Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:41

Ўзбекистон 497 ширкатни сотувга чиқаради


Uzbekistan - "Urtak" confectionary in Tashkent being demolished, courtesy photo of Ilgizar Munosibov, 20Feb2011
Uzbekistan - "Urtak" confectionary in Tashkent being demolished, courtesy photo of Ilgizar Munosibov, 20Feb2011

Ўзбекистон ҳукумати мамлакат инвестицион муҳит имижини ошириш мақсадида, тарихида илк бора нефт, газ, энергетикага соҳаларида ишловчи юзлаб корхонани сотувга чиқарди. Айни пайтда, таҳлилчилар фикрича, хориж сармоядорлари Ўзбекистонда дуч келаётган муаммолар бу уринишларнинг бесамар эканини кўрсатади.

Ўзбекистон келаси икки йил мобайнида давлат тасарруфидаги 497 ширкатни хусусий секторга сотишни режалаган.

Нефт, газ, энергетика, металлургия, қишлоқ хўжалиги, электроника ва фармацевтика саноатига оид корхоналар сотувга чиқарилади.

Бу ҳақда Озодликка билдирган Давлат мулк қўмитаси ҳузуридаги ахборот-консалтинг хизмати раҳбари Улуғбек Толиповга кўра, давлат активларининг бу қадар кўп тарзда бозорга ташланиш режаси илк маротаба бўлмоқда.

- Приватизация бошланган пайтдан бери ўтган 20 йилдан зиëд вақт мобайнида хорижий инвесторларни жалб қилиш бўйича президентимиз қарорига кўра, амалга ошира бошлаганимиз энг катта режа бу.

Толиповга кўра, бу тадбир чет эл сармоядорларини жалб қилиш ва Ўзбекистон технологик потенциалини юксалтириш мақсадида қилинмоқда.

Монополия гирдобига тушиш ҳавфи

Сешанба куни Ўзбекистон Давлат мулк қўмитаси раисининг ўринбосари Сайфиддин Ғаффоров Тошкентда маҳаллий журналистлар олдида чиқиш қилиб, 497 ширкат билан бирга 63та қурилиши тугалланмаган ширкатни “0” қийматда сотилишини билдирди.

Тошкентлик таҳлилчи Малик Абдураззоқов бундай ҳолатда ҳаридорлар диверсификация қилинмаса, миллий манфаатларга зиëн етиб, корхоналар монополистлар қўлига ўтиб кетиши мумкинлигидан хавотир билдирди.

Давлат активларининг кўп миқдорда, имтиëзли тарзда сотувга қўйилиши Ўзбекистонда “ëввойи капитализм” бошланиб, углеводородни қайта ишлаш соҳаси монополист ширкатлар қўлига ўтиб кетади дегани эмас, дейди мулк қўмитаси мулозими Улуғбек Толипов:

- Монополиячилар қўлига бериб қўймаймиз. Сотиб олаëтган одамларни кўриб, ҳаммаси назоратга олиниб қилинади. Ким олаëтганига ҳам қараб, бу одам Ўзбекистонга нима олиб келади, нима беради деган саволларга жавоб топилганидан кейин сотиш масаласи кўрилади. Сотув тендор асосида бизнес режага эга бўлган жиддий ҳаридорлар иштирокида бўлади. Бирданига “мен сотиб олмоқчиман” деб келган одамга бериб қўймаймиз, дейди Толипов.

Халқаро бўҳрон фонидаги тадбир

Ўзбекистон ҳукумати келгуси икки йилга мўлжалланган хусусийлаштириш дастурни бошлаган пайтда дунë иқтисоди чуқур бўҳронни бошдан кечирмоқда, дейди Малик Абдураззоқов.

- Ўзбекистон иҳоталанган бўлса ҳам дунë иқтисодий жараëнлари таъсир қилмасдан қолмайди. Шу маънода Ўзбекистон ҳукумати ўз елкасида юк бўлиб турган ширкатлардан қутулмоқчи.

Суҳбатдошга кўра, Ўзбекистон иқтисодиётига тўғридан-тўғри хорижий сармоялар киритиш 2012 йилнинг биринчи чорагида ўтган йилнинг айни муддатига нисбатан икки бараварга қисқарган. 2011 йил бошидаги уч ойда Ўзбекистонга киритилган сармоя миқдори ярим миллиард долларни ташкил этган. Шу йилнинг дастлабки уч ойида эса чет эл ширкатлари Ўзбекистон иқтисодиётига 215 миллион АҚШ доллари ётқизган.

- Шунинг ўзи Ўзбекистон бўҳрондан ҳимояланмаган деган гапимга мисол, дейди Абдураззоқов.

Сармоядорларга ички таҳдид

Ўзбекистон ҳукумати апрел ойида хорижий сармояни мамлакат иқтисодиётига жалб этиш ниятида кафолат ва имтиёзларни таклиф қилди.

Бу қарорга кўра, 5 миллион доллардан зиёд пул киритган инвестор ўн йил давомида ҳар қандай давлат солиқларидан озод этилади.

Айни пайтда инвесторлар Ўзбекистондаги коррупциядан қўрқишади. Кейинги икки-уч йил ичида хорижлик қатор сармоядорлар Ўзбекистондан чиқариб юборилган эди.

Малик Абдураззоқов назарида Ўзбекистонга сармоя киритиш ниятида бўлганларни коррупция тарзидаги ички омил ҳуркитмоқда.

Қуйида Малик Абдураззоқов билан суҳбатни тинглашингиз мумкин.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:12:24 0:00
Бевосита линк

Ўзбекистонда иш юритган тадбиркорлар Озодлик билан суҳбатда ўзларига тегишли корхоналар тортиб олинганидан шикоят қилишган эди.

Куни кеча тўлалигигча Ҳиндистон сармояси ҳисобидан олти йил аввал иш бошлаган “Spentex Toshkent Toytepa” корхонаси Тошкент вилояти хўжалик суди томонидан банкрот деб эълон қилинди.

Бундан олдин Британиянинг “Oxus Gold”, Туркиянинг “Turkuaz”, Россиянинг “Вимм-Билль-Данн”, АҚШнинг “Newmont Mining” ширкатлари ҳам Ўзбекистонда муаммога дуч келгани боис мамлакатдан чиқиб кетишган эди.
XS
SM
MD
LG