жиноят Кодексининг 105-моддаси 1-банди (қотиллик) юзасидан жиноий иш очди.

Полиция тергов-суриштирув ишларини давом этмоқда. Рашид Раҳмонов суд қарори билан ҳозирда ҳибсда сақлаб турилибди.

14 май куни Озодликка маълум бўлишича¸ 10 май куни яна бир 47 ёшли ўзбекистонлик муҳожир Фарҳод Саитов “Старий Петергоф” темир йўл бекатида поезд остига тушиб ўлган.

Петербург шаҳар ва Ленинград вилояти транспорт полицияси ҳозирда 2011 йилнинг охирларида шаҳарга иш излаб келган Фарҳод Саитовнинг яқинларини изламоқда.

1964 йилнинг 29 май куни туғилгани Саитов вафот этгунга қадар Ленинград вилоятининг Тосно шаҳрида қайдда турган.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:02 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG